loader
Foto

"Орамизда яна қанчамиз ўлиши керак?"

"Бишкек, Қирғизистон, пойтахт чорраҳаларидан бири: уч эркак ишга кетаётган Айзада Канатбековани йўлда ушлаб олиб, пиёдалар йўлаги орқали сал нарироқда тўхтаб турган қизил машинага судраб кетмоқда. Воқеанинг гувоҳлари етарлича: Канатбекова унинг кўз олдида одам олиб қочувчиларга қарши курашаётган бир пайтда қўлида соябони билан хотиржам ўтиб кетаётган йўловчи аёл; машинасини тўхтатишга мажбур бўлган ҳайдовчи ҳамда ҳамма нарсани, жумладан, қизил рангли машинанинг давлат рақамларини ҳам қайд қилиб турган кузатув камераси. Икки кундан кейин бир чўпон бу машинани шаҳардан ташқаридаги даладан топди. Машина ичида 27 яшар Канатбека билан жиноятдан сўнг ўз жонига ҳам суиқасд қилган унинг тахмин қилинаётган танаси бор эди", - ҳикоя қилади журналист Франк Нингуйзен.

"Ёш аёлнинг ўлими Марказий Осиёда жойлашган ушбу мамлакат аҳолисининг кўпчилигида нафрат уйғотди. Уларнинг юзлаб нафари Бишкекдаги ҳукумат биноси олдига, кўпчилиги плакатлар билан келган. Плакатларда бир савол бор: "Орамизда яна қанчамиз ўлиши керак?"(...) "Уят, уят" – дея қичқирарди айрим намойишчилар ҳаракатсиз полицияга ғазаб билан. Президент Садир Жапаров жиноятчиларни жазолашга ваъда берди. Бишкек милиция бошлиғи ва яна бир неча ходим ишдан бўшатилган, бироқ кўпчилик аҳоли бу муаммони ҳал қилмаслигини айтган. Ахир бу Аизада Канатбекованинг иши билангина чегараланмайди", - қайд қилади нашр.

"Келин ўғирлаш ва мажбурий никоҳлар мамлакатда кенг тарқалган. Кўпинча жабрланувчи ва жиноятчи бир-бирини билади, бу ҳолатда ҳам шундай бўлган. Қиз ўғирлаб кетилган куни милиция билан телефон суҳбатида эркак улар бир неча ойдан бери учрашиб юргани, улар турмуш қуришни хоҳлаши ва полиция аралашмаслиги керак эканлигини даъво қилади. Аёлнинг яқинлари маҳаллий матбуотга эркакдан Аизада Канатбековани тинч қўйишни қайта-қайта сўраганликларини айтишди".

"Янги президент Қирғизистонда "ала качуу" ("олиб қочиш") деб аталадиган келин ўғирлаш ва мажбурий никоҳ амалиётини қоралайди. БМТ маълумотларига кўра, 24 ёшгача бўлган қирғиз аёлларининг қарийб 15 фоизи мажбуран, босим остида турмушга чиққан. Бундан 8 йил аввал Қирғизистон раҳбарияти қонунни қаттиқлаштирган бўлиб, эндиликда жабрланувчининг ёшига қараб, келин ўғриси 10 йилгача қамалиши мумкин. Бироқ бу назарияда. Ҳуқуқ ҳимоячилари жиноий жавобгарликка тортиш қонунда назарда тутилганидан анча кам изчил амалга оширилаётганидан шикоят қилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, кўп аёлларда қўрқувни оширади ва якунда барча ўғирлаб кетиш ва мажбурий никоҳлар ҳақида ҳам хабар берилмайди", - дейилади мақолада.

"Жазо чоралари кучайганига қарамай, Қирғизистондаги кўплаб аёллар қандай ҳуқуқларга эга эканини умуман билмайди. Шунинг учун ҳам ҳуқуқ ҳимоячиси Мария Середа анимация шаклида аёллар ўғирланишининг реалистик ҳолатларини ҳамда улардан чиқиш имкониятларини кўрсатувчи дастур ишлаб чиқди. Аизада Канатбекова учун бундай имконият йўқ эди", - деб ёзади Süddeutsche.

Манба: Süddeutsche Zeitung

Абу Муслим таржимаси