loader
Foto

Ҳобилини ўлдираётган қобиллар

Бу Одам алайҳиссаломнинг икки ўғиллари Қобил ва Ҳобил ҳақидаги хабар бўлиб, у яҳудий ва насронийларга ҳам маълумдир. Уларнинг иккаласи ҳам Аллоҳ таолога қурбонлик қилишди, бироқ биттасиники қабул қилинмади ва у укасини ўлдиришни қасд қилди.

 “Нафси унга биродарини ўлдиришни яхши кўрсатди. Бас, уни ўлдирди. Шу сабабдан зиёнкорлардан бўлди” (Моида сураси, 30-оят).

Ҳобил ўлди, шайтон эса мақсадига етиб Қобилни ташлаб кетди. Қотил саросимага тушди. У укасининг жасадини кўтарар кейин ерга қўйар эди, жасадни нима қилишини билмай боши қотди. Шунда Аллоҳ таоло унга қарғани юборди, бу қарға бошқа бир ўлик қарғани олиб келди. Қарға ўлик қарғани кўмиш учун ерни кавлади. Қобил ундан кўрганини қилди. Афсус-надоматлар чекиб қуйидагиларни айтди:

 “Аллоҳ ер юзида кезиб юрган қарғани унга биродарининг ўлигини қандай кўмишини кўрсатиш учун юборди. У: «Шўрим қурсин! Мана шу қарғачалик бўлиб, биродарим ўлигини кўма олмадим-а?!» деди. Бас, у надомат қилувчилардан бўлди”. (Моида сураси, 31-оят)

 Бу йигит ўз укасини ўлдиришга олиб келган сабаблар нима эди? Манманлик, кибр, ҳасад, ғазабми?..

Ҳар қайсимиз вақти-ввақти билан ўзлигимизга бир назар солиб туришимиз керак ки, шахсиятимизни заҳарлаётган сифатларни вақтида аниқлашимиз учун. Агар бундай сифатлар топилса тавба қилишимиз керак бўлади. Аллоҳ таоло айтадики: “Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар” (Нур сураси, 31-оят)

Ҳамма жаннатга тушишни истайди, бироқ кўпчилик бу учун ҳеч қандай саъйи ҳаракат қилмайди. Баъзилар ҳатто намоз, рўза каби ибодатларга ҳам бефарқ, садақа ва ҳайр-эҳсонлар ҳам қилмайди. Ҳатто намоз ўқиб, рўза тутиб яқинларимизга ёрдам бериб, ота-оналаримизга яхшилик қилиб турсак ҳам Ҳобилнинг сўзини унутмайлик: “Албатта, Аллоҳ тақводорлардангина қабул қиладир...” (Моида сураси, 27-оят)

Агар биз Аллоҳ таолога яқин бўлишни истасак, ибодатлар ва солиҳ амалларимиз Аллоҳ таоло тамонидан қабул бўлиши ва Унинг розилигини истасак, ҳар бир амалимиз ихлос бўлан тўлган бўлиши керак.

Ҳар куни тонгда уйғониб, ўзимиздан ўзимиз сўрайлик, Аллоҳ таоло намоз, рўза ва дуоларимни қабул қилармикан?

Одамларни қилган айбларини ҳисоб-китоб қилишдан аввал ўзингни айбларинг учун ҳисоб-китоб қил! Айбларингни танитишда ўзингга ўзинг тўғри сўз бўлгил! Зеро, йўлбошчи ўз қўл остидагиларни алдаши мумкин эмас.

Аллоҳ таолонинг марҳамати чексиздир. Биз ибодатларимиз билан Унинг розилигини топяпмизми ёки йўқ била олмаймиз. Шундай экан Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтайлик, унинг чексиз марҳаматидан ноумид бўлмасдан, Қуръон ва Суннат ўргатган тарзда ибодатларимизни қилайлик. Шоядки, нажот топсак...

Аллоҳим, бизга биз учун манфаатли бўладиган нарсаларни билдиргин. Билдирган нарсаларинг ила бизни  манфаатлантир ва илм(имизни) зиёда қилгил. Бизни (сироти мустақийм ёқасидаги)  ҳалокат тойиб кетиш ўринларидан сақлагин. Бизларни Ўзингнинг улуғ розилигинг учун бўлган ихлос ила ризқлантир.

«Арраид» газетаси материаллари асосида

Абу Муслим тайёрлади