loader
Foto

«Раҳбарлар коррупцияга берилиб кетган»

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда хизматлар соҳасини ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди. Давлат раҳбари турли ташкилотлар раҳбарлари орасидаги коррупция ҳолатлари масаласига ҳам тўхталди.

«Кўплаб жойларда раҳбарларимиз, вилоят, туман ҳокимлари, кўплаб ташкилот мутасадди раҳбарлари, йўл, сув, қурилиш, тиббиёт, мактабгача таълим соҳаларида тушунмаган раҳбарлар жуда катта коррупцияга берилиб кетган. Пешона теримиз билан мана шундай оғир, шиддатли, таҳликали замонда коронавирусга учраб, иқтисодиётимизни барқарор қилиш ва бир сўм пулни топиб, халқимизга етказиш бўйича жуда катта ҳаракатлар қилаяпмиз», деди президент.

Президент ушбу масалада «энди қонун устувор, жазо муқаррар» бўлишини таъкидлади.

«Халқимизнинг олдида узр сўраб, охирги марта сизларни [раҳбарларни] огоҳлантирмоқчиман… Мана, Самарқанд вилояти ҳокимининг ўзи гапириб берсин, пастки бўғинда, мактабгача таълим, тиббиётда қанча порахўрлар борлигини. Мана Андижонда вилоят ҳокимлигининг битта ноинсофи 128 минг доллар, 30 минг доллар олаяпти. Нима, Абдураҳмонов (Андижон вилояти ҳокими — таҳр.), хизматнинг раҳбари (вилоят ДХХ бошқармаси — таҳр.) билмайдими? Прокурори билмайдими? Абдураҳмонов сезмайдими атрофида ким юрганини? Битта одамни норози қилиб, 5 доллар олган бўлса ҳам президентнинг сиёсатига хиёнат дейилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Манба: Газета.uz