loader
Foto

Постмодерн даврида медиа

Медиа макони цивилизациянинг мустақил омили сифатида мавжудлигига кўп бўлгани йўқ. Амалда медианинг тезкор жамоавий онг воситаларидан бири сифатида вужудга келиши катта сиёсатдаги мустақил ўйинчи - Либерал клубнинг тарихий майдонга чиқиши билан боғлиқ. Либерал клуб аввалбошдан у ёки бу даражада қаттиқ иерархиядан холи бўлган ва бевосита ижтимоий муҳитдан моддий ресурслар оладиган одамлар гуруҳи ҳисобланган. Бошқача қилиб айтганда, бу «либерал касб» одамлари (адвокатлар, шифокорлар, профессура) ҳамда унга молиячилар ва турли хил чайқовчи воситалачилар қўшилиб оладиган «богема» вакилларидир. Айнан мана шу жамоа ўзини янги замоннинг сиёсий-мафкуравий омили сифатида билиши профессионал  журналистиканинг пайдо бўлиши учун шароит яратади.

Дастлаб, медиа турли ижтимоий гуруҳлар ва сиёсий йўналишлар учун карнай вазифасини бажарган, чунки «Либераллар» (кенг маънода) дастлаб буржуазия манфаатларига ҳам, анъанавий истеблишментнинг маълум бир қисмига ҳам хизмат қилган. Бундан ташқари, либерал ҳамжамиятнинг сўл қаноти вужудга келди, унинг энг кескин ва таниқли вакили Карл Маркс эди.

XIX асрда ва XX асрнинг катта қисмида матбуот нафақат турли ижтимоий синфлар ва аҳоли гуруҳларининг ўз фикрини ифода этиш канали бўлган, балки амалда либералларга тарихни яратувчи кучлар сифатида иштирок этиб, бу гуруҳларнинг нуқтаи назар ва фикрларини ифодалашга ҳам ёрдам берарди. Шундай қилиб, «пролетариат» номидан коммунистик фикрлар ҳам, майда буржуазия ва ишчилар синфининг миллатчиликка йўналтирилган қисми номидан миллий социалистик фикрлар ҳам худди шу Либерал клубнинг ўта сўл ва ўта ўнг қанотлари томонидан яратилган.

1945 йилдан кейин вазият кескин ўзгарди. Ўтган асрдан буён Жаҳон либерализмининг қароргоҳига айланган АҚШнинг ҳарбий тантаналари, шунингдек, сталинча коммунистик номенклатура бошчилигидаги тоталитар бюрократик режимларнинг «темир парда» ортидаги изоляцияси шунга олиб келадики, жаҳон медиаси бозор иқтисодиётининг геосиёсий маконидаги «индамас кўпчилик» устидан Либерал клуб назоратини таъминлай бошлайди.

Ғарб конституциялари томонидан кафолатланган эркинликлар туфайли муқобил матбуот ҳам мавжуд, аммо у советлар тарафдори ёки – кичикроқ кўламда – неонацистлар йўналиши бўйича мафкуравий геттога тушади. ХХ аср охирига келиб, медиа амалда Ғарб инсониятининг ягона оммавий онгини шакллантирувчи асосий ва номутаносиб тузилмага айланган эди.

Медиа ва таълим

Ривожланишининг илк босқичларида профессионал журналистика синфи ҳар бир мамлакатда устун бўлган маданий анъаналарга муайян қўшимча шартлар билан боғлиқ эди. Бу оммавий ахборот воситалари миллий академиялар ҳомийлигида мавжуд бўлган ўрта ва олий мактаблар томонидан белгиланган доирадан ташқарига чиқмаслигини англатарди.

Таълим стандартлари илмий ҳамжамият билан белгилаб бериларди, академизмнинг таянч элементи гуманитар фанлар эди. Фалсафа, мантиқ ва тарих «юксак маъно» муаммолари билан шуғулланиб, фикрлаш услубиятини чархларди, бу эса ўз навбатида, табиатшуносликда кескин ривожланишга имкон берарди. Бу даврда илмий жамоатчилик ҳали ҳам «традиционистлар клуби» — ижтимоий иерархиянинг энг юқори қатламлари ҳамда диний муассаса билан чамбарчас боғлиқ эди. Айнан шу сабабли файласуфлар илмий дунёда ҳал қилувчи роль ўйнаган. XIX асрнинг охирига келиб вазият ўзгариб кетди: сўл либерализм (марксизм) гуманитар фанларни инқилоб қилиб, классик табиатшуносликнинг ақидалари қулади…

Илмий ҳамжамият Уйғониш мероси билан алоқаларни узиб, либерал клубга қўшилади. Шу пайтдан бошлаб дастлаб у қадар кўзга ташланмаган миллий таълим тизимлари таназзули бошланади.

Аста-секинлик билан журналистлар ҳамжамияти академик тан олинган дунё тасвири учун камроқ жавобгарлик ҳис қила бошлайди, якуний ҳисобда фактология билан боғлиқ равишда юзага келиш заруратидан халос бўлади. Миш-мишлар ва уйдирмалар ахборот каналлари қуролига айлана бошлайди.

Бугунги кунга келиб, медиа оркали ўтадиган ахборот оқими даражаси ва сифатини таълим тизими белгилаб бермайди, аксинча: либерал ҳамжамиятга кирадиган журналистларнинг "ижоди" билан яратилган дунё тасвири таълим дастурлари, ўқитувчилар мафкурасига таъсир қила бошлайди, натижада медиа бутун таълим блокига таъсир қилувчи кучли воситага айланади. (Бу жараён АҚШда энг аниқ ва тўлиқ намоён бўлди.)

Агар янги туғилган инсон «тоза тахта» каби ўқитувчилар корпуси томонидан жамиятга киришнинг биринчи қадамларидан амалга ошириладиган интеллектуал «белги»га деярли тўлалигича боғлиқ эканлигини ҳисобга олсак, ғарбий дунё бўйлаб академик билимлар жадал инқирози, унинг кўпайтириш ва узатиш асосий каналлари барбд бўлиши ажабланарли эмас. Миллий даражадаги ментал майдоннинг шаклланиши либерал жамиятнинг энг жоҳил ва "тизимсиз" қисми: журналистлар қўлига тушиб қолди.

Медиа ичидаги тенденциялар

Ғарб медиа воситаларининг энг нуфузли қисми бугунги кунда марказ ҳамда сиёсий партиялар ва бюрократик аппарат билан чамбарчас боғлиқ бўлган Либерал клубнинг мўътадил ўнг сегменти қўлида қолмоқда. Бу ахборот ресурсининг асосий блоки бутун жамият фикри сифатида кўрсатиладиган ва норматив тамаддун кўрсатмалари саналган энг ҳаётий аҳамиятга молик сиёсий масалалар бўйича бир хил позиция шакллантириш вазифасини қўяди. Бу, энг аввало, ҳукмрон элиталарнинг қонунийлик, демократия институтларининг амалий натижа бериши, инсон ҳуқуқлари, миллий-озодлик ҳаракатлари, сайёрамизнинг турли минтақаларида уруш ва тинчлик, терроризм ва ҳ.к. муаммоларга тегишли. Объектив равишда, дунё либерализми ички америка ҳукумат структураларининг сиёсий конъюнктураси билан белгиланиши сабабли ғарб медиа воситалари цивилизация кўрсатмаари ниқоби остида биринчи галда АҚШнинг ўзида энг кучли таъсир гуруҳлари позициясини тарқатади.

(Бунда шуни қўшиш керакки, Зодагонлар авлоди ва "черков князлари" вакилларини ўз ичига олган «традиционистлар клуби»  аслида медиа маконидан узиб қўйилган. Ахборот соҳасига унинг алоҳида чиқиши қўшимча изоҳлар ва шартлар орқали либераллар назорати остида амалга оширилади).

Охирги пайтларда либерал клуб доирасида у ёки бу даражада «тасодифий» бойваччалар ва янги бойлардан иборат бўлган халқаро медиамагнатлар гуруҳи тобора фаол ҳаракат қилмоқда. Етарли даражада машҳур телеканаллар билан бирга анъанавий брендларга эга бўлган «қоғоз» нашрларни сотиб олиш улар учун одатий сиёсат бўлиб чиқади. Тўғридан-тўғри таъсир режимида томошабинлар онгига таъсир қиладиган телевизион технологиялар билан ўқимишлироқ қатламлари учун мўлжалланган журнал ва газета аналитикаси уйғунлиги махсус таъсир юзага келтирадики, бунда воқеалар талқин оқилона, изоҳ берувчи қисми жамоавий ғайришуурий қисмни эмоционал дастурлаш билан мос келади.

Жанжаллар қурол сифатида

Бу медиамагнатларнинг кўпчилиги катта бизнес оламида қонунийлик даражаси шубҳали бўлган ахлоқий қаҳрамонлар ҳисобланади. Эҳтимол, шу сабабдан улар асосий эътиборни «сариқ» матбуот деб аталадиган медиа сегментга қаратадилар.

Сўнгги пайтларда миш-мишлар, жанжаллар ва ёлғон хабарлар тарқатишга ихтисослашган нашрларнинг жамоатчилик роли кескин ўсди. Таблоидлар «индамас кўпчилик»нинг маълум қисмини аҳмоқ қилишда ортиб борувчи рол ўйнай бошладилар. Қоидага кўра, «сариқ» матбуот ўз ўқувчиларига ўнг қанот миллатчилик руҳида муносабатда бўлиб, диний ва этник низоларнинг яхши тушунилган йўналишларида норозилик ва ижтимоий мағлубият туйғуларига эътибор қаратади.

(Кейин қоидага кўра, махфий хизматлар томонидан назорат қилинадиган турли ҳаракатлар ва гуруҳларнинг махсус маргинал нашрлари муайян вазифаларни шакллантира бошлайдилар)

Бошқача қилиб айтганда, «олигархлар» либерал клубнинг ўзига хос жанжалкаш синфи сифатида катта сиёсатда ўнг популизм майдончасида иштирок этиш учун курашади.

Бу бир ярим аср давомида барча модификациялардаги марксизм унинг ўзаги бўлган сўл либерал дискурснинг қулаши фонида содир бўлади. Бугунги кунда либерализм жуда кўп маргинал ва аҳамиятсиз йўналишларга бўлиниб, умумий тавсифи дунёқараш инфантиллиги ва тизимсизлиги бўлган глобаллашувга қарши ҳамжамиятга айланди.

Яқин келажак

«Традиционистлар клуби»нинг пассив бўлиб кўриниши кўп жиҳатдан «эски элиталар»нинг либераллар бошига тушадиган инқироз муқаррарлигига ишончи комиллиги билан изоҳанлади.

Бу инқирознинг аломатлари АҚШ бутун дунё учун айланиб бўлган геосиёсий муаммолар тимсолида намоён бўлади. Бу муаммо ҳамма учун яққол кўриниб турган ҳарбий, шунингдек, маданий ва тамаддун мезонларига эгадир. Америка лойиҳаси инсониятга бутун тарихи давомида одамларнинг яшаши учун куч бахшида қилиб келган классик мазмунга оид йўналишлар мавжуд бўлмаган «ўзгартирилган онг» истиқболларини беради. Биринчидан, америка лойиҳасида Воқеанинг ўзи йўқ - концепция сифатида ҳам, қиймат сифатида ҳам, ҳар бир киши учун алоҳида очиқ бўлиши керак бўлган бевосита тажриба сифатида ҳам.

Дунёга "Америка таҳдиди" драмаси замонавий медиа муаммосида кўзгудагидай акс этади: улар бутун инсоният учун маънавий таҳдидга айланди - сайёрадаги барча одамларнинг руҳий уйғунлиги ва руҳий саломатлигига қарши чиқди. Агар кимдир буни сезмаётган бўлса, бу аллақачон ўзгарган онгнинг мавжудлиги ҳақидаги ташвишли аломатдир. Янги одам учун медиа майдони билан учрашув ҳар доим қаттиқ зарба бўлиб чиқади.

Ахборот жамияти медиани замонавий шаклда "ўлдириш" эҳтимоли бор. Ўйинлар-муаммолар атрофида интерактив конференциялар ва интернет-телевидение дунёсида янгиликлар блоклари ва таҳлилий мақолалар билан эскича классик аҳмоқ қилиш учун жой йўқ бўлади. Бироқ, замонавий инсоният учун маънавий хавф-хатарлар зарарсизлантирилмайди, улар бошқа, эҳтимол, олдиндан айтиб бериш қийинроқ бўлган соҳага ўтади.

Ҳайдар Жамол

Абу Муслим таржимаси