loader
Foto

Муфтий Иззуддин

Шом султони Солиҳ Исмоил билан унинг акаси, Миср султони Нажмиддин Айюб ўртасида низолар бошланди. Солиҳ Исмоил салибчилар билан иттифоқ тузиб, уларга Байтул Мақдис, Табарийя ва Асқалонни топшириб, Нажмиддин Айюбни мағлуб қилишга ёрдам беришса, Мисрдан ҳам бар парча жой ажратиб беришга ваъда берди.

Шунингдек салибчилар Димашққа бемалол киришига йўл очиб, ҳаракат эркинлигини ва маҳаллий халқдан қурол сотиб олишларига имконият яратиб берди. Иззуддин ибн Абдусалом бу пайтда Димашқ муфтийси ва умавийлар масжидида имом хатиб эди. Жума куни хутбада минбарда туриб Солиҳни беаёв танқид қилди. Салибчиларга қурол сотиш ва умуман ёрдам бериш тақиқлангани тўғрисида фатво берди. Ҳар бир хутбаси султонга қарши бўлди. Салибчиларга қарши урушишга одамларни давъват этди. Душманларга ёрдам беришни хиёнат деб эълон қилди.

Бу сўзларни эшитган султон Солиҳ Исмоил ғазабланиб, уни умавийлар масжидидаги имомлик вазифасидан четлатди, фатво чиқариш ва одамларга аралашиб юришни тақиқлаб қўйди. Уйидан чиқишга рухсат бермасликка буйруқ берди. Шундан сўнг Иззуддин ҳаракатини давом эттириш учун Димашқдан Мисрга ҳижрат қилишга қарор қилди.

Шундай қилиб, ҳижрий 638 йилда шаҳардан чиқиб кетди. Буни билган Димашқ халқи ғалаён кўтарди. Султон вазирларидан бирини Иззуддиннинг ортидан юборди. Вазир Нобилисга етганда Иззуддин билан учрашди ва Димашққа қайтишни илтимос қилди. Яна қўшимча қилди:

-    Хоҳласанг, аввалги лавозимингга қайтишинг мумкин. Аввалгидан баландроқ мартабаларга кўтарилишинг ҳам мумкин. Фақат унинг учун султондан узр сўраб, қўлини ўпсанг бўлди.

-    Эҳ бечора! - деди Иззуддин, - султон менинг қўлимни ўпишига рози бўлмайман-у, мен унинг қўлини ўпишга рози бўлармидим?! Эй қавмим, сизлар бир водийда-ю, мен бир водийдаман. Сизларга етган фитналардан сақлаб қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!

-    Султон менга буюрган, ё шартимни қабул қиласан ё сени занжирбанд қиламан! - деди вазир.

-    Қўлингиздан келганини қилинг!

Нобилис шаҳрида Иззуддинга кишан солишди. Токи Мисрдан мадад кучи келиб озод қилгунча кишанда турди. Мисрликлар келиб Иззудинни кишандан озод қилиб, салибчиларга қарши курашиш учун Қоҳирага олиб кетишди.

"Қабасот мин ҳаётир Расул" китобидан

Шаҳобиддин Парпиев таржимаси