loader
Foto

Ўн олтинчи суҳбат: Иймони заифлар кофирлар ҳаётига маҳлиё бўлади

Қорун насиҳат қилганларнинг сўзларини рад қилди ва ўзига берилган беҳисоб молу мулкдан мағрурланиб, туғёнида давом этаверди.

Саъдий: "Кунлардан бир кун Қорун “қавми олдига зийнатларига бурканган ҳолда”, дунёда бўлиши мумкин бўлган энг юқори даражадаги ҳолатда “чиқиб келди”. Унинг ихтиёрида ҳаддан зиёда молу дунё тўпланган бўлиб, шулардан энг қиммматбаҳо кийимлар билан ясаниб олганди. Бундай зийнатлар одатда одамлар учун ҳайратланарли бўлади. У бу дунёнинг ҳамма зийнатлари ва гўзалликларини, фахр ва нафисликларини ўзида жамлаган эди. У ана ўша ҳолатда кўзларни қамаштирар, қалбларни ўзига ром этар, нафсларни мойил қилиб олар эди”.

“Қорун ўзига эргашган жуда кўп одамлари билан от ва хачирларга миниб, олтин ва ипакдан тайёрланган кийимлар кийиб чиқиб келди”. (Жалолайн)

Муфассирлар унинг бир неча ўн минг хизматчи ва чўрилари бўлгани, ана ўшаларнинг ҳаммасига энг чиройли кийимларни кийдириб, ясантириб, халқнинг олдига кўз-кўз қилиб олиб чиққанини ёзишади. Бойликка ҳирс қўйган, Охиратдан умиди йўқ киши учун ҳаммани дунё билан қойил қолдириш, одамларни ҳавас билан ўзига қаратиш энг лаззатбахш амалдир.

Саъдий: “Шундай бир вазиятда унга қараб турганлар икки қисмга бўлиниб қолдилар. Ҳар қайси гуруҳ ўзининг ҳиммати ва қизиқишидан келиб чиқиб, гапира бошлади.

“Дунё ҳаётини истайдиганлар”, яъни мақсадлари дунёга боғланиб қолган, энг катта интилишлари ва ташвишлари дунёдан бошқа нарса бўлмаган одамлар “дедилар: “Қани энди бизга ҳам” бу дунёдан, унинг матоҳларидан ва гўзалликларидан “Қорунга берилгани каби нарсалар берилсайди! У ниҳоятда бахтли одам-да!”

Бу одамлар Қорунни бахтли одам деб билдилар. Агар иш булар орзу қиладиган нарсаларнинг ўзи билан тугайдиган бўлса ва бу дунёдан сўнг бошқа ҳаёт бўлмаса, унда дарҳақиқат, Қорунга бу оламдаги энг олий неъматлар бериб қўйилган эди. У мана шу нарса билан ўзи истаган барча нарсаларини қўлга киритган, шундай қилиб уларнинг назарларида улкан бахт унга насиб бўлган. Аммо бундай фикрлаётган “ҳиммат” эгалари ўзларининг ҳаётдаги энг олий мақсадлари ва энг охирги талабларини жуда ҳам паст ва энг арзимас нарсага тенглаштириб қўйган бўладилар. Бундай аянчли тушунчалар олий ниятлар, бебаҳо манзиллар сари бирор қадам ҳам боса олмайдиган одамларда бўлади”.

Дарҳақиқат, молпараст одамлар бой-бадавлат инсонни кўрганларида унинг ким эканига қизиқмайдилар. У бундай молу дунёга ўғирлик билан эришдими ёки қимор биланми ёки рибо биланми, фарқи йўқ. Олтин тақинчоқлар ва нафис кийимлар остидаги, энг қимматбаҳо уловлар устидаги одамнинг асл башараси, унинг маънавий қиёфаси ҳақида асло ўйламайдилар. Аксинча, нима қилиб бўлса ҳам унга яқин бўлиб олиш учун хушомад қиладилар, турли йўллар билан унга интиладилар. Улар учун ўшандай одамнинг ақл-заковати, фаҳм-фаросати, ахлоқ-одоби ёки дину диёнати аҳамиятсиз бўлиб қолади. У бойми, демак, у жуда зўр, ақлли ва яхши одам! Бундай енгил-елпи тафаккур ҳаётга ниҳоятда юзаки қарайдиган, айш-ишратда умр ўтказишни истайдиган одамларда бўлади ва улар ўз-ўзини билиб туриб алдайди. Нафсига қул бўлган одам ёлғон, ботил ва ҳаром нарсаларга билиб туриб ҳам қизиқаверади. Чунки унинг нафси айнан мана шу ҳаром иш билан ором олади. Бироқ, алҳамдулиллоҳким, олам фақат шундай кимсалардан иборат эмас.

Саъдий: “Илм ато қилинган”, нарсаларнинг ҳақиқатини англаган, анавилар дунёнинг фақат зоҳирига боқиб турган бир пайтда унинг ботинини ҳам кўраётган “инсонлар” анавиларнинг ўзлари учун орзу қилган нарсаларидан ларзага тушдилар, уларнинг ҳолатларига ачиниб, улар айтаётган сўзларни қораладилар ва (уларга) айтдилар: “Эҳ, ҳолингизга вой бўлсин!...”

Сизлар ҳавас қилишга арзимайдиган қадри паст нарсага ва энг пасткаш одамга ҳавас қилдингиз. Бунинг оқибати ҳали нима бўлишини ўйламаяпсизлар! Аслида бошқа нарсани орзу қилсангиз яхши эди. Дунёда сизлар ҳавас қилаётган ва маҳлиё бўлаётгандан кўра авлороқ ва аълороқ нарсалар йўқ эмасди.

Саъдий: “Иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилган кишилар учун Аллоҳ” бу дунёда “берадиган савоб”, яъни ибодат, Аллоҳни яхши кўриш, Унга бўйсуниш ва Унга интилиш лаззати, яна Охиратда берадиган жаннати ва ундаги нафсларга хуш ёқадиган, кўзлар лаззат оладиган савоблари сизлар ҳозир орзу қилаётган ва интилаётган нарсалардан кўра “яхшироқдир”. Ишнинг асл моҳияти мана шундай. Аммо бу нарсаларни биладиганларнинг ҳаммаси ҳам бунга интилмайди ва бунга муяссар этилавермайди. “Унга фақат сабр қилувчиларгина етиша оладилар”. Улар ўз нафсларини Аллоҳнинг тоатига боғлаб қўйган, нафсни Унга маъсият қилишдан жиловлаб, У битган аччиқ тақдирга бўйсундириб олган, дунё ва унинг жозибали орзу-ҳаваслари, кўнгилга ёқадиган нарсалари қаршисида сабр қилган, Раббиларидан чалғиб кетмаган, дунёнинг фитналари уларни чин мақсадлардан тўсиб қўймаган одамлардир. Бундай инсонлар Аллоҳнинг савобини бу фоний дунёдан устун қўядиган инсонлар бўладилар".



Аллоҳнинг каломидан ҳосил қилинадиган хулосалар:

1. Бойлиги туфайли ҳақ йўлдан озган инсон мақтанчоқ ва риёкор бўлади. Ўзининг мол-мулкини ҳаммага кўз-кўз қилишни яхши кўради.

2. Бировнинг дини ва ахлоқига аҳамият бермасдан унинг фақат бойлигига ҳавас қилиш иймони заиф одамларнинг ёки иймон келтирмаган одамларнинг иши.