loader
Foto

Қуръон мавзулари: йигирманчи оқшом, йигирманчи жуз...

“Сен: «Аллоҳга ҳамд бўлсин ва у танлаб олган бандаларига салом бўлсин. Аллоҳ яхшими ёки улар ширк келтираётган нарсаларми?» дегин”.

Еру осмонни яратган, сув тушириб боғлар чиқарган, ерни қароргоҳ қилган, тоғлар, ўртаси тўсиқли денгизларни яратган, ночор одамнинг дуосини қабул қиладиган, одамларни Ерда халифа қилган, қуруқлик ва денгиз зулматларида тўғри йўлга солиб турган, Ўз раҳматидан шамолларни хушхабар қилган ягона Зот Аллоҳ турганда қандай қилиб буларни эсламай сохта илоҳларни Аллоҳга шерик қиладилар?



383-бет (Намл 64-76)

“Ёки аввал-бошдан яратадиган, сўнгра яна қайтадан яратадиган ва сизларни осмонлару ердан ризқлантирадиган зот яхшими? Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми?! «Агар ростгўй бўлсангиз ҳужжатингизни келтиринг», дегин”.

Ғайбни, жумладан Қиёмат қачон бўлишини фақат Аллоҳ билади. Кофирларда бу ҳақда илм эмас фақат шубҳалар бор. Улар тупроқ бўлиб кетган одамларнинг қайта тирилишни ақлларига сиғдиролмайдилар, бу хабарларни эскилар афсонаси дейдилар.

“Сен: «Ер юзида сайр қилинглар ва жиноятчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинглар», деб айт. Сен улар ҳақида ғам чекма ва қилаётган макрларидан сиқилма ҳам”.

Кофирлар “қачон экан қайта тирилиш, айт агар ростгўй бўлсанг”, маъносида гапирадилар. Бунга жавоб: “Сиз инкор қилган нарса яқин қолгандир балки” маъносда жавоб бериш.

Одамлар Аллоҳ фазлини кам сонли вақтлардан ташқари оз эслайдилар

Аллоҳ барча нарсани ва хатто дилларга яширинган нарсаларни билади. Ғайб хабари Еру осмонда йўқ, балки у очиқ ойдин кўринишда Китобда берилган.

Бани Исроил ичида бўлаётган ихтилофлар учун Қуръонда ечим борлиги.



384-бет (Намл 77-88)

Қуръон мўминлар учун Ҳидоятдир, Азиз ва Билгувчи зот одамлар орасини ҳукми ила чиқаради. Пайғамбар очиқ мубин ҳақ устида, Аллоҳга таваккал қилишга амр. Пайғамбарнинг зиммасида эмас Ҳақиқатга нисбатан ўлик бўлганлар ёки Ҳақдан ўзини олиб қочганларни, кўрларни залолатдан ҳидоятга чиқариш. Пайғамбар хитобларини имон келтирган мусулмонлар эшитади.

Қиёмат яқинлашгани аломати бўлган ер ҳайвони чиқиши ҳақида.

Оятларни пухта англамай инкор қилганларнинг Қиёматда сўлай олмай қийин аҳволга тушиши.

Имон келтирганлар сокинлик вақти кеча ва кўриш вақти кундуздан ибратланадилар.

Қиёматда сур чалиниши, тоғлар булутдек сузиб юриши.



385-бет (Намл 89-Қасос 5)

“Ким яхшилик қилса, унга ундан кўра яхшироқ (мукофот) бўлур. Ҳамда улар ўша куннинг даҳшатидан омондадирлар. Ким ёмонлик қилса, бас, юзтубан дўзахга ташланурлар ва:

«Сизларга фақат қилган амалларингиз жазоси берилмоқда, холос», (дейилур). Мен ушбу шаҳарнинг Робби, уни ҳаром қилган зотга ибодат қилишга амр этилдим, холос.

Ҳамма нарса Уникидир. Ва мусулмонлардан бўлишга амр этилдим. Ва Қуръонни тиловат қилишга (амр этилдим).

Ким ҳидоят топса, фақат ўзи учун ҳидоят топадир. Ким залолатга кетса, унга: «Мен огоҳлантиргувчиларданман, холос», дегин.  

Сен: «Аллоҳга ҳамд бўлсин! У сизларга ўз оят-мўъжизаларини кўрсатур. Сиз уларни кўриб, танийсиз», деб айт. Роббинг қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир”.

Қасос сураси

“То. Сийн. Мийм”.

Ушбу очиқ ойдин Китобда пайғамбар Мусо (а.с) ва бузғунчи Фиръавн тарихи ортида Аллоҳ қандай ҳикматни ирода қилгани: эзилган заиф бўлганларга неъматлар берилиши, уларни пешво бўлишларни ва мерос эга бўлишлари...



386-бет (Қасос 6-13)

...уларга ер юзида имконлар берилиб, Фиръавн, Ҳамон ва икковларининг аскарларига бас келганликларни кўрсатиш.

Мусо (а.с) онаси пайғамбарни чақалоқлигида Аллоҳнинг амри билан сувга солиб оқизиб юбориши, Фиръавн аҳли ва хотини болани топиб, асраб олишлари. Мусо (а.с) опаси сарой аҳлига боланинг онасини эканлигини яшириб эмизиб беришига онасини далолат қилиши.

“Бас, Биз уни онасига кўзи қувончга тўлиши, хафа бўлмаслиги ва, албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини билиши учун қайтардик. Лекин кўплари буни билмаслар”.



387-бет (Қасос-14-21)

Мусо (а.с) илмли ва ҳикмат соҳиби бўлиб улғайиши. Икки киши урушаётганда ўз қавмдоши тарафини олиб бошқасини уриб ўлдириб қўйиши. Мусо (а.с) бу хато ишида қаттиқ афсус қилади, Аллоҳдан кечиришни сўрайди ва бошқа жиноятчилар тараф бўлмасликка, хаттоики у ўз қавмидан бўлса ҳам, ваъда беради. Ёрдам сўраган жиноятчи қавмдошига кескин рад жавобини беради ва қавмдоши унга туҳмат қилиб, айблайди. Мусо (а.с) бир кишидан огоҳлантирув хабарини олиб, шаҳардан Аллоҳга нажот дуосини қилиб чиқиб кетади.



388-бет (Қасос-22-28)

Мусо (а.с) Мадян диёрига сафар қилиб, у ерда оппа сингилларга чорваларини суғоришга ёрдам бериши, уларнинг отаси билан танишиб, унинг 8-10 ўн йиллик ҳизматида қолиши шарти билан қизларининг бирига никоҳланиши ҳақида Аллоҳга таваккал қилиб аҳдлашуви.



389-бет (Қасос 29-35)

Аҳд муддати тугаб Мусо (а.с) оиласи билан сафарга чиқади. Тур тоғида олов кўринган жойга боради, у ерда Аллоҳ унга сўзлайди: Ўзини танитади, асо ва қўл мўжизаларини ато қилиб, Фиръавн олдига даъват билан боришга амр қилади. Мусо (а.с) Миср аҳлидан бир кишини ўлдириб қўйганлик хатоси оқибатидан хавотир олиб, ўзига биродари Ҳорунни ҳамрох қилишни сўрайди, унинг тили бурророқлигини айтади.

“У зот: «Биз сени оғанг билан қувватлаймиз ва икковингизга бир салтанат берурмизки, улар сизга етиша олмаслар. Бизнинг оятларимиз ила иккингиз ва сизга эргашганлар ғолибдирсиз», деди”.



390-бет (Қасос 36-43)

Мусо (ас) даъватини одамлар ёлғонга чиқариб, сеҳрда айблайдилар. Мусо (а.с) ҳидоят Аллоҳданлигини, золимлар нажотсиз бўлишини таъкидлайди.

“Ва Фиръавн: «Эй аъёнлар, мен сизларга ўзимдан бошқа илоҳ борлигини билмасман. Бас, эй Ҳомон, лойга ўт ёқиб, мен учун бир баланд қаср қур, шоядки (унга чиқиб) Мусонинг илоҳини кўрсай. Албатта, мен уни ёлғончилардан деб ўйламоқдаман», деди”.

Фиръавн ва аскарлари кибрга берилиб, ноҳақликлар қилар эдилар. Аллоҳ уларни тутиб денгизга улоқтириб ҳалоқ қилганига ибрат учун назар солиш. Улар дўзаҳга чақирадиган пешво қилиндилар, бу дунёда уларга лаънат эргашди, Қиёматда улар (раҳматдан) йироқ қилиндилар.

“Батаҳқиқ, Биз аввалги асрларни ҳалок қилганимиздан сўнг Мусога одамлар учун нур, ҳидоят ва раҳмат қилиб китобни бердик. Шоядки улар эсласалар”.



391-бет (Қасос 44-50)

Муҳаммад (с.а.в) бу воқеалар бевосита гувоҳи бўлмаган, бу узоқ жойлардан, асрлар ўтган хабарнинг етказилиши авваллари пайғамбарлари бўлмаган қавм учун раҳмат эслатмасидир.

Кофирлар ўз зулмларига баҳоналар топадилар, пайғамбар ҳақ билан келганда имон келтирмасликка янги баҳона топадилар, Ваҳий бўлиб келган Қуръон ва аввалги Китобларни сеҳр деб куфр келтиришларини ошкор қиладилар.

Кофирларга Аллоҳнинг икки Китобидан кўра тўғрироқ китоб келтириш талаб қилинганда, улар жавоб бера олмайдилар чунки улар ҳавои нафсларига эргашиб, ҳидоятдан бенасиб қоладила. Аллоҳ золимларни ҳидоятламас.



392-бет (Қасос 51-59)

Илоҳий қавл одамларнинг эслашлари учун етказилди. Китоб аҳлидан бўлган баъзилар бу ҳақиқатларни тасдиқлаб имон келтирдилар, уларга икки карра ажр бор. Бундай одамлар яхшилик билан ёмонликни даф қилувчи, садақалар берувчи, беҳуда гаплардан ўзларини четлатиб, жоҳиллардан чиройли одоб билан узоқлашувчилардир.

“Албатта, сен ўзинг севган кишингни ҳидоят қила олмассан. Лекин Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани ҳидоят қилур. У ҳидоятга юрувчиларни яхши билгувчи зотдир. Албатта, сен ўзинг севган кишингни ҳидоят қила олмассан. Лекин Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани ҳидоят қилур. У ҳидоятга юрувчиларни яхши билгувчи зотдир”.

Дунёнинг моддий машиатига ҳаддан ташқари берилган юртларнинг қанчадан қанчаси ҳалок қилингани, улар йўқ бўлгач мулкларига Аллоҳ ворис бўлиб қолган.

Пайғамбар орқали ҳақ етказилмасдан туриб Аллоҳ золим юртларни ҳалок қилмаган.



393-бет (Қасос 60-70)

“Ва сизга берилган нарсалар бу дунёнинг матоҳи ва зийнати, холос. Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса яхшироқ ва боқийдир. Ақл ишлатмайсизларми?”

Мўмин киши Аллоҳнинг ваъдасига биноан Дунёда муносиб ҳаёт кечиради ва Охиратда мукофотланади. Кофир киши Аллоҳнинг ваъидига қарамай Дунёда матоҳларига берилиб, Қиёматда оғир аҳволда туради. Бу икки тоифа баробарми?

Қиёматда сохта маъбудлар чақирилиши сўралади, кофирлар ўзлари адашиб, бошқаларни адаштирганликларини тан оладилар, “бизга ибодат қилишмаган” деб, ўзларини оқламоқчи ҳам бўладилар. Кофирлар сохта маъбудларни чақирганларида жавоб олмайдилар. Бу дунёда ўзлари ҳидоятдан юз ўгирганлар, пайғамбар чақириғига  нима жавоб берганликлари эслатилади. Қиёматда кофирлар ўзаро хабарлаша олмасликлари. Тириклигида тавба қилиб, имон келтириб, солиҳ амаллар қилганлар қутқариладилар.

Яратиш ихтиёри фақат Аллоҳда, махлуқларда эмас, Аллоҳ ширк келтирилаётган нарсалардан пок ва юксакдир, қалблардан яширинч ва ошкорасини билади.

Таржима: “У Аллоҳ, Ундан бошқа ибодатга сазовор илоҳ йўқ зотдир. Бу дунёда ва охиратда барча ҳамд Унгадир. Ҳукм ҳам Унинг Ўзигадир ва Унгагина қайтарилурсизлар”.



394-бет (Қасос 71-77)

Аллоҳ тунни Қиёматгача давомий қилмаслиги ва кундузни ҳам Қиёматгача давомий қилмаслигининг ҳикмати. Ҳақиқатни эшитиш, назар солиш, шукр қилишга чақириқ.

Қиёматда Аллоҳга шерик тутилган сохта маъбудларни чақиришга хитоб ва ҳар бир умматдан гувоҳлик берувчи чақирилиб, хужжат талаб қилиниши ҳақида.

Мусо (а.с) қавмидан Қорун ниҳоятда бой бўлиб, туғёнга кетганлиги. Унинг қавми Қорунга ҳақни етказиб насиҳат қилади, кибрдан қайтаради, Аллоҳнинг неъматларини эслашга ва яхшиликлар қилишга чақиради.



395-бет (Қасос 78-84)

Қорун жавоби: “У: «Менга у фақат ўзимдаги илм туфайлигина берилгандир», деди. У, албатта, Аллоҳ ундан олдинги асрларда ундан кўра қувватлироқ, ундан кўра кўпроқ (мол) тўплаганларни ҳалок этганини билмасмиди?! Гуноҳкорлардан гуноҳлари ҳақида сўраб ўтирилмас”.

Дунё ҳаётини истайдиганлар Қорунга маҳлиё бўладилар ва орзуларга бериладилар.

“Илм берилганлар эса: «Вой бўлсин сизларга! Иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганлар учун Аллоҳнинг савоби яхшидир. Унга фақат сабр қилганларгина эришурлар», дедилар”.

Қорунни турган ҳовли жойи билан ер Аллоҳ амри билан ютади. Қорунга кечагина маҳлиё бўлганлар энди кўзи очилиб, ҳақни танийдилар.

Охират диёри такаббур ва бузғунчи бўлмаганлар учун. Оқибат тақводорларники.

“Ким бир яхшилик келтирса, унга у(яхшилиги)дан кўра хайрлироқ (мукофот) бор. Ким бир ёмонлик келтирса, ёмонлик қилганлар фақат қилганларига яраша жазоланурлар”.



396-бет (Қасос 85-Анкабут 6)

Аллоҳ Қуръонни пайғамбарга фарз қилган. У ким ҳидоятда ва ким залолатда эканини билади, Аллоҳнинг раҳмати бўлмаса бу оятлар ваҳий қилинмасди. Кофирлага ёрдамчи бўлиб қолмаслик учун уларнинг оятлардан тўсишига йўл қўймаслик даъватдан тўхтамасликка, мушриклардан бўлиб қолмасликка амр.

“Аллоҳдан ўзга ҳеч бир илоҳга илтижо қилма. Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Ундан ўзга ҳар бир нарса ҳалок бўлгувчидир. Ҳукм Унинг Ўзигагинадир ва фақат Унгагина қайтарилурсиз”.

Анкабут сураси

“Алиф. Лом. Мийм. Одамлар “иймон келтирдик” дейишлари ила имтиҳон қилинмай, тарк этилишларини ўйладиларми?”

Аввалги одамлар ҳам синовда бўлганлар. Аллоҳ ростгўйлар ва ёлғочиларни билади.

Ёмонлик қиладиганлар Аллоҳдан қочиб қутулишни ўйламасинлар.

Аллоҳ билан учрашувдан умидворлар албатта ўша вақт келишини биладилар. Аллоҳ Эшитувчи ва Билувчи Зот эканлигини унутмаслик.

Жидду жаҳд қилувчилар ўлари учун қиладилар, Аллоҳ барча оламлардан беҳожатдир.



397-бет (Анкабут 7-14)

Имон келтирганлар ва солиҳ қилганларнинг ёмонликлари ўчирилиб, мукофотланадилар. Ота онага яхшилик қилишга тавсия. Ширкка мажбурловчиларга итоат қилмаслик, Аллоҳга қайтиш борлиги.

Имон келтириб, солиҳ амал қилганларни Аллоҳ солиҳлар қаторига қўшади.

“Ва одамлардан, Аллоҳга иймон келтирдик, дейдиган, сўнгра Аллоҳнинг йўлида озорланса, одамларнинг фитнасини Аллоҳнинг азобидек қабул қиладиганлари ҳам бор. Агар Роббинг томонидан нусрат келса, улар, албатта, биз сиз билан бирга эдик, дерлар. Аллоҳ оламларнинг кўксиларидаги нарсаларни ўта билгувчи зот эмасми?! Албатта, Аллоҳ иймон келтирганларни ҳам яхши билур, мунофиқларни ҳам яхши билур”.

Кофирлар бошқаларни ўзларига эргаштирмоқчи бўлиб, “гуноҳингларни биз кўтарайлик” дейишади, аслида улар ўзгаларнинг хатоларини кўтара олмайдиан ёлғончилар. Қиёматда эса ўз гуноҳ юклари ва бошқалар юкларини кўтарадилар.

“Ва, батаҳқиқ, биз Нуҳни қавмига Пайғамбар этиб юбордик. Бас, у улар ичида эллик йили кам минг йил турди. Сўнгра уларни золим бўлган ҳолларида тўфон олди”.



398-бет (Анкабут 15-23)

Нуҳ (а.с) аҳли кемада нажот топишида оят-белгилардан ибрат.

Иброҳим (а.с) ўз халқини тақво қилишга, бут санамларга эмас Аллоҳга ибодат қилишга даъвати, ризқни ҳам Аллоҳдан сўрашга чақириғи.

Инкор қилувчиларга хитоб: аввалги одамлар ҳам рисолатни ёлғонга чиқарганлар, оқибатлари аянчли бўлганини эслатиш.

“Аллоҳ махлуқни аввал-бошдан қандай пайдо қилишини, сўнгра уни яна қайтаришини кўрмайдиларми?! Албатта, бу Аллоҳ учун осондир”.

“Сен: «Ер юзида сайр этиб юринглар ва махлуқотларни У зот аввал-бошдан қандай яратганига назар солинглар. Сўнгра Аллоҳ охират ҳаётини пайдо қилур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. Кимни хоҳласа, азоблайдир, кимни хоҳласа, раҳм қиладир. Унгагина қайтарилурсизлар. Сиз на ер юзида ва на кўкда У зотни ожиз қолдиргувчи эмассиз. Сизга Аллоҳдан ўзга дўст ҳам, ёрдамчи ҳам бўлмас», деб айт. Аллоҳнинг оятларига ва Унга рўбарў бўлишга куфр келтирганлар, ана ўшалар Менинг раҳматимдан ноумид бўлдилар. Ана ўшаларнинг ўзларига аламли азоб бор”.



399-бет (Анкабут 24-29)

Иброҳим (а.с)нинг кофир қавми ўлдирмоқчи бўлдилар, аммо Аллоҳ уни қутқарди. Бу воқеада имон келтирганлар учун оят-белгилар бор. Иброҳим (а.с) қавмига бу дунёда вақтинча бутларига сиғиниб яшаб қолишлари, Қиёматда эса ўзаро бир биридан воз кечиб, лаънатлашувилари, дўзаҳдан қутқарувчилари бўлмаслиги хабарини беради.

Лут (а.с) Иброҳим (а.с)га ишониб, имон келтиради ва ҳақ йўлида Аллоҳни улуғлаб, ҳижрат қилади. Иброҳим (а.с) зурриётларидан Исҳоқ(а.с) ва Яқуб (а.с) пайғамбарлар чиқиши ва бу сулоладан Китоб бериладиган халқ чиқиши бу дунёдаги мукофотдир, охиратда эса у солиҳлар қаторида мукофотланади.

“Ва Лутни (ҳам юбордик). Ўшанда у ўз қавмига: «Албатта, сиз ўзингиздан олдин ўтган оламлардан ҳеч ким қилмаган фоҳиша ишни қилмоқдасиз. Сизлар эркакларга яқинлик қилиб, йўлни кесасизми ва тўплантиларингизда мункир иш қилурмисиз?!»деди. Унинг қавмининг жавоби: «Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга Аллоҳнинг азобини келтир», дейишдан бошқа бўлмади. У: «Эй Роббим, менга бузғунчи қавмларга қарши Ўзинг нусрат бер», деди”.



400-бет (Анкабут 30-38)

Иброҳим (а.с)га фарзанд туғилиш хушхабарини олиб келган фаришталар Лут (а.с) қавми ҳалок қилинишини ҳам айтишади. Пайғамбарнинг хавотирига жавобан Лут (а.с) аҳли хотинидан ташқари қутқарилиши хабари берилади. Фаришталар шу хабарни Лут (а.с)нинг ўзига ҳам етказишади. Фаришталар бу шаҳарнинг фосиқ аҳли устига осмондан азоб тушириб жазолайдилар. Бу қиссада ибрат учун оят-белгилар бор.

Шуъайб (а.с) Мадяндаги ўз қавмини Аллоҳга ибодат қилишга, охират ҳақида умидвор бўлишга, ерда бузғунчи бўлиб юрмасликка чақиради. Улар пайғамбарни ёлғочига чиқардилар ва ер силкниши билан чўккалаб қолдилар.

Од ва Самуд қавмларининг масканлари аён бўлиб турибди, уларнинг амалларини Шайтон зийнатлаб, кўрсатиб уларни тўғри йўлдан тўсди, улар кўриб билиб тургувчи эдилар.



401-бет (Анкабут 38-45)

Қорун, Фиръавн ва Ҳомонларга ҳам Мусо (а.с) орқали Ҳақ етиб борганди, улар мутакаббирлик сабабли жазодан қочиб қутила олмадилар. Шунга ўхшаш тарихлар бўлган, улар гуноҳлари сабабли турлича услубда ҳалок қилиндилар.

“Аллоҳни қўйиб, ўзга дўстлар тутганларнинг мисоли ўзига уй тутган ўргимчакка ўхшайди. Ҳолбуки, энг заиф уй ўргимчакнинг уясидир. Кошки билсалар эди. Албатта, Аллоҳ улар ўзидан бошқа нима нарсага дуо қилаётганларини яхши биладир. Ва У азиз ва ҳаким зотдир. Ушбу мисолларни Биз одамлар учун келтирурмиз. Лекин уларга олимлардан ўзгаларнинг ақллари етмас”.

“Аллоҳ осмонлар ва ерни ҳақ ила яратгандир. Албатта, бунда мўминлар учун оят-белги бордир”.

“Сенга китобдан ваҳий қилинган нарсани тиловат қил ва намозни тўкис адо эт, албатта, намоз фоҳиша ва мункар ишлардан қайтарур.

Албатта, Аллоҳнинг зикри буюк ишдир.

Аллоҳ нима қилсангиз, билур”.

Жамшид Муслимов