loader
Foto

Муқаддас матнлардан кундалик ҳаётда фойдаланиш жоизми?

Идиш-товоқлардаги дуо ва оятлар

Қуръон матнининг парчаларини идишларга ёзиш ва улардан фойдаланиш жоизлиги ҳақида учта асосий фикр мавжуд. Биринчи фикрга кўра, бунга рухсат берилади, чунки шариатда унга аниқ тақиқ йўқ. «Бақара» сурасида айтиладики:

Китобни ўз қўли билан ёзиб, сўнгра уни озгина баҳога сотиш учун: «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан», дейдиганларга вайл бўлсин! (Бақара сураси, 79)

Бу ерда Аллоҳ Таоло Унинг сўзларини бузиб, ўз сўзларини илоҳий ваҳий сифатида кўрсатишга ҳаракат қилганлар ҳақида гапиради. Тақиқ айнан шундан иборат, ликопча, пиёла, қошиқ ва ҳ.к.ни безаш учун оятлардан фойдаланишга келадиган бўлсак, бу ерда ҳеч қандай ҳаром йўқ. Санъат инсоннинг таълим-тарбиясига ва маданий бойишига ҳисса қўшиб, юксак мақсадларга хизмат қилади, бу эса Ислом қонун-қоидаларига мос келади. Бироқ Аллоҳнинг сўзларини бузиб кўрсатишга йўл қўйиш мумкин эмаслигини унутмаслигимиз керак, чунки битта хато ҳам шунга олиб келиши мумкин, бу эса ҳаром ҳисобланади.

Иккинчи фикрга кўра, бундай идишдан фақат даволаниш (ташафи) учун фойдаланиш мумкин, демак ундан таом емаган ёки ичимлик ичмаган маъқул.

Шу билан бир пайтда, дуо ва оятлар ёзилган идишдан умуман фойдаланиш мақсадга мувофиқ эмас, чунки шу тариқа Аллоҳнинг каломига ҳурматсизлик намойиш этилади, деб ҳисоблайдиган бир гуруҳ олимлар ҳам бор. Ушбу фикрга кўра, агар мусулмон кишининг уйида бундай уй-рўзғор буюмлари бўлса, дуо ва оятларни ўчириб талаш керак, агар бунинг имкони бўлмаса, идишларни шундай жойга кўмиш керакки, у ерга одамлар бормайдиган ва нопокликлар тушмайдиган бўлсин.

Кийимлардаги Қуръон оятлари

Қуръон оятлари ва дуолар битилган кийим кийиш ўз-ўзидан тақиқланган эмас, лекин бундай кийим кийган мўминлар беихтиёр Аллоҳнинг каломига ҳурматсизлик билдириб қўйиши мумкин, шу сабабли кўплаб уламолар бундай амалиёт мақсадга мувофиқ эмас деб айтади. Масалан, оятлар битилган футболкадаги одам ҳожатхонага кириши ёки ўзи билмаган ҳолда уни нопокликлар излари бўлган кир буюмлар орасига ташлаб қўйиши мумкин. Агар сизда бундай кийим бўлса ва сиз ундан бошқа фойдаланиш ниятида бўлмасангиз, яхшиси, уни одамлар бормайдиган ва нопокликлар тушмайдиган жойга кўмган маъқул (баъзи фикрларга кўра ёқиб юборишга ҳам рухсат этилади).

Озиқ-овқат маҳсулотлариаги оятлар ва дуолар

Яқин вақтлардан бошлаб мусулмонлар Қуръондан сўз ва иборалар билан безатилган қандолатчилик маҳсулотларини сотиб олишни таклиф қилишмокда. Ислом илоҳиётчилари бундай амалиётларга шубҳа билан қарайдилар. Агар таом таркибида тақиқланган моддалар (масалан, этил спирти, ром, коньяк) бўлса, уни Қуръон оятлари билан безаш албатта ман этилади. Агар озиқ-овқат маҳсулотлари барча "ҳалол" талабларига тўлиқ жавоб берадиган бўлса, унда бундай ёзувларни таомга битиг мақбул эмас, чунки бу Худонинг каломига ҳурматсизлик деб қаралади. Мўминлар уни ўқишлари ва ёд олишлари керак - Аллоҳнинг китобига бўлган ҳурматни айнан шу намойиш этади.

Деворлардаги Қуръон парчалари

Уйларнинг деворларига оятлар ёзиш ёки Аллоҳнинг каломи бўлган рамкалар осиб қўйиш мумкинми, деган савол борасида турли фикрлар бор. Баъзилар бу амалиётни жоиз, деб ҳисоблайдилар, чунки унга аниқ тақиқ йўқ. Бошқалар эса бундай қилмаган маъқул, деб ҳисоблайди. Биринчидан, кўп одамлар уйларини безатиш учун Қуръон матнларидан фойдаланадилар, бу дизайн элементи эмас, балки одамлар учун дастуриламал сифатида нозил қилинган Муқаддас Китобнинг мақсадига зиддир. Иккинчидан, оятлар битилган рамкалар осиш ширкни тарғиб қилиши мумкин, чунки иймони заиф одамлар бундай расмлар уйларини ҳимоя қилади, деб ҳисоблайдилар, бу эса Ислом қонун-қоидаларига зиддир.

Абу Муслим таржимаси