“...Парвардигорларининг фазли ва розилигини топиш нияти билан Байтул Ҳаром (Каъба)га борувчиларни (уларга қаршилик қилишни) ҳалол деб ҳисобламанг!”(Моида сураси, 2)
“Мен сизлардан бу (даъватим) учун мукофот сўрамайман. Менинг мукофотим фақат оламларнинг Парвардигори зиммасидадир”(Шуаро сураси, 109).
“Айтинг: “Мен сизлардан (пайғамбарлигим учун) ажр (ҳақ) сўрамасман. Бас, у сизларга бўлақолсин. Менинг ажрим фақат Аллоҳнинг зиммасидадир”(Сабаъ сураси, 47).
“Унинг (сарф қилувчининг) ҳузурида (зиммасида) бирор кимсага қайтариладиган неъмат йўқдир”(Лайл сураси, 19).
“(Улар айтурлар): “Бизлар сизларни фақат Аллоҳ “юзи” учун таомлантирурмиз. Сизлардан (бу иш учун) бирон мукофот ва миннатдорлик кутмасмиз”(Инсон сураси, 9).
Ёлғиз Аллоҳ учун амал қилинг, ҳамма неъматлар ва мукофотларни Унинг Ўзи беради. Ҳисоб-китоб қилиб жазо берувчи ҳам У Зотнинг Ўзидир.
Кандаҳорда қатл қилинган шаҳидлар ҳақида саҳобалардан Умар (розияллоҳу анҳу): “Улар кимлар?” деб сўраганларида бир қанча номлар айтилиб “Ва бошқа сиз танимайдиган кишилар”, дейилди. Шунда ҳазрати Умарнинг кўзлари ёшланди ва: “Лекин Аллоҳ уларни танийди!” дедилар.
Солиҳ кишилардан бири кўзи ожиз одамга энг зўр ҳисобланмиш фолавзаж таомини берганида, унинг оиласидагилар: “Бу кўр нима еганини ҳам билмайди”, дейишди. Шунда у: “Лекин Аллоҳ билади”, деди.
Модам Аллоҳ таоло устингизда хабардор бўлиб, яхшиликларингизни билиб турар экан, одамлардан раҳмат кутиб ўтирманг.
ДАШНОМ ВА МАЛОМАТЛАРГА ЭЪТИБОР БЕРМАНГ
“Улар сизларга (бир оз) озор беришдан бошқа зарар етказа олмайдилар...” (Оли Имрон сураси, 111)
“.. .Уларга (яъни, мушрикларнинг қилмишлари сабабли) ўкинманг! Уларнинг макр қилишларидан сиқилманг ҳам!”(Нахл сураси, 127)
“Сиз кофирлар ва мунофиқларга бўйинсунманг ва уларнинг озор-азиятларига парво қилманг ҳамда Аллоҳга таваккул қилинг! Аллоҳнинг Ўзи етарли Вакил — Ҳомийдир”(Аҳзоб сураси, 48-оят).
“...Бас, Аллоҳ (Мусони) улар айтган нарса (айблар)дан оқлади...”(Аҳзоб сураси, 69)
Ҳасан ҳадисда ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Менга асҳобларим ҳақида ёмонлик етказманглар. Чунки мен сизларнинг олдингизга соғлом қалб билан чиқишни истайман”.
ҚЎЛИНГИЗ КАЛТА ЭКАНИДАН ҒАМ ЧЕКМАНГ, ЧУНКИ ФАҚИРЛИКДА САЛОМАТЛИК БОРДИР
Инсон жисмонан ҳузур-ҳаловатга эришгани сари руҳияти хасталашиб боради. Жисмоний қийинчилик, меҳнат ва машаққатда эса саломатлик бордир. Дунёга муккасидан кетмаслик Аллоҳ таоло Ўзи истаган бандаларигагина берадиган роҳатдир: “Албатта, Биз Ўзимиз бу Ерни ва ундаги бор жонзотни мерос қилиб олурмиз ва фақат Бизгагина қайтарилурлар”(Марям сураси, 40).
Дунё эътиқодида мустаҳкам, даъватларида содиқ, зиммасидаги вазифаларининг уддасидан чиқувчи кишиларни азиз қилади.
ҲАСАДЧИ ВА ҲАҚСИЗ КИМСАЛАРНИНГ ТАНҚИДЛАРИДАН РАНЖИМАНГ
Ҳасадчиларнинг ҳасад ва танқидларига сабр қилсангиз, ажр ва мукофотга эришасиз. Қолаверса, уларнинг танқидлари сизнинг қийматингизни оширади. Зеро қадрсиз одамга ҳеч ким ҳасад қилмайди.
Ҳазрати Мусо (алайҳиссалом) одамлар мени ёмонлашдан тилларини тийсинлар деб Парвардигорга илтижо қилганларида Аллоҳ таоло бундай деди: “Эй Мусо, сен сўраган нарсани ҳатто Мен Ўзим учун ҳам қилмаганман. Улар Мени сўкиб, ҳақорат қилсалар ҳам, уларни йўқ қилмайман, ризқларини ҳам беравераман”.
Саҳиҳ ҳадислардан бирида Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таоло деди: Одам болалари Мени сўкиб ҳақоратлар қилдилар. Ваҳоланки, уларнинг бунга ҳаклари йўқ эди. Мени сўкиб маломат қилишларига келсак, улар замонни сўкадилар, замон эса Мен-ман. Кеча-кундузни ўзим истагандек айлантириб тураман. Мени ҳақорат қилганларига келсак, улар Аллоҳнинг хотини ва боласи бор, дерлар. Мен эса хотин ва боладан покман”.
Зеро, сиз одамларнинг тилларини тия олмайсиз, обрўйингизни тўкишларидан қайтариш қўлингиздан келмайди. Аммо сизда уларга яхшилик қилиш, уларнинг сўзларидан ва танқидларидан юз ўгириш имконияти бор.
Ғарб адибларидан бири бундай деган эди: “Сиз тўғри ишни қилинг-да, сўнгра ҳар қандай пасткаш танқиддан юз ўгиринг”.
Паст ва арзимас одамлар ақлли ва зиёлилардан айб излашади.
Кўпинча давлатманд одам изтиробда яшайди. Агар уларнинг насибалари камайса, қон босимлари ошади. Аксинча, насибалари кўпайса, қон босимлари жойига келади.
“(Кишилар ортидан) ғийбат қилувчи, (олдида) масхара қилувчи ҳар бир кимсанинг ҳолига вой! У мол-дунёни йиғиб уни санагани-санаган ва моли (бойлиги) уни абадий қолдиради деб ўйлайдиган кимсадир. Йўқ! Қасамки, албатта, у “Хутома”га ташланур!”(Ҳумаза сураси, 1-4)
Сизни ранжитадиган сўз, мақола ёки шеърга жавоб қилманг! Чунки танқидни кўтара олиш айбларни яширишдир, ҳалимлик - азизлик, сукут - душманларни енгиш, кечириш - савоб ва шарафдир. Сиз ҳақингиздаги танқидни ўқиганларнинг ярми уни унутдилар. Қолган ярми уни ўқигани ҳам йўқ. Бошқалар эса сиз ёзадиган раддиянинг сабабини ҳам, масала нима ҳақида эканини ҳам билмайди. Шундай экан, раддия бериш билан ўзингиз уни қўзғаб, чуқурлаштиришнинг нима фойдаси бор?
Ҳукамолардан бири бундай деган эди: “Одамлар ўзларининг бир бурда нонларини излаш билан шу қадар машғул, дунёда сиз билан биз борлигимизни ҳам унутганлар. Ҳеч шак-шубҳасиз, улар ташналикларини қондириш учун бир қултум сув топиш билан овора бўлиб, сиз билан бизни дунёдан ўтиб кетганимизни ҳам билмай қолаверадилар”.
Арпа унидан ёпилган нони ва хотиржамлиги бор уй турли-туман ноз-неъматларга билан тўла, лекин ҳаловатсиз, саранжомсиз уйдан яхшироқдир.
Қайғурманг! Касал тузалади, мусибат арийди, гуноҳ кечирилади, қарз тўланади, маҳбус озод бўлади, келажак келади, осий тавба қилади, фақир бой бўлади.
Қайғурманг! Ахир қора булут қандай тарқалганини, қоронғу тун ниҳоясига етганини, кучли шамол қандай тин олганини, бўрон қандай тўхтаганини кўрмадингизми? Оғир кунларнинг ортида фаровонлик, кенглик ва яхши ҳаёт бор.
Қайғурманг! Чунки қуюқ соя қуёш алангасини ўчиради. Тоза сув иссиқдаги ташналикни қондиради. Иссиқ нон қаттиқ очликни тўйдиради. Бедор ҳолда изтироб чекиш ортидан лаззатли ором келади. Дард-аламларни соғлик лаззати аритади. Бунинг учун сиз бир оз сабр қилишингиз ва бир лаҳза кутишингиз зарур, холос.
Қайғурманг! Буюк қудрат нуфузи, қазонинг воқеъ бўлиш ва қадарнинг узил-кесиллиги олди-да табиблар ҳайрон, ҳакимлар ва уламолар ожиз, ҳийлалар мағлубдир.
"Ўкинма" китобидан
Доктор Оиз Қарний