loader
Foto

Алам неъмати

Албатта жўшқин дуо алам билан бирга келади, сидқидилдан айтилган тасбеҳ алам ёнида келади, толиби илмга таҳсил вақтида етган озорлар, талаби илм машаққатларини кўтаришлиги унинг билимдон олим бўлишлигида ўз самарасини беради. Чунки у илм бошида куйиб, унинг ниҳоясида ёришади.

Шоир ўзининг айтмоқчи бўлган гапларини ифода қилиш вақтидаги қийналиши мақтовга лойиқ таъсирли бўлган адабиётни натижа қилиб беради, чунки унинг қалби, асаблари олов бўлиб ёнди ва шунинг натижасида туйғуларни титратди, дилларни жунбушга келтирди.

Агар толиби илм роҳат-фароғатда яшаб, танглик азобини, алам доғини тотмас экан у дангаса, сўлғин ва мадорсиз бўлади.

Агар шоир аччиқ алам тотмас экан, ғусса чекмас экан унинг қасидалари сифатсиз гаплар, кўпик сўзлар уюмига айланади. Чунки унинг шеърлари дилидан эмас тилидан чиқди, сўзларни талаффуз қилар экан, қалби у билан бирга яшамади.

Рисолат тонгида, ислом давлатида, пайғамбарлик бошида яшаган мўминларнинг иймонлари буюк, қалблари пок, лаҳжаси соф, илми дарё бўлган зотлардир. Улар очлик, фақирлик, хайдалиш, озор, қувғин ва сургун аламларида, дўстлардан, кўнгил яқинлардан ажралиш озорларида, жароҳат, зулм азобларида яшадилар, улар ҳақиқий соф, танланган, поклик белгиси, улуғлик нишонаси, фидокорлик рамзи бўлган инсонлардир. «Зеро, Аллоҳ Йўлида уларга бирон ташналик, машаққат, очлик етса ва кофирларни ғазаблантирадиган бирон қадам боссалар, душманга бирон зарар етказсалар, албатта улар учун бу ишлари сабабли, яхши амал ёзилур. Зотан, Аллоҳ яхшилик қилгувчиларнинг амалларини зое қилмас». (Тавба сураси, 120-оят).

Бас, аламдан жазавага тушмагин, машаққатдан қўрқма, чунки баъзан улар сенга қувват ва матонат бўлади. Чунки сен қалбинг порлаб, ғам-андуҳдан йироқ бўлиб яшамоқлигинг туйғуларинг кучсиз-маъносиз, ғайратинг сўнган ҳолда яшашликдан яхшироқдир. «Агар улар чиқишни истаганларида, унинг учун тайёргарлик кўриб қўйган бўлур эдилар. Лекин Аллоҳ чиқишларини истамай, уларни дангаса қилиб қўйди ва уларга (ўзларидан бўлган кимсалар тарафидан): «Қолганлар (яъни, аёллар, ёш болалар ва ожиз-нотовон кишилар) билан бирга ўтираверинглар»,- дейилди». (Тавба сураси, 46-оят).

Ёниб сўзлаётган воъизнинг сўзлари қалб тубига етиб боради, руҳ қаърига шўнғийди, чунки у алам билан яшади. «…Бас, У Зот уларнинг дилларидаги нарса (садоқат ва вафо)ни билиб, уларга сакинат-ором туширди ва уларни (Хайбар жангида эришиладиган) яқин ғалаба ва ўзлари(гина) оладиган кўпдан-кўп ўлжалар билан мукофотлади». (Фатҳ сураси, 18-19-оятлар).

Мен кўп шоирларнинг девонларини ўқидим, аммо уларда на бир ҳаёт ва на бир руҳни кўрдим, чунки улар ўз сўзларини машаққат чекмай айтдилар, сўзларни қийналмай тартибга солдилар ва бу сўзлар худди қор парчаси, тупроқ уюмига ўхшаб қолди.

Кўп асарларни эшитгувчини бир тукини ҳам титрата олмаслигини, қалбини ларзага келтиролмаслигини кўрдим, бунга сабаб улар ўз сўзларини шиддат, изтироб, алам ва қийинчиликсиз айтганликларидир: «…Улар оғизларида кўнгилларида бўлмаган нарсаларни гапирмоқдалар…». (Ол-и-Имрон сураси, 167-оят).

Агар сўзларинг бошқаларга таъсирли бўлишини истасанг, аввал унинг чўғида ўзинг ёниб кўр, таъсирланиб кўр. «…Энди қачонки Биз унинг устидан сув-ёмғир ёғдирсак у ҳаракатга келиб кўпчир ва турли-туман гўзал (наботот) жуфтларини ундирур». (Ҳаж сураси, 5-оят).

Оиз ал-Қарний

Арабчадан Заҳириддин МАНСУР

таржимаси