Яъни, «Эй пайғамбарлар, сизларнинг динингиз, миллатингиз битта - Исломдир. Парвардигорингиз битта - Аллоҳдир. Демак ўша ягона Парвардигорингиз бўлган Аллоҳдан қўрқинглар». Ояти каримадаги “уммат” сўзи она тилимизда “миллат, дин” маъноларини ҳам ифодалайди. Аллоҳ таолонинг инсониятга юборган дини асосда бирдир, яъни тавҳид динидир. Демак, барча пайғамбарлар Ислом даъвати билан келишган, тавҳидга чақиришган. Бунга Қуръони каримнинг кўпгина оятлари далолат қилади. Ислом ўз моҳиятига кўра, Нуҳ алайҳиссалом замонларидан то пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломгача келган барча пайғамбарларнинг рисолатидир. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “(Эй имон келтирганлар, Аллоҳ) сизлар учун дин бўйича Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, шунингдек Биз Иброҳим, Мусо ва Исога буюрган нарсани шариат қилди: “Динни барпо қилинглар ва унда фирқа-фирқаларга бўлинманглар!”. (Эй Муҳаммад), сиз даъват қилаётган нарса (тавҳид) мушрикларга оғирлик қилди. Аллоҳ динга Ўзихоҳлаган кишиларни танлайди ва Унга инобат қиладиганларни ҳидоят сари йўллайди” (Шўро, 13).
53. Сўнгра (яхлит) ишларини майда-майда қилиб юборишди. Ҳар бир фирқа ўз ҳузуридаги нарса билан хурсанддир.
Аввалда сизнинг динингиз яхлит бир дин эди, кейинчалик уни инсонлар ўз манфаатларидан келиб чиқиб турли майда дин ва таълимотларга бўлиб юборишди. Аллоҳ таоло юборган барча пайғамбарлар: Одам, Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо, Муҳаммад алайҳимуссалом инсониятни аслида бир динга - Аллоҳ таолонинг улуҳиятда ва рубубиятда ягоналигига, Унинг китобларига, фаришталарига, пайғамбарларига ва қиёмат кунига имон келтиришга, фақат Унга ибодат қилишга даъват этишган. Пайғамбарлар бир динда бўлишгани учун бир динга - Аллоҳнинг тавҳидига чақиришган эди. Улардан кейин қолганлар эса яхлит ишларини, яъни динларини турли оқим ва фирқаларга бўлиб, майда-майда қилиб юборишди. Оқибатда ҳар бир гуруҳ ёки фирқа ўз дини, мазҳаби, фирқаси, йўлбошчиси билан фаҳрланиб, ўзиникидан бошқаларни ёмон кўриб, нафратланиб юрибди. Динни парчалаш, диний биродарликка раҳна солиш, ягона миллатни пароканда қилиш, турли фирқаларга бўлиниб кетиш Аллоҳнинг ягона динини майдалаштириш, унга зарба беришдир. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, Аллоҳдан кўркрнгиз ва ўз ораларингни ўнглангиз! Агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига бўйинсунингиз!» (Анфол, 1). Ана шу илоҳий амрлардан чекиниб, Ислом биродарлигига хиёнат қилувчи кимсаларга эса Аллоҳ таоло қаттиқ жазони ваъда қилади: «Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф ҳилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз! Ана шундайлар учун улуғ азоб бордир» (Оли Имрон, 105).
"Тафсири Ирфон", Мўминлар сурасидан
Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий