loader
Foto

Амир қурдирган масжид

Жимжимадор, нозик кошинлар, пештоқидаги гўзал арабий ҳарфлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Масжид яқинида метро, трамвай ва автобус бекатлари бор. Петербургнинг бу жойлари ҳамиша гавжум. Айниқса, жума кунлари одам тўлиб кетади. Шаҳарда яшайдиган ва ишлайдиган татарлар, бошқирдлар, озарбойжон ва тожиклар намоз ўқигани масжидга ошиқишади. Ислом мамлакатларидан таҳсил олишга келган юзлаб хорижий талабаларни ҳам шу ердан топасиз. Масжидда бир вақтнинг ўзида беш мингга яқин намозхон ибодат қилиши мумкин.

Шаҳарга асос солинган биринчи йиллардаёқ бу ерда илк мусулмонлар пайдо бўлишган. Ўша 1703 йили Пётр Биринчи фармонига кўра, шимолий пойтахтни қуришга Русиянинг ҳамма бурчакларидан минглаб ишчилар келишган эди. Улар орасида Қозон, Нижний Новгород, Аштархон татарлари ҳам бор эди

Шаҳар қурилиб кўпчилик шу ерда қолиб кетди. Чунки подшоҳ фармони билан уларга хоҳлаган жойларида уй қуриш ҳуқуқи берилган эди. Татар қишлоғига турклар, бошқа Шарқ халқларининг вакиллари ҳам келиб ўрнашишди. Шу тариқа Русия пойтахтида мусулмонлар сони тўхтовсиз кўпайиб борди. Агар ўн тўққизинчи аср ўрталарида пойтахтда етти юз мусулмон яшаган бўлса, йигирманчи аср бошларига келиб, уларнинг сони саккиз минг кишига етди.

Мусулмонлар диний маросимларга қатъий амал қилишар эди. Улар орасида аралаш никоҳлар деярли бўлмаган. Асосий машғулотлари савдо ва ҳунармандчилик эди. Айниқса, хизмат кўрсатиш соҳасида ишловчи мусулмонлар катта обрў қозонишди.

Ўз-ўзидан мусулмонларнинг ибодатхоналари ҳам пайдо бўла бошлади. Биринчи намозгоҳ шаҳарнинг энг асосий Нева шоҳкўчасида қурилган. Рамазон ва Қурбон ҳайити намозларини ўқиш учун шаҳар Думаси зали ва бошқа катта бинолар ижарага олинарди.

Русия пойтахтида масжид қуриш масаласи аста-секин муқаррарлаша бошлади. Уни тиклаш учун бутун Русия хайрия маблағлари йиғиш учун ташкил этилди. Бу ишга петербурглик дин арбоби Охун Отауллоҳ Боязидов раҳбарлик қилди ва ўн йил давом этди. Бу ишдан Шарқнинг бошқа халқлари ҳам четда қолишмади.

Масжид учун ер сотиб олиш харажатларининг ҳаммасини Бухоро амири зиммасига олди. Қурилиш учун собиқ Татар қишлоғи ўрни танланди. Подшоҳ Николай иккинчи 1907 йили масжид қуришга рухсатномани имзолади. Орадан бир йил ўтиб, мўътабар ҳайъат мусаввир ва меъморлар ишлаган лойиҳани муҳокама қилди. 1910 йил 3 февралда масжид биносига биринчи ғишт қўйиш тантанаси бўлди. Унда подшоҳ саройининг вакиллари, Туркия ва Эрон элчилари, Ўринбурғ диний идораси раҳбарлари, турли дин вакиллари иштирок этишди. Масжиднинг тантанали очилиш маросими эса 1913 йили бўлди.

Аббос АҲМАД