loader
Foto

Оли Имрон сураси, 102-105 ("Қуръони азим тафсири"дан)

 Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло мўминларни ҳақиқий тақвога, яъни, кучлари етганча Оллоҳдан қўрқишга буюради.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Оллоҳдан ҳақиқий қўрқишлик Унга ҳеч осий бўлмай доим итоат қилиш, ҳеч унутмай доим зикр қилиш, ҳеч куфрони неъмат қилмай доимо шукр қилиш демакдир”.

Шунинг учун ҳам саҳобайи киромлар ушбу ояти карима нозил бўлганида ташвишга тушишиб: “Ё Расулуллоҳ, бундай тақво қилишга кимнинг кучи етади?” дейишганида бошқа бир оят ушбу оятни баён қилиб келди: “Бас, кучларингиз етганича Оллоҳдан қўрқинглар,(ўзларингизга қилинаётган панд-насиҳатга) қулоқ тутинглар ва итоат этинглар ҳамда инфоқ-эҳсон қилинглар, (мана шу) ўзларингиз учун яхшироқ бўлур. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчидирлар”. (Тағобун сураси, 16-оят) Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам: “Мен сизларни нимадан қайтарсам, ўшандан четланинглар, мен сизларни нимага буюрсам, кучларингиз етганича ўша амални қилинглар”, деб, тақво йўлини кўрсатиб бердилар.

Демак, тақво фақат инсоннинг сўзлаган сўзида эмас, балки бутун ҳаётида, қилган ҳар бир иш-амалида мустаҳкам ўрин олган Оллоҳ таолога бўлган муҳаббат, Ёлғиз Ундан қўрқув, ҳаром ва гуноҳдан ҳазар қилмоқ, парҳезкорлик билан покиза ҳаёт кечирмоқ дегани экан.

Ояти кариманинг иккинчи бандида мўминларга фақат мусулмон ҳолда ўлиш буюрилди. У асло фақат ўлаётганда мусулмон бўлиш дегани эмас, балки аксинча, мусулмон ҳолда ўлиш учун мусулмон ҳолда яшаш деганидир. Чунки ҳамма бир кун ўлиши аниқ, аммо ҳеч ким қачон, қаерда, кандай ҳолатда ўлишини билмайди. Бас, шундай экан, ҳар ҳолатда, ҳар соатда мусулмон ҳолда ўлишга тайёр бўлиб яшашга, ўлим келганида эса мўмин ҳолда ўлишга буюрилмокда.

Шунинг учун ҳам мўминлар ораларидан биров вафот қилиб, сўнгги сафарга - Охират сафарига йўл олганида, уни кузатар эканлар, ювиб, кафанлаб, жанозасини ўқиб, қиладиган дуолари асносида: “Оллоҳим, бизлардан кимга ҳаёт берсанг, Исломда яшашни насиб эт, бизлардан кимни вафот қилдирсанг иймонда ўлишни насиб эт”, деб дуо қиладилар.

103. Ва барчаларингиз Оллоҳнинг Арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва (фирқа-фирқа бўлиб) бўлинмангиз! Ҳамда Оллоҳнинг сизларга берган неъматини эслангиз: сизлар (бир-бирингизга) душман бўлган пайтларингизда У Зот дилларингизни ошно қилиб қўйди-ю, сизлар Унинг Неъмати сабаб биродарларга айландингиз. Ва дўзах чоҳининг ёқасида гурган (пайт)ларингизда, У Зот сизларни ундан халос қилди. Ҳақ Йўлни топишингиз учун Оллоҳ сизларга Уз оятларини мана шундай баён қилади.

Мана бу ояти каримада Яратган Эгамиз Динимиздаги кўпчилигимиз эшитган бўлсак ҳам бепарво бўлиб юрган бир зарур ишни — иттифоқ бўлишни таъкидлайди, яъни, Оллоҳ таолонинг Арқонига барчаларингиз боғланингиз, бўлинмангиз, деб буюради. У қандай арқон, деб берилган саволга Пайғамбаримиз алайҳис-салом қуйидаги ҳадиси муборакларида шундай жавоб берганлар: "Мен сизларга Оллоҳнинг Китобини — Қуръонни қўйиб кетяпман, бу Қуръон Оллоҳнинг Арқонидир кимда-ким ўша Арқонни маҳкам ушласа, Тўғри Йўлда бўлади, кимда-ким у Арқонни — Қуръонни тарк қилар экан, бу одам албатга адашади", дедилар.

Расулуллоҳ алайҳис-салом яна бошқа бир ҳадисда: "Бу Арқоннинг бир учи Оллоҳнинг Қўлида турибди, бир учини эса инсониятга туширди. Адашмайман, дўзах чоҳига қуламайман деган ниятда ўша Арқонни маҳкам тутган инсонларни Оллоҳ таоло Ўзи бу дунё ҳалокатларидан асраб, Охират диёрида Ўзининг ҳузурига — жаннатга муваффақ қилади", деб марҳамат қилдилар.

Ояти карима мазмунидан маълум бўлганидек, Қуръон мусулмонларга турли-туман оқимларга - фирқаларга бўлиниб, бир-бирларига душман бўлиб, охир-оқибатда ташқи душманлар қўли билан қирилиб битишни эмас, балки бирлашишни, бирлашганда ҳам махлуқлар тузган низом асосида эмас, балки Оллоҳнинг арқони - Қуръон асосида бирлашишни буюради. Бўлиниш эса динсизларнинг иши эканини эслатади. Биринчи мусулмонларга - саҳобайи киромларга, жумладан Авс ва Хазраж қабилалари вакилларига уларнинг жоҳилийят даврида бир-бирлари билан қир-пичоқ бўлиб, ўзаро уруш-жанжалдан бошлари чиқмай - тарихчилар ёзишларича бу икки қабила ўртасидаги уруш-адоватлар оз эмас, кўп эмас, бир юз йигирма йил давом этган экан - жаҳаннам чоҳига қулаб кетишларига яқин қолганда Оллоҳ таоло уларга Буюк Неъмати - Исломни насиб этиб, мусулмон бўлишлари билан бир-бирини кўришга кўзи йўқ душманлар Қиёматли дўстларга айланиб қолганларини эслатади. Бу билан то Қиёмат ҳаёти дунёга келадиган барча мусулмонларга тақво билан мусулмон ҳолда ҳаёт кечиришнинг, Охиратда ҳам Оллоҳнинг Раҳматига эришишнинг энг муҳим шартларидан бири ўзаро иттифоқ бўлиб, бир-бирларига меҳр-муҳаббат билан яшаш эканини уқтиради. Яна бошқа бир оятда нафақат уруш-жанжал, балки ўзаро талаш-тортишлар ҳам мусулмонлар учун ўта катта зиён эканини таъкидлайди: “Ва Оллоҳ ҳамда Унинг Элчисига итоат қилингиз ва (ўзаро) талашиб-тортишмангизки, у ҳолда сустлашиб, куч-қувватингиз кетур. Сабр-тоқат қилингиз! Албатта Оллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир”. (Анфол сураси, 46-оят).

Демак, мусулмонларнинг кучи уларнинг бирликларида, иттифоқликларида экан. Аммо афсус-надоматлар бўлсинки, мана шу очиқ ҳақиқатни кейинги асрларга келиб, Ислом аҳлидан кўра Муқаддас Динимиз душманлари яхшироқ тушунмокдалар ва мусулмонларни қириш, йўқ қилишнинг энг самарали йўли - уларнинг ўртасига турли ихтилофлар солиб бир-бирларини ёмон кўрадиган қилиб, бўлиб, парчалаб, натижада мусулмонларни бир-бирига душман бўлган турли ҳизбларга-тўдаларга айлантириб юбориш эканини англаб, бу қабиҳ ниятлари йўлида жонларининг борича ҳаракат қилмоқдалар, бошқача айтганда, Исломга қарши салб юришини мана шу тарзда давом эттирмокдалар. Улар аввалги салбчилардан фарқли ўлароқ, жуда усталик билан мусулмонларга сўзда Ислом, Қуръон номи билан иш юритадиган, амалда эса мусулмонларни парчалаб, Ер юзидан йўқ қилиб юборишга хизмат қиладиган ҳизбларни - партияларни тузиб бермоқдалар. У ҳизблар — ўша мусулмонларга қарши жонли қирғин қуроли бўлиб дунёга келган ҳизблар эса ўзларини, ҳа фақат ўзларини “Ислом уммати” деб эълон қилишиб, Қуръони Карим ва Ҳадиси Шариф мазмунини бузиб талқин қилишиб, мусулмонларни ҳам маънавий, ҳам жисмоний жиҳатдан қиришиб, хўжайинлари — ҳув ўша биринчи мусулмон жамоатини пароканда қилиб динсизликка қайтаришга уриниб, бироқ уддалай олмаган яҳудийларнинг авлодлари бўлган хўжайинлари эса ўзлари бу ҳизблар учун белгилаб қўйган муддатлари битгач, кўллардаги қўғирчоқлари бўлган ҳизбларни ҳам қамоқларга тиқишиб, жувонмарг қилишиб, ўлдиришиб, уларнинг ўрнига улардан ҳам ақлсизроқ, жоҳилроқ бошқа кўғирчоқларни майдонга чиқаришмокда.

Қуръон мазмунидан бехабар мусулмонлар эса бу бўлинишларга бепарво томоша қилиб турибдилар, балки ўзлари ва авлодлари мана шу бўлиниш қурбонларига айланмоқдалар.

Ҳақ таоло ушбу оятда мўминларни мана шундай бўлиниб, “бўрилар”га ем бўлмасликка чақиради, уларга Ҳақ Йўлни кўрсатади ва уларнинг зиммаларидаги вазифа нима экани ҳақида қуйидаги оятларда буюради:

104. Сизлардан Яхшиликка (Исломга) даъват қиладиган, маъруфга (Оллоҳ ва Пайғамбари буюрган яхши амалларга) буюрадиган ва мункардан (исён-гуноҳдан) қайтарадиган бир уммат (барпо) бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир.

Юқоридаги ояти каримада Оллоҳ таолонинг Китобини маҳкам ушлаш ва фирқа-фирқа бўлмай иттифоқда яшаш инсонларнинг ҳидоятига сабаб бўлиши айтилганидан сўнг, ушбу ояти каримада энди ҳар бир мусулмон ўзи билган ва амал қилган яхши амалларга, яъни, Қуръон ва Ҳадис буюрган амалларга бошқаларни ҳам даъват қилиши, ўзи қилмайдиган ёмонлик ва гуноҳлардан яъни, Қуръон ва Ҳадис қайтарган ишлардан бошқаларни ҳам қайтариши мусулмон миллатининг нажотига сабаб бўлиши баён қилинади. Бас, барча мусулмонлар бир жамоат бўлиб, сўзлари ва амаллари билан ҳаммани яхшиликка - Исломга чақириб, Оллоҳ таоло буюрган маъруфга - савоб топишга сабаб бўладиган, жаннатларга олиб борадиган яхши амалларга буюришлари, мункардан - гуноҳлардан, дўзахга олиб борадиган ёмон амаллардан қайтаришлари фарздир. Маълум бўладики, қилган амали, ҳаёт тарзи билан яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш, яъни, ўзининг яшаётган ҳаёти, иймони, тақвоси, хулқ-атвори билан бошқаларга яхши намуна бўлиш ҳар бир мусулмонга - хоҳ у олим бўлсин, хоҳ у илмсиз бўлсин - ҳар бир мўмин-мусулмонга фарз бўлса, ўзи амал қилиш билан бирга сўзи билан ҳам ўзгаларни Динга чақириш, амри маъруф, наҳий мункар қилиш илм аҳлининг зиммасидаги фарздир. Илмсиз кимсанинг қиладиган даъвати кўп ҳолларда ўзига ҳам ўзгаларга ҳам зиён бўлиб чиқади. Чунки у билимсизлиги сабабли ўзи ҳам адашиб, ўзгаларни ҳам адаштириши мумкин. Шунинг учун Ҳақ таоло мусулмонларга илм олишни фарз қилди ва аҳли илмларга илмсиз кишиларни Тўғри Йўлга даъват қилишни буюрди. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам жуда кўп ҳадисларида амри маъруф ва наҳий мункар қилишга буюрганлар. Зотан, амри маъруф ва наҳий мункар барча пайғамбарларнинг асосий вазифалари бўлган ва улардан уламоларга мерос бўлиб қолган энг улуғ амалдир.

Пайғамбар алайҳис-салоту вассалом марҳамат қилдилар. “Ким яхшиликка буюрса, ёмонликдан қайтарса, бас, у Оллоҳнинг Ердаги халифасидир, Унинг элчисининг халифасидир, Китобининг халифасидир!”

Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламдан: “Одамларнинг энг яхшиси ким”, деб сўралганда: “Уларнинг яхшиликка кўпроқ буюрадиганлари, ёмонликдан кўпроқ қайтарадиганлари, Оллоҳ таолодан кўпроқ қўрқадиганлари, қариндош-уруғларни кўпроқ йўқлайдиганлари”, деб жавоб қилганлар. Соллоллоҳу алайҳи ва саллам яна шундай буюрдилар: “Сизлардан ким мункарни - Оллоҳ рози бўлмайдиган сўз ё амални - кўрса уни қўли билан қайтарсин, кучи етмаса тили билан қайтарсин, кучи етмаса қалби билан қайтарсин, яъни, қалбида ёмон кўриб турсин, аммо бу иймоннинг ўта заифидир!”

Амри маъруф нақадар улуғ амал экани хусусида яна шундай марҳаматлар бор: “Қасамки, сен сабабли Оллоҳ таоло бир кишини ҳидоят қилиши, сенинг қўра тўла қизил - қимматбаҳо туяларинг бўлиб, уларнинг барчасини Оллоҳ Йўлида садақа қилиб юборганингдан яхшироқдир”.

Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар яхшиликка буюрасизлар ва ёмонликдан қайтарасизлар (ёки, яъни, агар шу ишни қилмасангизлар), Оллоҳ Ўз ҳузуридан сизларга азоб юбориши аниқдир. Сўнгра сизлар Унга дуо-илтижолар қилаверасизлар, аммо У дуоларингизни ижобат қилмайди”, деб огоҳлантирганлар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу одамларга Моида сурасидаги ушбу оятни: “Эй мўминлар, ўзингизни билингиз! (Яъни, гуноҳлардан сақланингиз!) Модомики, Ҳақ Йўлни тутган экансиз, адашган кимсалар сизларга зарар етказа олмас. Барчангиз ҳам Оллоҳга қайтишингиз бордир. Ана ўшанда Оллоҳ сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур. (Моида сураси, 105-оят), оятини ўқиб бу ояти карима киши ўзи яхши бўлса кифоя, амри маъруф, наҳий мункар қилмаса ҳам бўлаверади, деган маънони билдирмаслигини айтиб, сўнгра деди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман, айтганлар: “Агар одамлар мункар - ёмонлик, гуноҳ ишларни кўрган вақтларида ўзгартирмасалар, уни тўхтатмасалар, Оллоҳ таоло Ўз азобини уларнинг ҳаммаларига умумий қилиб бериши аникдир!”

Бу оятни Пайғамбар алайҳис-салом шундай шарҳлаган эканлар: "Яхшиликка юрингиз, ёмонликдан қайтингиз! Қачон одамларнинг бахилликка, нафсу ҳавога ва молу дунёга берилиб кетганларини кўрсангиз, ўзингизни бу иллатлардан сақлангиз, шунда уларнинг қилган ишларининг сизга зарари бўлмайди”.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу ривоят қилди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Оллоҳ таоло белгилаб қўйган чегараларга жиддий қарамасдан бепарво бўладиган ва у чегараларни бузадиган кимсаларнинг мисоли худди бир қавмга ўхшайдики, улар кемага миниб, жойларини бўлиб олишган - баъзиларига кеманинг остки қисми теккан, баъзилари эса устки қисмини эгаллаганлар. Пастагилар дарёдан сув олмоқчи бўлсалар, устки қисмга чиқиб, юқоридагиларни безовта қилиб кема четига бориб сув олар эдилар. Шунинг учун пастдагилардан бири қўлига болта олиб, кема остини чўқий бошлади. Буни кўрган устки қаватдагилар: “Нима қиляпсан”, деб сўрашганида, у жавоб қилди: “Мени деб сизлар ҳам қийналиб кетдинглар, менга эса сув керак. Шунинг учун сизларнинг оромингизни бузмай деб, ўзимга тегишли жойни тешиб сув олмоқчиман”. Мана шунда юқоридагилар, яъни, уламолар унинг, яъни, илмсиз кишининг қўлидан ушлаб тўхтатсалар, уни ҳам, ўзларини ҳам қутқарган бўладилар, агар билганингни қил, деб уни тарк этадиган бўлсалар, уни ҳам, ўзларини ҳам ҳалок қилган бўладилар - кема чўкиб кетади!”

Шунинг учун ҳам Ҳазрати Алий каррамаллоҳу важҳаҳу айтади: “Энг афзал жиҳод - яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш”.

105. Сизлар яна аниқ ҳужжатлар келганидан кейин фирқа-фирқа бўлиб бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ундайлар учун улуғ азоб бордир.

Ушбу оятларда Оллоҳ таоло бизларга: "Сизлардан бир уммат барпо бўлсин", деб буюрди. Уммат дегани шундай бир жамоатки, у жамоатнинг бир раҳбари бўлади. Ана шу бошлиғига итоат қиладиган жамоатни уммат дейилади.

Имом деган сўз айни ўша уммат сўзидан келиб чиққандир. Имомга намозда иқтидо қилиб эргашадиган кишилар жамоат бўладилар. Агар бутун ҳаётимиз бўйи бировга эргашсак, биз ўша одамга уммат бўламиз. Биз мусулмонлар ибодатимизда ҳам, ҳаётимизда ҳам, бутун муомалотимизда ҳам Ҳазрати Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга эргашганимиз учун, бизни Муҳаммаднинг умматлари дейилади. Демак, уммат Расулуллоҳ алайҳис-саломнинг жамоатларидир.

Ҳақ таоло ушбу жамоати Исломийяни жипс, иттифоқ бўлишга буюради, ғайридин - мушриклар каби бўлиниб, турли фирқа ва ҳизбларга бўлинишдан қайтаради, акс ҳолда улуғ азобга гирифтор бўлишлари ҳақида огоҳлантиради. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабарлар бор: “(Оллоҳга) қайтгувчи бўлган ҳолларингизда (Унинг Динини маҳкам тутинглар) ва У Зотдан қўрқинглар ҳамда намозни тўкис адо қилинглар! Мушриклардан бўлманглар! Динларини бўлиб, фирқа-фирқа бўлиб олган кимсалардан (бўлманглар)! Ҳар бир ҳизб — фирқа фақат ўз олдиларидаги нарса билан хурсанддирлар”. (Рум сураси, 31-32г-оятлар), “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз динларини бўлиб, ўзлари ҳам турли тўдаларга — ҳизбларга бўлиниб олган кимсалар тўғрисидан бирон нарсада (масъул) эмассиз. (Яъни, улар Сизга уммат эмаслар). Уларнинг ишлари фақат Оллоҳнинг ўзига ҳавола. Кейин (Қиёмат Кунида) У Зот уларга қилиб ўтган ишларининг хабарини берур”. (Анъом сураси, 159-оэт).

Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг мусулмонлар иттифоқи-бирлиги хусусида айтган муборак ҳадислари ҳар бир мусулмон учун дастурул-амалдир: “Мўминларнинг ўзаро биродарлик, бир-бирларига меҳру мурувватдаги мисоллари худди бир бадан кабидирки, ундан бирон аъзога хасталик етса, бадандаги бошқа аъзолар ҳам бедор бўлиб, ҳароратлари кўтарилиб кетади”. (Муслим ривояти).

Имом Бухорий, Муслим, Термизий ва Насоийлар ривоят қилган ҳадиси шарифда эса: “Мўмин мўминга нисбатан худди ёнма-ён турган бинолар кабидир. Бири бирини суяб туради”, дейилган.

Умар ибн Хаттоб розияллоху анҳу айтди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимни жаннатдаги роҳат хурсанд қилса, бас, у жамоатни маҳкам ушласин. Чунки шайтон ёлғиз кимса билан бирга бўлади. Икки мусулмон бирлашганда у олислайди (яъни, мусулмонлар жамоати кўпайган сари шайтон улардан олисроққа қочаверади)”, деб марҳамат қилдилар.

Шайх Алоуддин Мансур, роҳимаҳуллоҳ

Қуръони азим тафсири, Оли Имрон сурасидан