loader
Foto

Нима учун умматга дарз кетди?

Ўтган асрларда мусулмонлар “фойдали илм” тушунчасини нотўғри талқин қила бошлашди. Улар онгига фақат шаръий илмлар фойдали деган фикр ўрнашиб қолди. Аслида дунёвий илм ҳам Китоб ва суннатда мақталган мутлақ илмга киради. Бироқ баъзи инсонлар диний илмларда савоб бор, дунёвий кўринишида эса йўқ, деб тушунишди. Кейинчалик “диний илм”, “дунёвий илм” деган термин пайдо бўлди.

Кўплаб оят ва ҳадисларда ундан тийилишга, дунёга берилиб кетмасликка даъватлар мавжуд. Хоссатан:

“Ҳақиқатан, дунё ҳаётининг мисоли худди Биз осмондан туширган сув (ёмғир) бўлиб, одамзот ва ҳайвонот ейдиган нарсалардан иборат ер гиёҳлари у билан аралашиб, то ер ясаниб ва зийнатлангач, ер эгалари ўзларини унга қодир деб билган бир пайтда, ерга тунда ёки кундузи Бизнинг амримиз келиб, уни кечаги куни обод бўлмаганидек (йиғиб олинган) ҳосилга айлантириб қўйганимизга ўхшайди. Тафаккур қилувчи қавм учун (Биз) оятларни шу тарзда батафсил баён қилурмиз” (Юнус сураси, 24-оят).

“Охиратдан (кечиб) дунё ҳаётига рози бўласизми? Охиратга нисбатан дунё ҳаётининг матоҳи (лаззати жуда) оздир!” (Тавба сураси, 38-оят).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Охират олдида дунёнинг мисоли денгизга бармоғини суқиб олган кишидек, у нима билан қайтарди?!” (Муслим ривояти).

“Дунё Аллоҳнинг ҳузурида пашша қанотича қадрли бўлганда эди, кофирга бир ҳўплам сув ҳам бермас эди ” (Термизий ривояти).

“Дунёвий илмлар” деган термин кўпчилик диндорларда Исломдан узоқлаштирувчи илм деган тасаввур уйғотади. Физика, кимё, биология каби фанларга гўёки диндан чалғитиш учун ўқитиладигандек муносабатда бўлишади.

Бу ваҳималар асоссиз, ботил хаёллардир. Агар мў-мин ниятни тўғри қилса, физика, кимё, биология каби илмлар орқали ҳам жаннатга кириши мумкин. Дунёвий илмлар мусулмонларни азиз қиладиган диний илмдир.

Пайғамбарлар, саҳобаларнинг ҳам турли хил касблари бўлган: Одам алайҳиссалом - деҳқон, Довуд алайҳиссалом - темирчи, Нуҳ ва Закариё алайҳимассалом - дурадгор, Идрис алайҳиссалом - тикувчи, Мусо алайҳиссалом - чўпон бўлганлар. Улар охират ишини ҳам, дунё ишини ҳам баробар олиб борганлар.

Умар розияллоҳу анҳу гўзал кўринишли кишиларни кўрса, касби ҳақида сўрар эди, касби бўлмаса ҳурмати бўлмас эди (“Файзул қадир”).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қўлингизда кўчат бўлса-ю қиёмат қоим бўлиб қолса, имкон қадар кўчатни экиб қолинг” (Муснади Аҳмад, “Адаб ал-Муфрад”).

Дунёда фойдалана олмаса ҳам кўчат экишга тарғиб қилдилар, бу дунё кўринишидаги диний иш.

Дунёвий илмларда қолоқлигимиз сабаби нотўғри тушунча экан, келинг, динимиз ва ақидамиз талабига кўра тўғри, аниқ, мустаҳкам асосларга таянамиз. Аввало, бу ёғига “дунёвий илмлар” терминини ишлатмаймиз, ўрнига “ҳаётий илмлар” терминини ишлатамиз. Бу илмлар ҳаётимиз фаровонлиги учун Аллоҳ бизга ўрганишни буюрган илмлардир. Ҳаёт дунё каби ёмонланган эмас, Аллоҳ таоло шариатга амал қилиш ва покиза ҳаёт орасини боғлаб айтади: “Эркакми ё аёлми - кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга пок ҳаёт бахш этурмиз” (Наҳл сураси, 97-оят). Ҳаётий илм ҳаёт сўзи каби олий, улуғвор маъно ифода этади, дунёвий илм дунё сўзи каби паст маънони ифода этади. “Ўлик (кофир) бўлган одамни (имон билан) тирилтирдик” (Анъом сураси, 122-оят).

Бу саволга жавоб бериш жараёнида ҳаётий илмлар ер ободлиги, инсоният манфаати, динни олий қилиш, бу умматни азиз қилиш учун йўналтирилса, қандай улуғ илм бўлишига қатъий ҳужжатлар ва далиллар келтирамиз.



Биринчи далил:

Инсон Аллоҳнинг ердаги “ўринбосар” эканлигини унутиб қўйдими?!

“Унутмади”, деган жавоб берилади. Ундай бўлса, инсон ердаги ҳаёт илмини билмай туриб, қандай “ўринбосарлик” қилади?!

Ерда “Аллоҳнинг ўринбосари” бўлган кишига, Раббисини таниш, Унга ибодат қилиши замин табиатини ўрганиши, ундаги неъматлардан бандалар манфаат топмоғини билиши вожиб бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “У сизларни ердан пайдо қилиб, сизларни уни обод этувчи этди” (Ҳуд сураси, 61-оят). Демак, “ўринбосарлик”нинг асосий шартларидан бири - ерни обод қилиш, ундаги неъматлар билан эҳтиёжларини қондириш экан.

Аллоҳ Одамни яратди, илм билан улуғлади, қадрини баланд қилиб, фаришталарни унга сажда қилдирди. “(Аллоҳ) Одам (Ато)га барча номларни ўргатди” (Бақара сураси, 31-оят). Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо оят тафсирида айтади: “Ҳамма нарсанинг номларини, тоғ, дарахт, денгиз, хурмо, ҳайвонлар номларини ўргатган ” (“Тафсир Ибн Касир ”).

Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга ерда яшаш учун зарур бўлган табиат илмларини ўргатган. Фаришталар табиат илмини билишмаган, чунки улар ерда ўринбосар эмас эдилар. Уларда бу илмларга эҳтиёж ҳам йўқ эди. Агар Аллоҳ Одамга намоз, рўза, зикрни ўргатганда Одам фаришталардан олимроқ бўлмас, ерда ўринбосар бўлишга ҳам лаёқатли саналмас, яшайверар эди. “Улар туну кун сусткашлик қилмасдан (Аллоҳга) тасбеҳ айтадилар” (Анбиё сураси, 20-оят). Одам алайҳиссалом шаръий илмлар билан бирга, ҳаётий илмларни ҳам биларди.

Инсон ҳаётий илмга эътиборсиз бўлса, “ўринбосарлик” ишида қусурлик пайдо бўлади. Бу камчилик динини фаҳмлаган “мўмин”га ярашмайди.



Иккинчи далил:

Аллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафоти олдидан шаръий илмларни мукаммал қилганини Ўз Китобида айтади: “Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим” (Моида сураси, 3-оят). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга сўнг ваҳий тўхтади. Дин илми ўзгармас бўлиб қолди. Бу шаръий илм ҳукмидир. Аммо ҳаётий илмлар мукаммал эмас, қиёматгача янги-янги кашфиётлар чиқаверади. Баъзи илмий ҳақиқатлар юз йиллаб яшайди. Янгиси юзага чиқиши билан аввалгиси тан олинмайди. Аллоҳ Каломи шарифида айтади: “Токи уларга у (Қуръон)нинг ҳақ эканлиги аниқ маълум бўлгунича, албатта, Биз уларга атрофдаги ва ўз вужудларидаги аломатларимизни кўрсатажакмиз. Ахир, (уларга) Парвардигорингизнинг барча нарсага гувоҳ экани кифоя эмасми?!” (Фуссилат сураси, 53-оят). Оят “кўрсатажакмиз” тарзида, яъни келаси замонда келган, демак, ҳаётий илмлар тобора янгиланиб бораверади. Биз мусулмонлар бу илмларни пухта ўзлаштиришимиз керак.



Учинчи далил:

Баъзи фиқҳий масалалар борки, фақиҳлар уларни ҳалол ёки ҳаром дейиш учун соҳа мутахассисларининг фикрига эҳтиёж сезади. Демак, ҳаётий илмнинг моҳир мутахассиси баъзи фиқҳий масалани ечишда ёрдам беради.

Шунингдек, янги даврда юзага келган турли масалаларни ечишда иқтисодчи, ишбилармонларнинг ҳиссаси бор.

Фақиҳлар мутахассис фикрисиз ҳукм чиқаришса, масалада бирор шаръий узр бўлиши мумкин. Фикрим-ча, мутахассис маслаҳатисиз тўғри ҳукм чиқариш қийин. Иқтисодий масалада - иқтисодчига, тиббий масалада -ҳозиқ табибга муҳтожмиз.

Ҳуқуқшунослик факультетини битирган Абдулқодир Уданинг “Исломда жиноятчилик қонуни” номли китобини ўқиб чиқдим. Китобда жиноят учун Ислом шариати ва жиноят кодексида белгиланган жазолар солиштирилади ва шариатнинг гўзал ва адолатли экани ҳуқуқшуносликнинг хос тилида тушунтириб берилган. Хўш, биз шундай кадрларга муҳтож эмасмизми?! Бу динга хизмат эмасми?! Бундай мутахассис ажр-у мукофотга лойиқмасми?! Мусулмон ахди шундай кадрлар чиқармаса, гуноҳкор бўлмайдиларми?!

Тиббиётда шундай нозик нуқталар борки, фақиҳ уламо уларни билмаслиги табиий. “Инсон аъзосини бошқа инсонга кўчириш”, “гўзаллик учун амалиёт қилиш”, “бачадонга бола урчитиб қўйиш” каби замонавий тиббий масалаларни фақиҳ ҳозиқ табиб билан бирга ўрганиши лозим. Тиббиётнинг инсонга хизмати, фақиҳларнинг тўғри фатво чиқаришига қўшган ҳиссаси жиҳатидан жаннатга олиб борувчи фан десак, хато бўладими?!

Мусулмонлар ҳаётий илмларни эгаллаб, Аллоҳнинг шариатини чуқурроқ англайдилар. Аллоҳнинг динини Аллоҳ яхши кўргандек татбиқ қиладилар. Бу илмларда дин шиори бўлмаса ҳам улар охиратга оиддир.



Тўртинчи далил:

Бирлашган Араб Иқтисодий баёнотига кўра, 2005 йилда араб давлатлари импорти 314 миллиард доллар қийматга етган. Ушбу маҳсулотлар, асосан, АҚШдан келтирилган. Уларнинг 60 фоизи асбоб-ускуна, 15 фоизи озиқ-овқат, қолгани газли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларидир. Биргина озиқ-овқат импорти учун араб давлатлари йилига 20 миллиард доллар сарфлайди.

Миср импорт ҳажмининг 17,8 фоизини озиқ-овқат маҳсулотлари ташкил қилади. Мисрнинг буғдойга эҳтиёжи 12 миллион тоннадан ортиқ, унинг тенг ярми четдан келтирилади.

Бу эҳтиёжлар давлат зарарига ишлаши аён. Араб давлатлари хом-ашёнинг фақатгина 5 фоизини четдан келтирадилар. Аллоҳ таоло мусулмон юртларни табиий бойликлар билан сийлаган. Афсуски, уларни бошқалар қайта ишлаб, ўзимизга ўн баробар қиммат нархда сотмоқда.

Шакарга араб давлатлари доим эҳтиёж бўлган. Фақатгина 35 фоиз шакарни мамлакат ўзи ишлаб чиқаради, қолган шакар хориждан келтирилади. 2001 йил 4,5 миллион тонна шакар импорт қилинган. Жазоир, Саудия Арабистони, Сурия, Яман, Миср шакарнинг асосий харидорлари ҳисобланади. Миср бир йилда 121 миллион жунайҳ қийматга эга пишлоқ сотиб олган, ваҳоланки, мамлакат сутни қайта ишлаш бўйича ривожланган давлатлар сирасига киради. Энг ажабланарлиси музқаймоқ импорти: Миср бир йилда 5 миллион долларлик музқаймоқ сотиб олган.

Ишлаб чиқариш учун илмий ихтироларга эҳтиёжимиз бор. Мисрда 2001-2002 йилда бир дона илмий ихтиро бўлган. 2003 йилда, Аллоҳнинг фазли билан, ихтиролар сони 12 тага, 2004 йил 78 тага етди. Демак, келажакка умид қилса бўлади.

2004 йил 104 та ихтиро билан Туркия мусулмон мамлакатлар орасида биринчи ўринни эгаллади.

Бу натижалар бошқа давлатларга солиштирилса, аҳвол оғир эканлиги билинади. Масалан, Исроил давлати 1222 та ихтиро билан рўйхатнинг 15 ўрнини банд қилиб турибди. Биринчи ўринда, доимгидек, Америка. 41870 ихтиро! Иккинчи ўринда Япония - 19982 ихтиро. Учинчи ўринда Франция, тўртинчи ўринда эса Англия турибди.

Агар ихтиролар давлатнинг аҳолиси сонига нисбатан ҳисобланса, Америка, Япония, Франция, Англиядан ҳам олдинда экани маълум бўлади. Ҳар 5000 исроилликка - битта ихтиро, Америкада 6700 нафар аҳолига битта ихтиро, 6300 нафар японияликдан биттаси кашфиётчи ҳисобланади. Мисрда эса 900 минг фуқародан биттасигина шундай шарафга лойиқ.

Ихтиролар ширкатлар бўйича ҳисобланганда биринчи ўринни Голландиянинг “Philips” компанияси эгаллайди. Иккинчи ўринда Япониянинг “Panasonic” компанияси, учинчи ўринда Германиянинг “Siemens” компанияси туради. Кейинги ўринда Финляндиянинг “Nokia”, Германиянинг “Bosch”, Американинг “Intel” қомпанияларини кўриш мумкин. Кўриб турганимиздек, улар орасида бирорта мусулмон мамлакат компанияси йўқ.

Шу ўринда ўринли савол туғилади: бошқа давлатлар этагига осилиб юравергандан кўра, ўзимиз турли ихтиролар, кашфиётлар қилишимиз шаръий илм эмасми, аслида?! Олимнинг йўли жаннатга олиб борувчи эмасми?!



Бешинчи далил:

Ҳаётий илмлар - Аллоҳ таолони танишга йўлдир. Қуръони Каримда борлиқ ҳақида тафаккур қилишга юзлаб чақириқлар келган. Аллоҳ таоло айтади:

“Албатта, осмонлар ва Ернинг яратилишида, кеча ва кундузнинг алмашиб туришида, одамлар учун фойдали нарсалар ортилган кемаларнинг денгизда сузишида, Аллоҳ осмондан тушириб, у сабабли “ўлик” ерни тирилтирган сувда, турли жонзотларни унда (ерда) тарқатиб қўйишида, шамолларни (турли томонга) йўналтиришида ва осмон билан Ер орасидаги итоатли булутда ақлни ишлатадиган кишилар учун аломатлар (Аллоҳнинг қудратига далиллар) бордир” (Бақара сураси, 164-оят).

“У Ерни ёйиб қўйган ва унда тоғлар ва дарёлар пайдо қилган Зотдир. У Ердаги меваларни (ва бошқа нарсаларнинг) иккитадан - жуфт-жуфт қилиб яратди. У тун (зулмати) билан кундузни ўрайди. Албатта, бу (мисоллар)да фикр юритадиган қавм учун аломатлар бордир” (Раъд сураси, 3-оят).

“У осмондан сув (ёмғир) туширган Зотдир. У билан ҳар нарсани (ердан) ундириб чиқардик. Ундан яшил гиёҳ (полиз экинлари)ни чиқардик. Ундан (бошоқ каби) зич таркибли донларни чиқарамиз. Хурмодан эса, унинг шохидаги (мева) бошлари (ерга) яқини (ва яқин бўлмаганлари) бор. Шунингдек, узумзор боғлар, бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган зайтун ва анорларни (чиқардик). Уларнинг мевалагандаги (ғўр) мевасига ва пишганига (ибрат кўзи билан) боқинг! Шу (билган)ларингизда, албатта, имонли қавмлар учун аломатлар бордир” (Анъом сураси, 99-оят).

“Аллоҳ осмондан сув (ёмғир-қор) ёғдириб, у билан ранглари турли бўлган меваларни чиқарганимизни кўрмадингизми?! Яна тоғларнинг оқ, қизил, ранг-баранг йўл(лиси) ҳам, тим қораси ҳам бордир. Шунингдек, одамлар, жониворлар ва чорва ҳайвонлари орасида ҳам турли ранглилари бордир. Аллоҳдан бандалари орасида уламоларгина қўрқурлар. Ҳақиқатан, Аллоҳ қудратли ва мағфиратлидир” (Фотир сураси, 27-28-оят).

Ушбу оятлар кишини борлиқ ҳақида тафаккурга чақиради. Борлиқни англаган сари мўминнинг Аллоҳга бўлган имони зиёда бўлади. Оламлар Раббисини янада улуғлайди, буюклигини эътироф этади. Сув, наботот, ҳайвонот, инсон илмлари Аллохдан қўрқишга сабаб бўлади. Ғайридин ғарб олими Эйнштейн борлиқни тафаккур қилиб “нисбийлик назарияси” ни кашф қилгандан кейин Яратувчи борлигини тан олди: “Бу борлиқ ортида мен билмаган бир куч бор”.



Олтинчи далил:

Ҳаётий илмлар Қуръон оятлари ва Пайғамбар суннатини яхши англашга хизмат қилади. Қанча-қанча ихтиро ва кашфиётлар ваҳийнинг мўъжизалигини очиб берди.

Масалан, Набаъ сурасининг 6-7-оятларини олайлик: “Биз Ерни тўшак қилиб қўймадикми?! Тоғларни эса (Ерни тутиб турувчи) қозиқлар қилиб қўймадикми?!” Бу икки оятни олдинги уламолар маълум бир тушунчада тушунган, илм-фан ривожлангандан кейин тамоман бошқа маънода талқин қилина бошлади.

Доктор Зағлул Нажжор мазкур оят тафсирида айтади: “Аллоҳ тоғларни қозиқ қилганини хабарини бермокда. Бу эса бу баланд тоғлар ер литосферасининг ичида узун илдизи борлигини билдиради. Чунки қозиқнинг асосий қисми ер тагида бўлади, унинг вазифаси чодирни маҳкам ушлаб туриш бўлганидек, тоғларнинг вазифаси ҳам ерни маҳкам ушлаб туришдир. Бу ҳақиқатни замонавий илм яқинда кашф қилди, тоғларнинг ер остида илдизи узун экани аниқланди. “Қозиқ” сўзи илмий жиҳатдан ҳам, луғавий жиҳатидан ҳам замон олимлари ишлатаётган “илдиз” сўзидан кўра нозикроқ маъноларни ифода қилади.

Олимлар XIX аср яримларидан тоғларнинг илдизи бўлиши мумкин деб тахмин қилардилар, лекин жазм билан айта олмас эдилар” (Доктор Зағлул Нажжор, “Эҳром” журнали 31.12.2001 й).

Ҳаётий илмлар дастуримиз бўлган Қуръонни теранроқ англашимизга ёрдам беради. Кўплаб ғайридин олимлар Қуръон мўъжизасини кўриб Исломга кираётган ҳолатлар тобора ортиб бормокда. Қуйида мусулмонликни қабул қилган фан олими ҳикояси билан танишамиз.

Доктор Зағлул Нажжор Англиянинг тиббиёт университетида маъруза ўқийди. Маърузадан сўнг ундан: “Қиёмат яқинлашди. (Мана) ой ҳам бўлинди” (Қамар сураси, 1-оят) ояти Аллоҳнинг Китобидаги илмий мўъжизаси бўла оладими, деб сўрашди. Доктор бу Қуръондаги минглаб мўъжизалардан бири эканини, яқинда фан ҳам исбот қилганини айтди. Шунда бир англиялик киши сўзлашга изн сўраб, ўзини таништирди. Маълум бўлишича, у Довуд Мусо Педкок исмли киши бўлиб, Англияда исломий партия раҳбари экани, юқоридаги оят сабабли мусулмон бўлганини айтади. Айтишича, бир мусулмон таниши унга Қуръон маъноларининг таржимасини совға қилган экан. Қамар сурасини ўқиган Педкок ундаги Ой ёрилганлиги ҳақидаги оятга ишонмай Қуръонни ёпиб қўяди. Кунларнинг бирида ВВС каналида америкалик фазо олимлари иштирокидаги кўрсатувни кўриб қолади. Унда олимлар Ойни ўрганиш тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа қатор соҳаларда яхши самара берганини айтишади. Журналист олимлардан: “Ой ростдан ёрилганми?” деб сўрайди. Олимлар Ой ёрилиб, яна уланганини эътироф этади. Педкок дарров Қуръонни очиб, илк ўқиган, лекин ишонмаган оятга қарайди. Айнан ўша ойт унинг мусулмон бўлишига сабаб бўлади.

Албатта, Қуръон ва суннат ажойиботлари тугамайди. Биз бу икки масдарнинг сирларини очадиган олимларга муҳтожмиз, токи рад этиб бўлмайдиган ҳужжатларни келтирайлик. Қачонгача Америка, Россия кашфиётларига махдиё бўлиб юраверамиз?!

Ҳаётий илмлар шаръий илмларни тўлдириб, инсонларни оламлар Раббисига чақириб туради. Қуръон оятлари ва пайғамбар ҳадислари шарҳига илмий тафсирлар қўшсак, айни муддао бўлар эди. Орамизда кучли фазо олими, етук география мутахассиси, иқтидорли физиклар кўпайса, кўплаб ғайридйнлар Исломга кирармиди?!



Еттинчи далил:

Дин даъватчилари етук мутахассислар бўлгани мақсадга мувофиқ эмасми?! Тақводор мусулмон талаба ҳаётий илмларда тенгқурларидан олдинда бўлмаса, уни етакчи деб бўладими?!

Бизнинг оғриқли муаммомиз - мусулмонларнинг ўз мутахассислигини яхши билмаслиги, касбида нўноқ экани, меҳнат самарадорлиги пастлигидир. Ноқис одамнинг даъвати яхши самара берармиди?

“Эй, Раббимиз! Золимлар қавмига бизни фитна (алданувчи) қилиб қўймагин!” (Юнус сураси, 85-оят) тафсирида айтишган: “Оятдаги дуонинг маъноси кофирларни мўминлардан олий ва улуғ қилмагин, улар мағрурланиб “Мусулмонлар ҳақ йўлда бўлганда биз ғолиб бўлмас эдик, улар бунчалик хор бўлмас эдилар” дейишади” (“Тафсир Ибн Касир”).

Янги мусулмон бўлган бир америкалик умматнинг бугунги ҳолини тўла билмай Исломга кирганига ҳамд айтаётганини эшитиб қолдим. У Исломни китоблардан ўқиб-ўрганиб мусулмон бўлгани сабаб бугунги умматнинг заиф ҳолидан бехабар эди. У Ислом одамларни яхшиликка, илмга, ғайрат-шижоатга чақиришини биларди, лекин мусулмонлар ўз динига тўлиқ амал қилмаслигидан бехабар эди.

Мазкур ҳолатлар мусулмонларни ҳаётий илмларни ҳам шаръий илмлар каби пухта ўрганишга ундамайди-ми?!



Саккизинчи далил:

Аллоҳ таоло мусулмонларни ҳар бир соҳада етук бўлишга буюради. Табиийки, ишни пухта билувчилар пешқадам ҳисобланишади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Аллоҳ ҳар бир ишни гўзал адо қилишга буюрган, жиноятчини ўлдирганда ҳам қийнамай ўлдиринг, жонлиқ сўйганда ҳам чиройли сўйинг, пичоғингизни ўткирлаб олинг, токи қийналмай жон берсин” (Муслим ривояти). “Ҳар бир ишни” деганда шаръий илмларда ҳам, ҳаётий илмларда ҳам пешқадам бўлиш тушунилади. Пешқадамлар етук, буюк, саййид бўладилар.

Аллоҳ Китобида бошлиқликни Толутга берганини ҳикоя қилади, бунинг сабабини унга илм ва жисмда зиёдалик бергани билан изохдайди. Толутга берилган илм фақатгина шаръий илм эмасди. Унга қўмондонлик, сиёсат каби илмлар ҳам берилган эди. Толут замонида пайғамбар ҳам бор эди, шубҳасиз, у шаръий илмларни ваҳий орқали биларди. Лекин қўшинни бошқариш учун ҳаётий илмларни билувчи мутахассис юборилди. “Уларга пайғамбарлари: “Аллоҳ сизларга Толутни подшоҳ этиб юборди”, деди” (Бақара сураси, 247-оят).

Юсуф алайҳиссаломга Мисрда вазирлик таклиф қилинганда: “(Юсуф) деди: “Мени шу ернинг хазинабони қилиб қўй! Зеро, мен (омонатни) сақловчи ва (ўз ишини пухта) билувчидирман” (Юсуф сураси, 55-оят). Қаранг, Юсуф алайҳиссалом катта амалга дарҳол рози бўлмади, балки қўлидан келадиган вазифани сўрамоқда. Унинг “билувчидирман” дейиши динни ёки ваҳийни эмас, ер ва деҳқончилик илмларини билувчиман деганидир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улуғ саҳобий Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуни “Зотул-салосил” юришига қўмондон қилдилар. Ваҳоланки, қўшинда буюк саҳобалар кўп эди. Амр мусулмон бўлганига энди беш ой бўлган, шаръий илмларни бошқа саҳобалардай билмаса ҳам жанг илмини ўша жой стратегиясини яхши биларди. Пайғамбар алайҳиссалом у ҳақида: “У жанг маҳоратини яхши билгани учун уни бош қилдим ”, деганлар (Суютий, “Тарих хулофо”).

Амр ибн Ос бош қўмондон қилиб тайинланиши Пайғамбаримиз алайҳиссалом мукаммал ҳаётий илмни қанчалар қадрлаганликлари нишонасидир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни Қуръон тиловатини етук саҳобалардан ўрганишга буюрди. Жумладан: “Қуръонни тўрт кишидан Ибн Умму Абддан (Абдуллоҳ ибн Масъуддан), Муоз ибн Жабалдан, Убай ибн Каъбдан, Абу Ҳузайфанинг мавлоси Солимдан ўрганинглар ” (Бухорий, Муслим ривояти).

Мазкур тўрт саҳобийни тақвода, зухдда пешқадамлиги учун эмас, балки Қуръон илмида моҳирлиги, қироат турларини яхши билганлари учун тавсия қилдилар.

Билол розияллоҳу анҳуга азон айтиш буюрилгани унинг намози, рўзаси учун эмас, балки овози баланд ва гўзал бўлгани сабабдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам азон калималарини тушида эшитган Абдуллоҳ ибн Зайдни муаззин этиб тайинламади, балки унга: “Бу ҳақ тушдир, Билолга бу калималарни айтиб тур, у азонни айтсин, у овози баланд инсондир ”, дедилар (Бухорий ривояти).

Шунингдек, тиб илмида ҳам энг моҳир табибдан даволаш талаб этилади. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ “Мунатто”да ривоят қилади: “Бир саҳобий жароҳат олди, Расулуллоҳ Бани Анмордан икки кишини чаҳиртирди, “Қайсиларингиз табобатда моҳирроқсиз?” деб сўрадилар. Улар: “Эй, Расулуллоҳ, тиббиётда ҳам яхшилик борми? ”деди. У зот “Касалликни туширган давосини ҳам туширган!” дедилар”.

Ишини яхши билмаган мутахассис фойда бериш ўрнига зарар келтириб қўяди. Фиқҳ китобларида айтилишича, касбини яхши билмаган табиб беморга зиён етказса, зарарни ўзи тўлайди ва жавобгар бўлади. Лекин ҳозиқ табиб беморни даволаш жараёнида зарар етказса, жавобгар бўлмайди ва унга жазо берилмайди.

Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинади: “Тиббиётни яхши билмай туриб табиблик қилган шахс зарарни тўловчидир ” (Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа ривояти).

Фақиҳ, табиб, файласуф Ибн Рушд ушбу ҳадисни мулоҳаза қилиб айтади: “Табиб ҳозиқ бўлса, етказган зарарини тўламайди: беморни ўлдириб ёки бирор аъзосига шикаст етказса ҳам. Табиб табобатда нўноқ бўлса, дарра урилади, қамаб қўйилади, хун тўлатилади” (“Бидаятул мужтаҳид”).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳуни Руфайда розияллоҳу анҳога юборганлар, чунки у тиббиётни яхши билардилар. У пайтларда аёл киши эркак кишини даволаш одати йўқ эди, Пайғамбар алайҳиссалом Руфайданинг тиб илмига пухталигига амин бўлганлари учун унинг ҳузурига юбордилар (“Тарих улумам вал мулук”).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққосга Хорис ибн Калда ҳузурига бориб даволанишга буюрди. Унинг мусулмон бўлгани ҳақида маълумот йўқ, аммо ҳозиқ табиб бўлгани учун тавсия қилганлар (Абу Довуд ривояти).

Хулоса шуки, ҳар бир соҳада етук мутахассис бўлиши керак. Бунинг учун илм, маҳорат, тажриба зарур.

Ўз соҳасини мукаммал билмайдиган киши қанчалик тақводор бўлмасин, ундан маслаҳат олинмайди, унга ишонч билдирилмайди. Талҳа ибн Убайдуллоҳ айтади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан хурмозор ёнидан ўтдик. Боғбонлар хурмоларни чанглатишаётган эдилар. Расулуллоҳ: “Нима қилишяпти? ” деб сўрадилар. Мен хурмони ҳосил яхши бўлиши учун чанглатишаётганини айтдим. “Бирор фойдаси бор деб ўйламайман ”, дедилар. Боғбонлар гапларини эшитиб, хурмодан тушдилар, чанглатмай кўйдилар. Шу йили ҳосил яхши бўлмади, Расулуллоҳ: “Мен ўзим ўйлаган нарсани айтдим, инсон хато ҳам қилади, тўғри ҳам топади, сизларга Аллоҳ айтди демадим, Аллоҳга ёлғон сўзламайман”, дедилар (Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларидан англаймизки, ваҳийдан ташқари ишлар ҳаётий илм ва тажриба билан билинади. Уларни ўрганиш учун уламоларга эмас, соҳа мутахассисига борилади.

Рофеъ ибн Худайж ривоятида: “Сизларга диндан бирор нарса айтсам уни олинглар, агар бирор дунёвий фикр билдирсам, мен ҳам инсонман, хато қилишим мумкин”, дейилган (Муслим ривояти).

Оиша онамиз ривоятида: “Сизлар дунё ишларингизни билувчироқсиз ”, дейилган (Муслим ривояти).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам деҳқончилик, тиббиёт, тижорат, қўмондонлик ва бошқа соҳаларнинг билимдонларини қадрлаганлар. Аслида Ислом бизга шундан ҳам таълим беради. Бироқ сўнгги асрларда динни нотўғри тушуниш ва талқин қилиш мусулмонларни ҳозирги вазиятга солиб қўйди.



Тўққизинчи далил:

Ислом кўр-кўрона тақлид қилиш, далил-исботларга эътиборсиз бўлишдан қоралайди. Аллоҳ таоло кофирлар кўр-кўрона ота-боболарига тақлид қилишини қоралаб айтади: “Уларга (мушрикларга): “Аллоҳ нозил этган (оятлар)га эргашинглар!” дейилса, улар: “Йўқ, биз ота-боболаримизни не узра топган бўлсак, ўшанга эргашамиз”, дейдилар. Ота-боболари гарчи ҳеч нарсага ақллари етмайдиган ва тўғри йўлдан юрмайдиган бўлсалар-чи?!” (Бақара сураси, 170-оят).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни фикрсиз, беқарор, иккиюзламачи бўлишдан қайтарган. Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай марҳамат қилганлар: “Пасткаш одам бўлманглар, одамлар яхшилик қилса яхшилик қиламиз, ёмонлик қилса ёмонлик қиламиз, деманглар. Узларингни яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтаришга, ёмонлик қилганларга зулм қилмасликка ўргатинглар ” (Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло кофирлардан қайсарликларига далил сўраб айтади: “Ёки илк бор Ўзи яратиб, сўнгра (охиратда) қайта яратадиган Зотми?! Ким сизларга осмон ва заминдан ризқ берур? Аллоҳ билан бирга (яна бирор) илоҳ борми?! (Эй, Муҳаммад, кофирларга) айтинг: “Агар ростгўй бўлсангизлар, ҳужжатингизни келтирингиз!” (Намл сураси, 64-оят).

“(Эй, Муҳаммад, мушрикларга) айтинг: “Сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётган нарса (бутларингиз) ҳақида хабар берингиз - менга кўрсатинглар-чи, улар ердан нимани яратганлар?! Ёки улар учун осмонлар(-ни яратишда) шериклик борми?! Агар ростгўй бўлсангизлар, менга ушбу (Қуръон)дан илгари (нозил бўлган) бирор китобни ёки бирор илмий асарни (ҳужжатни) келтиринглар!” (Аҳқоф сураси, 4-оят).

Аллоҳ таоло ҳужжат-далил билан нозил қилган оятларда Ёлғиз эканини айтади: “Агар иккиси (Ер ва осмон)да Аллоҳдан ўзга илоҳлар бўлганида, ҳар иккиси бузилиб кетган бўлур эди. Бас, Арш эгаси бўлмиш Аллоҳ улар сифатлаётган (шериклардан) покдир” (Анбиё сураси, 22-оят).

“Аллоҳ фарзанд тутган эмас ва У билан бирга бирор илоҳ бўлган эмасдир. Акс ҳолда, албатта, ҳар бир илоҳ ўзи яратган нарса билан кетиб, бир-биридан устун бўлиб олур эдилар (натижада Еру осмон бузилиб кетган бўлур эди). Аллоҳ улар айтаётган сифатлардан покдир” (Муъминун сураси, 91-оятп).

“Булар Аллоҳ яратган нарсалардир. Энди, (эй, мушриклар,) сизлар Менга Ундан ўзгалар нималарни яратганини кўрсатинглар-чи! Йўқ, у золимлар аниқ залолатдадирлар!” (Луқмон сураси, 11-оят).

“У Бизга: “Чириб кетган суякларни ким ҳам тирилтира олур?” деб, масал келтирди-ю, (аммо) ўзининг (қандай) яралганини унутиб қўйди. (Эй, Муҳам-мад,) айтинг: “У (чириган суяк)ларни дастлаб пайдо қилган Зотнинг Ўзи қайта тирилтурур. У турли хил яратиш(лар)ни билувчидир. У сизлар учун яшил дарахтдан олов пайдо қилган Зотдир. Бас, сизлар ўшандан олов ёқурсизлар. Осмонлар ва Ерни яратган Зот яна уларнинг худди ўзидек яратишга қодир эмасми?! Йўқ, (албатта, қодирдир). У яратувчи ва билувчидир!” (Ёсин сураси, 78-81-оят).

“Жинлар ва инсонларнинг кўпчилигини жаҳаннам учун яратганмиз. Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан “англамайдилар”. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан “кўрмайдилар”. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан “эшитмайдилар”. Улар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Ана ўшалар ғофиллардир” (Аъроф сураси, 179-оят).

Аллоҳ инсонни ақл неъмати билан сийлади. Инсоннинг ҳайвондан фарқи ҳам шунда. Демакки, Ислом ақл воситаси ила гумроҳликдан, мутаассибликдан халос бўлишга чақиради. Кимки тафаккур қилмаса, фикрлашдан тўхтаса, Исломга хилоф қилган бўлади.



Ўнинчи далил:

Ислом тарихи мусулмонлар ҳаётий илмларда устун бўлган вақтларда ривожланиш кучли бўлганини кўрсатади. Ислом тарихида черков сингари олимларга зулм қилиш ҳолати кузатилмаган.

Ислом дини илм олишга ҳеч қачон тўғаноқ бўлмаган. Европа жамиятида яқин вақтгача черков илм йўлига ғов бўлиб келди, минглаб олимлар оловда куйдирилди, европаликлар буни ҳали унутишгани йўқ.

Нима сабабдан черковлар илмга қаттиқ қаршилик қилди? Чунки ҳукмронлик тўлалигича черковда эди, илм уларнинг ёлғонларини фош қиларди. Черков катта бойликдан ажралиб қолмаслик учун ҳам олимларга тазйиқ ўтказди. Коперник, Галилей, Эйнштейн, Макс Планк каби олимлар айнан черков маҳкамасида суд қилинди.

Коперник 1543 йил Ер ўз ўқи атрофида 24 соатда бир марта Қуёш атрофида йилда бир марта айланиб чиқишини, Қуёш коинот маркази эканини кашф қилганди. Католиклар бу кашфиётдан даҳшатга тушди, чунки насронийларнинг хурофотлари чиппакка чиқаётганди.

Черков Коперникка нисбатан ҳукм чиқарди. У диндан чиққанликда айбланиб, китоблари ёқилди, ўзи эса қатл қилинди.

Унинг қарашлари тўғри эканлигини анчадан кейин билишди.

Галилей Коперник кашфиётини тасдиклаб, Ой текис жисм эмаслигини кашф қилгани учун Папа унинг кекса ва касаллигига қарамай куч ишлатиб, ҳузурига келтиртирди ва абадий уй қамоғига ҳукм қилди.

Жордано Бруно майдонда ошкора ёқиб юборилди. Унинг “айби” Ер айланишига, бошқа планеталар борлигига ишонгани эди.

1481-1499 йилларда 90023 нафар олим маҳкамага тортилди, черков уларнинг китобларини ўқишни таъқиқлаб, ёқиб юборишга буйруқ берди. Шу тариқа 8000 та қўлёзма китоб ёқиб юборилди.

Европа узоқ вақт шундай зимистонда яшади. Бу давр “зулмат асри”, деб номланди. Одамлар илмий тараққиётга эришиш учун дин ҳукмронлигини йўқотиш керак, деб ўйлай бошлашди. Диндан нафратланиш, даҳрийлик урчиди. Илмий ҳақиқатларга зид келгани учун Таврот ва Инжилни душман санашди. Улар дин деганда илм душманини тушунишарди.

Ақлни самовий китоблардан устун қўйишга даъватлар бошланди. 1790 йил Францияда черковдан қутулиш ҳаракатлари бошлаб юборилди, кўплаб роҳиблар ишдан ҳайдалди. Масъулларни Папа эмас, ҳукумат тайинлайдиган бўлди. 1905 йил Франция ҳукумати дин давлатдан ажралганини эълон қилди ва бу бутун Европага тарқалди. Насроний дини черков деворлари ичига қамалди.

Мусулмонлар илмли инсонларга ҳурмат-иззатини кўрсатишига мисоллар кўп тариҳда. Масалан, Аббос ибн Фирнос Андалус уламоларидан эди. Кўплаб ихтиролар муаллифи, ҳавога парвоз қилиш ҳақида илмий ишлари бор эди, подшоҳлар уни ҳурмат қиларди.

Аббос ибн Фирноснинг подшоҳлар олдида обрўси ортганидан баъзиларнинг унга ҳасади келди. Уни сеҳргарликда айблашди, чунки унинг уйида лаборатория бор эди. Ундан чиққан тутун-буғларни кўриб гумон пайдо бўлди. Қуртубага (ҳозирги Кардобага) терговга чақирилди. Унга омма билмаган ишлар билан шуғулланаётгани айблови қўйилди. У шундай жавоб берди: “Унга сув қўшиб хамир қорсам, сўнг хамирни тандирда нон қилсам, шу сеҳр бўладими?!” “Йўқ, бу сеҳр эмас, Аллоҳ бандаларига ўргатган фойдали илм”, дейишди. Аббос айтди: “Мен уйимда қилаётган ишлар ҳам шундай: бир моддага бошқа моддани қўшаман, аралашмани оловда қиздираман, мусулмонларга манфаатли бирор ихтиро қилмоқчиман”. Ундан гувоҳ сўралди, у халифа Абдурраҳмон ибн Ҳишомни гувоҳ қилди. Қози халифани маҳкамага чақирди. Халифа олимнинг гапларини тасдиқлагач, Аббос ибн Фирнос оқланди, ундан узр сўралиб, илмий ишларига барокатлар тилашди.

Ислом тарихида уламоларни иззат-икром қилиш мисолларини санаб тугатиб бўлмайди. Яна бир мисол: Фотимий амир Биамриллаҳ Ҳасан ибн Ҳайсамнинг ҳомийларидан бири эди. Олим: “Мисрда бўлганимда Нил дарёсига бир тўғон қурардим. Ҳар доим Миср сувга сероб бўларди”, дейди. Бу гапни эшитган ҳоким Биамриллаҳ Ҳасан ибн Ҳайсамни Мисрга таклиф қилади, сафар ва лойиҳа харажатларини зиммасига олади.

Ибн Ҳайсам Мисрга келганда амир ўзи кутиб олади. Шоҳона зиёфат устида лойиҳа бўйича фикр алмашадилар.

Эртасига олим тўғон қуришга мўлжалланган жойга боради, лойиҳани амалга ошириш устида бош қотиради. Режаси ўша давр шароитида имконсиз эди, шу сабаб амирга бу имконсиз эканини айтиб, узр сўрайди.

Амир олимни тўғри тушунади. Бу илмга ҳурмат эди.

Тарихчилар ёзишича, Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий Хоразмдан Бағдодга кўчиб келади. Бағдодда халифа Ҳорун ар-Рашид қурдирган “Байтул ҳикма” номли катта илмий муассаса бўлиб, кейинги халифа Маъмун унинг ёнида расадхона қурдирган эди. Хоразмий халифа илм аҳлини қадрлашини билиб, унинг қабулига киради, Маъмун дарҳол олимни катта лавозимга тайинлаб, унга иззат-икром кўрсатади.

Халифа фалакиёт илмига катта қизиқиш билдирган. Коинотни ўрганиш, юлдузларни кузатиш учун расадхона очган. Худди шу вақтларда қўшни Европа қай аҳволда эди?!

Маъмун олимларни Птолемейнинг “Альмагест” китобига жалб қилади. Халифа барча уламоларни йиғиб, шу китобда тасвирланган ускуналарга ўхшашини ясаб, у билан юлдузларни ўрганишни буюради. Олимлар бир неча йил изланишлар олиб бориб, талайгина натижаларга эришадилар. 833 йил халифа Маъмун вафот этади ва ишлар тўхтаб қолади (Сиддиқ ибн Ҳасан. “Абжадул улум”).

У даврларда халифалар аҳли илмлардан маблағ қизғанмас эди. Маъмун ким бир китобни араб тилига таржима қилса, ўша китоб оғирлигича тилла берган. Шубҳасиз, таржима қилинаётган китобларда юнон, ҳинд, рим тилидаги ҳаётий илмлар мужассам эди. Натижада, мусулмонларга катта илм кириб келди, тарихда из қолдирган цивилизация яратилди (Шавқий Абу Халил. “Исломий араб цивилизацияси”).

Бугунги кунга келиб таржима ишлари Маъмун дав-ридан анча орқада эканини кўришимиз мумкин: ҳар 100 минг мисрликка бир йилда уч дона китоб тўғри келса, ҳар 100 минг Исроил фуқаросига юз дона таржима китоб тўғри келади.

Халифа Мансур, Маъмун, Мутаваккиллар қўшни Византия шаҳарларига олимларни китоб сотиб олиш учун юборардилар.

Европаликлар Андалуснинг Қуртуба, Ишбилия, Ғарнота каби илм даргоҳларига келиб таҳсил олган, чунки ўзларида бундай илм марказлари йўқ эди.

Жорж Сартон айтади: “Ўрта асрларда мусулмонлар ҳақиқатда илмда пешқадам эди, энг ноёб асарлар араб тилида ёзилган. VIII асрдан XI асргача илм тили - араб тили эди, маърифатли бўламан деган одам албатта, бу тилни ўрганар эди (Ҳассон Шамсий Бошо. “Ҳаказа кану явма кунно”).

Доктор Роғиб Саржоний

"Ислом ва Олам" китоби

Бекмуҳаммад Алибоев таржимаси