loader
Foto

Ислом динида партия тузиш, гуруҳларга бўлиниш

Жавоб (Усмонхон Алимов): Киши Аллоҳ таолога ва Унинг расулига имон келтириши билан мусулмон бўлади. Бунинг учун у қандайдир “исломий” деб даъво қилинаётган, аслида эса дин ниқоби ости-да бузғунчиликка чақирувчи гуруҳ ёки партияга аъзо бўлиши, унинг йўлида қасам ичиши шарт эмас.

Ҳозир ана шундай гуруҳлардан бири бўлмиш «Ҳизбут таҳрир» аъзолари фирқаларини: «Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар ишларини олиб борадиган (бир) уммат бўлсин! Айнан улар, (охиратда) нажот топувчилардир» (Оли Имрон, 104) деган оятга биноан ташкил этдик, деб даъво қилишади. Оятнинг тафсирида эса уларнинг иддаоларига ҳеч қандай далил-исбот йўқ.

Бундан ташқари, улар юқоридаги оят талабига кўра, сиёсий ҳизб (партия)ларни ташкил этиш мусулмонлар зиммасидаги фарзи кифоядир, дейишади. Ушбу оятдан асло сиёсий ҳизблар тузиш керак деган фикр чиқмайди. Чунки Аллоҳ таоло фирқаларга бўлинмаслик ҳақида бундай қаттиқ огоҳлантиради:

«Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони” (Қуръони)-ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг!» (Оли Имрон, 103).

Оят мазмунига кўра, Исломда гуруҳлар, ҳизблар (партия) тузиш шариатга зид ишдир.

"Сўраган эдингиз"  китобидан