loader
Foto

«Ислом саккизлиги» ички савдо ҳажмини оширишни умид қилмоқда

Саккизта ривожланаётган ислом мамлакати («Ислом саккизлиги», D-8) иқтисодий ҳамкорлик Ташкилотига аъзо бўлган мамлакатлар имтиёзли савдо воситасида 2030 йил охирига келиб, ички савдо ҳажмини камида 30%га оширишни режалаштирган. Бу ҳақида «Анадолу» агентлигига D-8 бош котиби Датук Джафер Ку-Шаари маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, D8 – бу иқтисодий ҳамкорликка асосланган ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, унинг мақсади иштирокчи мамлакатларнинг жаҳон иқтисодиётидаги ўрнини мустаҳкамлашдан иборат, савдо эса тармоқ ҳамкоригининг энг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.

«D-8 жаҳон савдосида муҳим роль ўйнайди. D-8 иштирокчи-мамлакатларнинг умумий савдо ҳажми катта миқдор - 1,6 триллион долларни ташкил қилади. Бу кўрсаткич умумий жаҳон савдосининг 4,5%ини ташкил қилади. Сўнгги 20 йил ичида D-8 мамлакатлари ўртасида ички савдо 6 баравардан ортиқ ўсди», - деди Шаари.

Унинг сўзларига кўра, XXI асрда D-8 муҳим иқтисодий қудрат марказига айланади.

«D-8 мамлакатлари ўртасида ҳамкорлик савдо муносабатларини ривожлантириш, миллий даражада қарор қабул қилиш, янги имкониятлар яратиш ва мамлакатларимиз аҳолисининг энг яхши турмуш даражасини таъминлаш учун зарур, деб ҳисоблаймиз», - таъкидлади D-8 бош котиби.

Бунда Шаари D-8 мамлакатлари иқтисодиётининг ўсиш суръати юқори эканлигига эътибор қаратди. «Ислом саккизлиги» мамлакатларининг жаҳон иқтисодиётидаги салмоғи сўнгги 20 йил ичида икки баравар ошди, деди бош котиб.

Бош котиб D-8 мамлакатлари аҳолиси умумий сони 1,1 млрд кишини, ЯИМ эса - 3,8 триллион доллар эканлигини қайд этди.

«D-8 – етакчи иқтисодий ташкилот бўлиб, дунё ЯИМнинг 5 оизи унга тўғри келади. Дунё бўйича жами чет эл инвестицияларининг 10 фоизи ушбу ташкилотга аъзо бўлган мамлакатларга тўғри келиши сабабли улар хорижий инвесторларни жалб қиладиган марказ ҳам ҳисобланади. Бундан ташқари, ёш аҳоли ҳам D-8 мамлакатларининг муҳим салоҳияти ҳисобланади. «Ислом саккизлиги»га аъзо мамлакатлар иқтисодиётининг асосини хусусий сектор ташкил қилади. D-8 мамлакатлари туризм соҳасида ҳам улкан салоҳиятга эга – 100 млрд доллардан ортиқ. Шу боисдан бу мамлакатлар яқин келажакда катта истиқболларга эга. 2021 йил эса D-8 ва унинг қатнашчилари учун янги марралар сари бошланғич нуқта бўлади. Ишончимиз комилки, D-8 мамлакатлари ўз иқтисодиётининг ўсиш суръатини тиклайди», - деди Шаари.