loader
Foto

Қуръон мавзулари: ўнинчи оқшом, ўнинчи жуз...

Бадр жанги арафасида ва жанг кунида икки тараф бир бирининг аниқ сонини билмагани ҳикмати, мусулмонлар ўртасидаги низо, қўрқув ва итоатсизлик олди олинди.

Аллоҳнинг хитоби: “Эй иймон келтирганлар! (Кофир) жамоатга рўбарў келганингизда, саботли бўлинг ва Аллоҳни кўп зикр қилинг, шоядки нажот топсангиз”.



183-бет

“Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг. Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетади. Ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилгувчилар биландир. Ва диёрларидан кибру ҳаво билан, одамларга риё учун чиқиб, Аллоҳнинг йўлидан тўсадиганларга ўхшаманг. Аллоҳ нима қилаётганларини иҳота қилгувчидир”.

Бадр воқеасида Шайтон Макка мушрикларини жангдан олдин васваса қилиб, жанг майдонида эса Аллоҳнинг шиддатли азобини ва Ундан қўрқишини эътироф этиб орқасига қочади.

Мунофиқлар мусулмонларнинг жанговар ҳолатларига ҳасад билан уларни мағрурликда айблашлари. Фариштлалар кофирлар жонларини азоблаб олишлари. Фиръавн ва унинг оиласи ҳолини эслатиш.



184-бет

Аллоҳнинг неъматига муносабат

Фиръавн оиласи билан куфр келтириб нима оқибатга келган бўлсалар, бошқларни ҳам шу оқибат кутади. Кофирлар салбий сифатлари.

Аҳдга ҳиёнат қилмаслик, бу ишни қилганларни Аллоҳ суймайди. Кофирлар эртами кечми Аллоҳнинг жазосидан қочиб қутулар олмайдилар.

Мусулмонлар душман билан тўқнашувга тайёргарликлари. “Агар улар тинчликка мойил бўлсалар, сен ҳам мойил бўл. Ва Аллоҳга таваккул қил. Албатта, У эшитгувчи ва билгувчи зотдир”.



185-бет

Душманлар алдовига қарши Аллоҳ мўминларни қалблари билар бирлаштиради ва курашда мўминлар ва пайғамбарига нусрат бериб қўллайди. “Ҳамда уларнинг қалбларини бирлаштирган зотдир. Агар ер юзидаги ҳамма нарсани сарф қилсанг ҳам, уларнинг қалбларини бирлаштира олмас эдинг. Лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди. Албатта, У ғолиб ва ҳикматли зотдир.”

Душманларга қарши жанга чиқишга тарғиб.

Асирлар ҳукми. Ўлжалар масаласида тақвога амр.



186-бет

Аллоҳнинг пайғамбар (с.а.в.)га асирлар ҳақида мурожаати.

Ҳижрат қилган, мол ва жони билан курашганлар бир бирларига валийдирлар, ва ҳижрат қила олмаган мўминлар ҳақида, уларга ёрдам беришга тарғиб. Кофирлар ҳам бир бирларига валий.

Мўминлар сифатлари ва уларга мукофот. Мерос ҳукми.



187-бет

Тавба сураси

Аҳдларини бузиб мусулмонларга душманлик қилган мушриклар билан орани очиқ қилиб, улага уруш эълоқ қилиш, душманлар қўлга тушгач, тавба қилиб, мусулмончиликни бўйинга олсалар уларни қўйиб юбориш. Паноҳ сўраб келган мушрикларга паноҳ бериш, уларга Аллоҳнинг каломини етказиб, тинч жойга етказиб қўйишга амр. Улар билаган қавм бўлганлари учун уларга шундай муомила қилинади.



188-бет

Аҳдларни бузган мушриклар ҳақида. Аллоҳнинг оятларини била туриб уларни арзон сотдилар. Тавба қилиб, намоз ўқиб, закот беришса кечиришга амр. Агар яна аҳдни бузиб душманлик қилсалар улар билан курашиш. Уруш биринчи бўлиб зулм қилганга қарши олиб борилади. Мўминлар душмандан эмас Аллоҳдан қўрқишлари лозим.



189-бет

Мўминларга бундай душманларга қарши жанг қилишга тарғиб. Урушнинг ҳикматларидан: қалблардан аччиқларни кетказади. Тавба қилганлардан Аллоҳ холаганини кечиради. Душман тарафга ўтганларни дўст тутмаслик. Мушриклар масжидаларни обод қилишларига қўймаслик. Масжидлар мўминлар тарафидан обод қилинади. Масжидул Ҳаромда хизмат қилиб юрган мушриклар ҳақида танбеҳ, уларнинг мартабаси Аллоҳ хузурида баланд эмас. Аллоҳнинг наздида имон келтирган, ҳижрат қилган, молу жонлари билан курашганларнинг даражаси улуғдир. Ана шу одамлар муваффақиятга эришган.



190-бет

Уларга жаннат башорати.

Имоннинг ҳар бир бошқа қадриятларнинг барчасидан устунлиги. Аллоҳ буюрган жиҳоддан бўйин товловчиларга ваъид. Аввалги ғалабаларни эслатиш.



191-бет

Аллоҳнинг кечиримли Зот эканлиги

Масжидул Ҳаромга мушрикларни киритмаслик. Аҳли китоблар ва жизя ҳукми.

Яҳудийлар ва насронийларда "Худонинг ўғли бор", деган ботил эътиқодлари, улар Аллоҳни қўйиб ўзгаларга ибодат қиладилар.



192-бет

Аллоҳнинг нурини кофирлар сўндирмоқчи бўладилар. Ислом дининг устунлиги. Ҳибр ва роҳиблар динни сотиб ботил йўл билан мол ейишлари, мулкни Аллоҳнинг йўлида сарфламайдилар, тўғри ўлдан тўсадилар. Аллоҳ уларга етказадиган азоб жазоси.

Ойлар сони. Ҳаром ойларда уруш ҳукми. Аллоҳ тақводорлар билан бирга бўлиши.



193-оят

Арабларнинг “насийу” одатлари ҳақида ҳукм. Кофирларнинг ҳаром ва ҳалол масаласида найранглари. Аллоҳнинг амри бўлганда мўминлар дунёга ёпишиб олмасликларига буйруқ ва ваъид.

Пайғамбаримиз (сав) ва Абу Бакр (ра) ҳижрат қилишаётганда ғорга яширинганликлари воқеасини мўминларга эслатиш:

“Агар сиз унга (пайғамбарга) ёрдам бермасангиз, батаҳқиқ, Аллоҳ унга, куфр келтирганлар уни икки кишининг бири бўлган ҳолида чиқарганларида, нусрат берди. Улар икковлон ғорда турганларида, у шеригига, хафа бўлма, Аллоҳ, албатта, биз билан, деди. Бас, Аллоҳ унинг устидан Ўз сокинлигини нозил қилди ва сиз кўрмаган лашкарлар билан қўллади. Куфр келтирганлар калимасини паст қилди. Аллоҳнинг калимаси эса, ўзи юқори. Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир”.



194-бет

Енгил ва оғир ҳолатла ҳам Аллоҳнинг амри бўлганда ҳарбий юришга чиқиш. Аллоҳнинг бу синовида мўминлар ва мунофиқлар ўртасидаги фарқ баёни, ёлғон баҳоначиларнинг сирларини Аллоҳ ошкор қилиши. Улар юришга чиққанларида ҳам мўмин аскарлар орасида фитна чиқарар эдилар.



195-бет

Мунофиқлар бошқа вақтда ҳам мусулмонлар орасига фитна солиб турар эдилар. Юришга чақирилганда мунофиқлар “мени фитнага солма”, дейдилар, аслида ўзлари шундоқ ҳам фитна ичида.

“Агар сенга яхшилик етса, уларни хафа қиладир. Агар сенга мусибат етса: «Олдиндан ишнинг олдини олган эдик», деб хурсанд бўлиб юз ўгириб кетарлар. Сен: «Бизга Аллоҳ ёзиб қўйган нарсадан ўзгаси зинҳор етмайди. У бизнинг хожамиздир. Мўминлар Аллоҳгагина таваккал қилсинлар», деб айт.”

Аллоҳ пайғамбарга (сав) мунофиқларга қарата яна қандай жавоб беришни буюради. Мунофиқларнинг мол беришларини Аллоҳ қабул қилмайди. Мунофиқлар садақани ёқтирмай берадилар ва намозга дангасалик билан борадилар.



196-бет

Мунофиқларнинг мол ва фарзандлари кўплиги аслида бу дунёда азоб кўп бўлиб, кофир бўлиб ўлиб кетишларини Аллоҳ ирода қилган. Мунофиқларнинг қўрқоқ қасамҳўр, қаноатсиз ва ношукур эканлиги ва шу сабабли улар Аллоҳ ва унинг пайғамбари (сав) фазлидан тўсилганликлари.

Закот садақаси ҳукми: “Албатта, садақалар фақирларга, мискинларга, садақа ишида ишловчиларга, кўнгилларини улфат қилинадиганларга, қул озод қилишга, қарздорларга, Аллоҳнинг йўлига ва йўл ўғлиларига берилиши Аллоҳ томонидан фарз қилингандир. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли зотдир.”

Пағамбаримиз (сав) барча учун очиқлик билан мурожаатларга қулоқ тутишларини мунофиқлар мазаҳ қиладилар ва шу озорлари сабабли Аллоҳнинг азобига мунофиқлар лойиқдирлар.



197-бет

Мунофиқлар Аллоҳ ва росулини эмас балки мўминларни рози қилиш учун иш тутадилар. Аллоҳ ичларидаги гапларни очиб ташлашидан мунофиқлар қўрқадилар. Мазаҳлари ошкор бўлганда ҳазил билан баҳона қилмоқчи бўладилар. Аслида улар имондан сўнг куфрга қайтган эдилар, билмай қолганлари авф қилинади аммо жиноятчиларини Аллоҳ жазолайди. Мунофиқ эркаклар ва мунофиқ аёллар васфи, Аллоҳ уларни лаънатлайди ва доимий азоб хабарини беради.



198-бет

Мунофиқларнинг қилиқлари аввалги пайғамбарлар тарихида бўлган.

У вақтда пайғамбарга исён қиладиганларда мол дунёси ва болалари мазкур мунофиқларникидан ҳам кўп бўлган.

“Уларга ўзларидан олдин ўтганларнинг, Нуҳ, Од, Самуд қавмининг ва Иброҳим қавмининг, Мадян эгаларининг ва тўнтарилган(қишлоқ)ларнинг хабари келмадими? Уларга Пайғамбарлари очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келдилар. Бас, Аллоҳ уларга зулм қилмас эди. Лекин улар ўзларига зулм қилар эдилар”.

“Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрарлар, ёмонликдан қайтарарлар, намозни тўкис адо этарлар, закотни берарлар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қиларлар. Ана ўшаларга Аллоҳ тезда раҳм қилур. Албатта, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир".

Мўминларга жаннат ваъдаси. Мўминлар улкан ютуққа эгадирлар.



199-бет

Аллоҳ пайғамбар (сав)га кофирлар ва мунофиқларга қарши уруш очишни буюради. Мунофиқлар исломдан кейин куфр келтириб ета олмаган нарсага қасд қиладилар (тафсирда: пайғамбар (сав)ни ўлдирмоқчи бўладилар. Тавба қилсалар ўзларига яхши, йўқса улар бу дунё ва охиратда жазоланадилар, ер юзи ва охиратда уларнинг дўстлари бўлмайди.

Мунофиқла Аллоҳнинг фазли етса садақа қилишлари ҳақида аҳд қиладилар, фазли етиб келганда баҳллик қиладилар.

Ваъдага хилоф ва ёлғон инсоннинг мунофиқ бўлиб қолишига сабаб эканлиги. Аллоҳ уларнинг яширин сирларини билади. Кўнглидан чиқариб садақа қилишга уринаётган мўминлар устидан куладиган мунофиқларни Аллоҳ жазолаши.



200-бет

“Улар учун истиғфор айтсанг ҳам ёки истиғфор айтмасанг ҳам (барибир). Агар улар учун етмиш марта истиғфор айтсанг ҳам, Аллоҳ уларни зинҳор мағфират қилмас. Бу уларнинг Аллоҳ ва Унинг Расулига куфр келтирганлари учундир. Аллоҳ фосиқ қавмларни ҳидоят қилмас.”

Мунофиқлар бошқаларни пайғамбар (сав) буюрган ҳарбий юришдан тўсишлари. Аллоҳ пайғамбарга мунофиқлиги аниқ бўлганнинг жанозасини ўқимасликка амр. Мунофиқларнинг бойлиги ва серфарзандлиги бошқаларни алдаб қўймасин. Мунофиқларнинг мол ва фарзандлари кўплиги аслида бу дунёда азоб кўп бўлиб, кофир бўлиб ўлиб кетишларини Аллоҳ ирода қилган.

“«Аллоҳга иймон келтиринглар ва Унинг Расули билан жиҳод қилинглар», деб сура нозил қилинган пайтда улардан бой-задагонлари: «Бизни тек қўй, ўтирувчилар билан бирга бўлайлик», деб изн сўрарлар”.



201-бет

“Улар хотин-халажлар билан бирга бўлишга рози бўлдилар ва қалбларига муҳр босилди. Бас, улар англамаслар. Лекин Пайғамбар ва у билан бирга иймон келтирганлар моллари ва жонлари билан жиҳод қилдилар. Ана ўшаларга, ўзларига яхшиликлар бўладир. Ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир. Аллоҳ улар учун остида анҳорлар оқиб турган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Унда абадий қолурлар. Ана шу буюк ютуқдир”.

Ҳарбий юришдан ёлғон баҳона билан изн сўрайдиганларнинг ошкор қилиниши.

Ҳақиқий узр соҳибларини Аллоҳ кечиради. Уловлари йўқ бўлиб, ғамгинликда кўз ёши тўкадиганлар (ҳарбий юришга чиқа олмаганлари сабабли) ҳам гуноҳкор эмаслар.

“Бой-бадавлат бўлиб туриб сендан изн сўрайдиганларни айблашга йўл бор. Улар хотин-халажлар билан бирга бўлишга рози бўлдилар. Аллоҳ уларнинг қалбларига муҳр босди. Бас, улар билмаслар”.

Жамшид Муслимов