loader
Foto

Сўнгги уч йил давомида Европада ҳар куни 17 нафар муҳожир бола бедарак йўқолган

Бу Буюк Британиянинг ”The Guardian“ нашри ва ”Lost in Europe” халқаро журналистлар ҳамжамияти томонидан олиб борилган кузатувлар якунида маълум бўлди.

«Сўнгги уч йил ичида бедарак йўқолган болаларнинг аксарияти Европага Марокаш, Жазоир ва Aфғонистондан келган оилаларнинг фарзандларидир. Уларнинг 90 фоизини ўғил болалар ташкил этади, тахминан ҳар олтинчиси 15 ёшгача бўлган болалардир», дейилади хабарда.

Масалан, биргина 2020 йилнинг ўзида Европанинг 13 мамлакатида 5768 нафар бола бедарак йўқолган.

«Бу болаларни ҳимоя қилиш тизими ишламаётганлигидан далолатдир», дейди “Missing Children Europe” ташкилотининг ҳимоя ва миграция бўлими раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, жиноий ташкилотлар тобора кўпроқ муҳожир болаларни нишонга олмоқда ва уларнинг аксарияти одам савдоси, шунингдек, меҳнат ва жинсий эксплуатация қурбонларига айланмоқда.

Aввалроқ, Голландияда бошпана топган 60 нафарга яқин вьетнамлик муҳожир бола ғойиб бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Голландия ҳукумати болалар Буюк Британияга гиёҳванд моддалар етиштирадиган фермер хўжаликларида ва салонларда ишлаш учун олиб кетилган, деб гумон қилмоқда.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР