Агар осмон булутли бўлса, Шаъбон ойи ўттиз кун саналиб, эртасига Рамазон рўзаси тутилади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: “Янги ойни кўриб рўза тутинглар ва янги ойни кўриб оғиз очинглар (яъни янги ойнинг кўринишига қараб, Рамазон ойи рўзасини тутинглар ва унга қараб Рамазон ойи рўзасини якунланглар). Агар устингизни булутлар қоплаб олса, Шаъбонни ўпгтиз кун қилинглар, сўнг рўза тутинглар” (Термизий ривояти, 682-ҳадис. Бу саҳиҳ ҳадис). Шунингдек, Шаввол ойининг ҳилоли булутли кунда кўринмаса, Рамазон ойини ҳам ўттиз кун санаш лозим.
Агар осмон булутсиз бўлса, янги ойнинг чиққани жамоат томонидан тасдиқланиши лозим. Бундай ҳолатда бир кишининг гувоҳлиги инобат-га олинмайди. Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ жамоатни эллик киши деб изоҳлаган. Халаф ибн Айюб раҳматуллоҳи алайҳ эса, Балх шаҳрининг беш юз кишилик аҳолисини оз санаган.
Агар осмон булутли бўлса, мусулмон, оқил, болиғ ва одил бир кишининг гувоҳлиги ҳам қабул қилинади. Бу борада ҳанафий олимлари ихтилоф қилишмаган. Демак, бундай ҳолатда бир киши - хоҳ у ҳур бўлсин ёки қул, хоҳ эркак бўлсин ёки аёл - гувоҳлиги қабул қилинади. Бунга Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис далил бўлади: “Бир аъробий Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб: “Мен янги ойни кўрдим ”, деди. Расулуллоҳ: “Аллоҳдан ўзга ҳеч бир илоҳ йўҳлигига ва Муҳаммад Унинг расули эканига гувоҳлик берасанми?”, деб сўрадилар. У: “Ҳа”, деди. Шунда Расулуллоҳ: “Эй Билол! Тур, одамларга эълон қил. Эртадан рўза тутсинлар”, дедилар” (Термизий ривояти, 686-хадис; Абу Довуд ривояти, 2340-хадис).
Бу ҳадисда Ислом динининг улуғ ибодатларидан бири - рўза бир кишининг хабарига кўра собит бўлиши ҳақида сўз бормоқда. Дарҳақиқат, Ислом дини оқил, адолатли ва ўзининг шахсий манфаатини устун қўймайдиган ҳар бир инсон фикрини ҳурмат қилади, унга ишонади ва сўзини инобатга олади. Мазкур ҳадисда илмсиз аъробийнинг сўзи қабул қилиниши ва унинг сўзи орқали буюк исломий ибодатнинг жорий бўлиши бунга яққол мисол бўла олади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳадис орқали инсониятни бадгумонлик ва шубҳаланиш иллат-ларидан муолажа этмоқдалар.
Шунингдек, бу борада бошқа ҳадислар ҳам мавжуд: “Ой йигирма тўққиз тундир. Ойни кўрмасдан рўза тутманглар. Агар осмон булутли бўлса, (Шаъбон)ни ўттиз кун қилинглар” (Бухорий ривояти, 1808-хадис).
Агар шаҳарликлар янги ойни кўришмаса, Шаъбон ойини ўттиз кун қилиб, эртасига Рамазон рўзасини тутишади. Агар Рамазоннинг йигирма тўққизинчи куни кечаси Шавволнинг янги ойи кўринса, рўзани тўхтатишади ва йигирма тўққиз кун рўза тутишган ҳисобланади. Уларнинг орасида шак куни Рамазон рўзасини ният қилиб рўза тутган бир киши бўлса, у ўттиз кун рўза тутган ҳисобланади. Лекин шаҳарликлар тўғри ва савобли иш қилган, мазкур киши эса хато ва гуноҳ иш қилган саналади. Чунки шаҳарликлар “Янги ойни кўриб рўза тутпинглар ва янги ойни кўриб оғиз очинглар (яъни, янги ойнинг кўринишига қараб, Рамазон ойи рўзасини тутинглар ва унга қараб Рамазон ойи рўзасини якунланглар). Агар осмонни булут қоплаб олса, Шаъбонни ўттиз кун қилинглар, сўнг рўза тутинглар” (Бухорий ривояти, 1909-ҳадис; Муслим ривояти, 19/1081-ҳадис) ҳадисига амал қилишди, у киши эса суннатга хилоф йўл тутди. Бундай ҳолатда шаҳарликлар қазо қилишмайди. Чунки ой бир сафар ўттиз кун бўлса, бошқа сафар йигирма тўққиз кун бўлади. Анас розияллоҳу анҳу шундай деган: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида кўпинча ўттиз кун эмас, балки йигирма тўққиз кун рўза тутганмиз”.
Бир-бирига яқин шаҳарлар Рамазонни бир вақтда бошлаб, бир вақтда тугатишлари лозим. Аммо узоқ ўлка ва юртларда эса, Рамазоннинг бошланиши ва тугаши бир-биридан фарқ қилиши мумкин. Абу Абдуллоҳ ибн Абу Мусо аз-Зарир раҳматуллоҳи алайҳга бир киши қуйидагича савол билан мурожаат қилади: “Искандария аҳолиси қуёш ботгандан сўнг рўзаларини очишса, сўнг бир неча вақт ўтгач, бир киши Искандария минорасига чиқиб, қуёшнинг ҳали ботмаганини кўрса, бунинг ҳукми нима бўлади?” Абу Абдуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ шундай жавоб беради: “Шаҳар аҳолиси учун рўза дуруст бўлади, улар рўзасини қазо қилмайди. Лекин қуёш ботмаганини кўрган одамга рўзани очиши мумкин бўлмайди. Чунки қуёшнинг ботиши унинг чиқиши каби турлича бўлади. Ҳар бир жойнинг ўз ботиш вақти эътиборга олинади”. Агар бир шаҳар аҳолиси йигирма тўққиз кун рўза тутган бўлса ва уларнинг орасида рўза тута олмаган беморлар ҳам мавжуд бўлса ҳамда мазкур беморлар бундан хабардор бўлсалар, йигирма тўққиз кунлик рўзани қазо қиладилар. Агар шаҳар аҳолиси неча кун рўза тутганидан хабарлари бўлмаса, ўттиз кунлик рўзани қазо қилишади (Алоуддин ал-Косоний. Бадоиъ ас-саноиъ. Ж.2.). Телескоплар орқали янги ойни аниқлаш шаръан ман қилинмаган. Лекин ҳадисларда янги ойни оддий кўз билан кўриш назарда тутилган. Демак, Рамазоннинг бошланиши ҳилол кўриниши билан аниқланади.
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай ҳадис ривоят қилинган: “Рўза рўза тутган кунингиздир. Фитр (Рўза ҳайити) оғиз очган кунингиздир ва қурбонлик курбонлик цилган кунингиздир”. Бу ҳадиснинг маъноси шуки, рўзанинг бошланиши ва рўза ҳайити жамоат ва кўпчилик билан амалга оширилади. Бу ишларда ёлғиз одамларнинг сўзлари инобатга олинмайди. Балки ҳар бир инсон жамоатга ва раҳбарга бўйсунган ҳолда рўзани бошлаши ва тугатиши лозим. “Мен кеча ойни кўрдим, бугун мен учун ҳайит, рўза тутмайман”, деган даъволар билан жамоатдан ажралиш шаръан ножоиздир.
Агар Рамазон рўзасига тааллуқли мазкур ҳукм ва масалалар халқ орасида яхши тарғиб қилинса, кўплаб ихтилоф ва келишмовчиликлар олди олинади. Хусусан, ҳар бир давлатда мусулмонлар бўйсунадиган мустақил марказ ташкил қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳамма мусулмонлар шу марказнинг қарорига асосан Рамазон рўзасига оид аҳкомларни оғишмасдан бажарган бўлар эдилар (Яъни, бу марказ ҳар бир ўлканинг географик жойлашувидан келиб чиққан ҳолда фатво чиқариши лозим. Чунки ойнинг кўриниш нуқталари ҳамма давлатларда турлича бўлади.). Агар бирор шаҳарда ойни кўриш имкони бўлмаса, шу шаҳарга яқинроқ бўлган бошқа шаҳарнинг одатига амал қилиш лозим. Чунки бу имкониятнинг энг охирги чегарасидир. Аллоҳ таоло имкониятдан ташқари нарсага буюрмас!
Ойни кўриш масаласи олимлар орасида қадимдан ихтилофли масала сифатида машҳур бўлиб келган. Шундай бўлса-да, айрим жиҳатларга эътибор қаратиш фойдадан холи бўлмайди:
Биринчидан, барча мусулмонлар ибодатда ва муомалада Аллоҳга тақво қилишлари, ўта мутаассиблик қилмасдан ота-боболари эргашиб келган мазҳаб доирасида амал қилишлари ва шу мазҳаб қарорларига итоат этишлари лозим бўлади.
Иккинчидан, шуни ёдда сақламоқ лозимки, ойни кўриш масаласи ижтиҳодий масала бўлиб, бу борада кенг йўл очиб берилган. Шу боис ҳар тараф ўзининг далилини маъқуллаб, орада адоват ва жанжал келиб чиқишига сабабчи бўлмаслик даркор.
Афсуслар бўлсинки, гоҳо ойни кўриш масаласи гуруҳлар ва шахслар ўртасида мутаассиблик урчишига хизмат қилмоқда. Ҳар бир тараф ўз сўзини маъқуллаб, унга шаръий “либос” кийдириб, ўз манфаатини омма манфаатидан устун қўйиш ҳоллари кузатилмоқда. Аллоҳдан бизни динда фақиҳ қилишини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишга ва мусулмонларни бирлаштиришга рағбатли қилишини сўраймиз!
Меҳрибон муаллимимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонни шундай кутиб олар эдилар!
Эй Аллоҳнинг ҳузурида ажр ва жаннатни излаган инсон! Сиз ҳам шундай қиляпсизми?! Рамазон бу уммат учун ғаниматли меҳмондир. Рамазон ғофилларни уйғотади, зокирларга мадад беради, олимларга қувват бағишлайди, ибодатга рағбатни оширади, гуноҳ ва хатолардан сақлайди, шаҳват ва лаззатлардан узоқлаштиради. Натижада масжидлар тўлиб,қалблар сахийлашади, ибодатлар кўпаяди, шайтонлар заифлашади. Шундай экан, бу ой катта ва қизғин тайёргарлик билан кутиб олинишга лойиқ эмасми?! Сиз ҳам нафсингизни жиловлаб, бу ойнинг ҳар он ва лаҳзаларини ғанимат билиб, барча гуноҳлардан тавбаи насуҳ қилиш орқали нафсни кирлардан поклашни истамайсизми?! Бу ойда диний билимларингизни ошириб олишга ҳаракат қилмайсизми?! Рамазон ойининг ҳар лаҳзасидан унумли фойдаланиш мақсадида ўзингиз учун бир ойлик пухта режа тузиб олишни хоҳламайсизми?!
Аллоҳим! Эй сахийларнинг Сахийси! Бизни яхшиликларга муваффақ айла! Ўзингга итоат қилишда ва Сенинг ғазабингни келтирадиган ишлардан узоқлашишда бизга кўмак бергин!
Файсал ибн Али Баъдонийнинг
"Расулуллоҳ алайҳиссалом Рамазонда" китобидан