loader
Foto

Камбағаллик айб эмас

Фақир-камбағалларни севишда Набийни севиш бор. Аммо фақир одам қаноатли бўлса, халқдан бирор нарса тамаъ қилмаса, уларнинг қўлидаги нарсадан умидвор бўлмаса, қандай йўл билан бўлмасин мол-дунё орттиришга интилмаса ёки ҳарис бўлмаса, шундагина у мақталувчи фақир ҳисобланади. Хабарда айтилганидек, «Бойларнинг уйига камроқ киринглар, акс ҳолда Аллоҳнинг сизларга берган неъматларини писанд қилмаган бўласизлар». Яна фақирларни жуда катта ажр-мукофотлардан, савоблардан тўсадиган бир иллат борки, бу уларнинг кибридир. Фақирнинг кибри бойларникидан ёмон бўлади, сабаби бой мол-давлатидан фахрланиб кибр қилса, камбағал ҳеч нарсага эга бўлмасдан туриб кибр қилади. Ана шу кибр ортидан у ҳамма ишда бойга тенглашишга интилади, ўзини бой кўрсатиш учун ҳар қандай алдов ва найрангларга боради, бу билан тақдирга исён қилган ҳисобланади.



 Хабарда айтилганки: «Уч кимсага қиёмат кунида Аллоҳ таоло гапирмайди ва қарамайди ҳам, уларга қаттиқ, аламли азоб бўлади: улар – зино қилувчи кекса, ёлғончи подшоҳ ва кибрли фақир кишилардир»; «Аллоҳ мутакаббирни ёмон кўради, мутакаббир фақирни ундан ҳам ёмон кўради».



Ҳақ йўлдан йироқ бўлган инсон учун фақирликнинг машъум хатарлари бор. Баъзи маънавий ожиз одамлар учун фақирлик, унинг ортидан келадиган қийинчилик-машаққатлар куфрга кетиш учун бир восита бўлиб қолиши мумкин. Чунки сабр ва қаноат каби улуғ неъматлардан бебаҳра инсонлар фақирлик имтиҳонининг қийноқларига дош беролмай, ҳар куни Яратгандан норози бўлиб, ширку исён байроғини кўтаришга одатланиб қолишади. Ўзини камситилган ҳис этишади ёки илоҳий адолат бузилганмикин, деган куфрона гумонларга боришади.

Баъзан фақирликда, камбағалликда яшаётган одамларни кузатсангиз, уларнинг гўё фақирликларига ўзлари айбдордай, ўксиниб, бошқалар олдида хижолат чекиб, ноқулай ҳолатга  тушишларини кўп кўргансиз. Ёки «Нима қилайлик, пешонамиз шўр экан, Худо бизни фақир қилиб, ночор қилиб яратиб қўйган бўлса!» деб зорланишганини эшитгансиз. Айримлари ўзларининг фақирликларидан уялиб, сал ўзига тўқроқ қариндошлар билан борди-келдини ҳам йиғиштириб қўйишади. Баъзилар камбағалликдан шунчалик орланишадики, таркидунё қилган роҳиб каби одамлардан бутунлай ўзларини тортишади. Маҳалла-кўй, тўй-маросимларга аралашишдан ҳам воз кечишади. Нима, камбағаллик айримлар ўйлаганидай, шунчалик айбми, камчиликми, пешонанинг шўрими, Аллоҳнинг жазосими ёки тақдирнинг шумлигими?

Йўқ ва яна йўқ. Агар инсон фақирлик орқасидан ўзига  қандай улуғ марҳамат, ажр-мукофотлар борлигини, у фақирлик билан синалаётган экан, бундан сабр, шукр орқали шараф билан ўта олса, уни боқий дунёда қандай улкан неъматлар ва мукофотлар кутаётганини тасаввур ҳам қила олмайди. Бежизга ўтмишдаги сўфийлар: «Агар ҳукмдорлар биздаги руҳий хотиржамликнинг сабабини билиб қолишса, эгнимиздаги жандаларни тортиб олган бўлишар эди», дейишмаган. Шундай экан, сиз фақирлик келганида хафа бўлиш ўрнига севининг, камбағаллигингизни қўрқмай, уялмай тан олинг, ўзингизни камбағалликка тайёрланг. Закот ейишдан уялманг, шуни билингки агар сиз каби камбағаллар бўлмаса, бойлар закотини бергани одам тополмай, Аллоҳнинг фарзини бажара олмай қолишарди-ку!  

Фақирона ҳаётнинг руҳий ва маънавий сакинати, қалб хотиржамлигини ҳеч нарсага тенглаб бўлмайди. Мол-дунёси бўлмаган одам уни тасарруф қилиш, кўпайтириш, фойда олиш, асраш, алданиш хавфи каби қанчалаб офат-хатарлардан омонда, хотиржам яшайди. Дунёнинг ташвиши ва ҳисоб-китоби миясини банд қилмагани учун ибодатларида ҳаловат, роҳатланиш  бор. Боқий дунёда ҳисобга тортилмаслигининг ўзи ва бунинг ортидаги қалб ҳаловатини унча-бунча нарса билан ўлчаб бўлмайди. Камбағалнинг бойлардан беш юз йил аввал жаннатга кириши башорати ҳамма бойликлардан устун мукофот эмасми? Хабарларда айтилганидай: «Одамларнинг олдидан айланиб юрганида бир ва икки луқма ёки битта ва иккита хурмо берсанг, олиб кетадиган киши ҳақиқий мискин эмас.  Ҳақиқий мискин ўзини беҳожат қиладиган нарса топа олмаса ва садақа бериш учун унинг аҳволидан бошқаларнинг хабарлари бўлмаса ҳамда ўзи ҳам тиланиб юрмайдиган кишидир»;  «Ҳар бир нарсанинг калити бор, жаннатнинг калити мискин-фақирларни севишдир».

Фақир саҳобийлар ораларидан бир кишини вакил қилиб Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига юборишди. Вакил у зотга бундай деди: «Мени асҳобингизнинг фақирлари ҳузурингизга юборишди». У зот: «Сенга ва сени юборганларга марҳабо! Улар мен севган кишилардир», дедилар. Келган вакил истакларини шундай баён қилди: «Бойлар моллари бўлгани учун ҳаж қилишяпти. Жуда кўп хайрли ишларни қилишяпти. Биз эса фақирлик орқасидан буларни уддалай олмаяпмиз. Шунинг учун охиратдаги мукофотимиз, хайрли амалларимиз оз бўлиб қоладими, деб ўйлаяпмиз. Мени сизга юборган фақирлар «бизнинг ҳолимиз нима бўлади», деб сўрашди. Фахри коинот бундай дедилар: «Фақирларга мендан шуни етказгинки, охиратда эришадиган мукофотларини ўйлаб, бу дунёдаги маҳрумият ҳолларига сабр қилсинлар. Чунки фақирларнинг бойлардан афзал учта жиҳатлари бор:

1. Уларга бу дунёда чеккан машаққат-қийинчиликлари, дунё неъматларидан бебаҳраликлари эвазига жаннатда шундай кўшк-пар бериладики, бошқалар у кўшкларга дунёда энг порлоқ юлдузларга қарагандек маҳлиё бўлиб қарашади. Бу кўшклар пайғамбарлар, шаҳидлар ва фақир мусулмонлар учундир.

2. Фақирларнинг ҳисоблари осон бўлади ва улар бойлардан олдинроқ жаннатга киришади.

3. Бой киши садақа бериб эришадиган савобга фақирлар: «Субҳаналлоҳи вал ҳамдулиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар», деб эриша олишади. Фақирлар бу каби зикр ва тасбеҳларни бойлардан кўпроқ айтишса, бойларнинг пул ва моллари билан қозонган савобларига шу айтган зикрлари билан эриша олишади».  

Зуннун Мисрий дейдики: «Бир камбағал дўстим бор эди, оламдан ўтди. Бир куни тушимга кирди. Ундан: «Аллоҳ сен билан қандай йўл тутди?» деб сўрадим. У шундай жавоб қайтарди: «Аллоҳ: «Пасткаш бойваччалар узатган нонни олмаганинг учун гуноҳларингни мағфират этдим», деди». Шу зотнинг яна бундай сўзи бор: «Илм аҳлидан бўлмиш ҳар бир эр илми зиёда бўлгани сайин мол-дунёга нафрати кучайиб, уни тарк этарди. Энди-чи? Бугун илми кўпайгани сари мол-дунё муҳаббати ва талаби кучаймоқда. Илгари олим одам молини илм йўлида сарф этарди. Бугун-чи? У илми орқали мол-дунё тўплайди. Илгари илм олувчининг ботини ва зоҳири кучга тўларди. Ҳозир-чи? Унинг ботини ҳам, зоҳири ҳам фасоддир».

Бишр Хофий айтади: «Фақирлар уч тоифа бўлишади: биринчиси сўрамайди, берсанг олмайди ҳам, бу тоифа руҳонияти олий одамлардир, улар Аллоҳдан сўрашса Аллоҳ беради, Аллоҳга қасам келтиришса қабул бўлади. Иккинчи тоифа сўрамайди, берсанг олади, булар ўрта қавм, Аллоҳга таваккул қилиб яшашади, буларга жаннатда дастурхонлар ёзилади. Учинчи тоифа сабрни ўзига қалқон қилганки, бошга ҳожат келса Аллоҳга мурожаат қилади, Ўзи сингарилар ёнига чиқади, ҳақиқатгўйлиги унинг хизматкоридир». Шу зотнинг мана бундай гаплари ҳам бор: «Шундай замонлар келадики, қоплаб дунё тентаклар қўлига ўтиб кетади». Ишонмасангиз,  атрофингизга бир назар солинг: беҳисоб мол-дунёга эга бўлганлар ақлли, доно, тақводор одамларми ёки аксинчами?

Абул Ҳасан Сирий бундай деганлар: «Ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрама, ҳеч кимдан ҳеч нима олма, шунда бировга беришга ҳеч ниманг бўлмайди. Дунёнинг турган-битгани ортиқчадир, лекин беш нарса бундан  мустасно: нон, сув, кийим, уй ва манфаатли илм».

Шақиқ Балхий фақирликни ёқлаб ўтган шайхлардан. У айтадики, «Дунёга интилиб ўлишдан сақлан, хотиржам бўлгинки, сенга ёзилган ризқ сендан ўзгага берилмайди. Банда фақирликни ихтиёр этиб, бойликдан қўрқиши қандай билинади? У бадавлат одам камбағал бўлиб қолишдан қўрққанидек бойиб қолишдан қўрқади ва фақирлик ҳолатини қўрқув билан сақлайди. Фақирликни сақлаш фақирликни Яратганнинг инъоми деб тушунишдир. Бойлардан четда юр, чунки қалбингни уларга боғласанг, улар билан ҳамтовоқ бўлсанг, улар итоатига тушиб қолиб, Раббингдан юз ўгирасан».

Муҳаммад ибн Баҳрин аш-Шажиний бундай деган эди: «Мол-мулким кўплигига қарамай, фақирликдан жуда қўрқар эдим. Кунлардан бир куни Абу Ҳафс Ҳаддод менга: «Агар  пешонангга фақирлик ёзилган бўлса, ҳеч ким сени бой қила олмайди», деди. Бу гапни эшитганим заҳоти фақирлик қўрқуви қалбимни тарк этди».

Баъзи кимсаларнинг камбағалларни қўл учида кўрсатиши, уларни назарга илмаслиги, улар ҳузурида бойлиги билан керилиши ёки кибрланиши, инсоний муносабатларда камбағаллардан устунлик даъво қилиши нодонликдан, жоҳилликдан бошқа нарса эмас.

Мана шундай нохуш ҳолатларга келин олишда, қиз чиқаришда айниқса кўпроқ дуч келинади. Келин ахтарганлар бойроқ хонадондан қиз олсам, ўғлимнинг келажаги таъминланади, қайнотаси ёки қайнонаси турмушда ёш оилани қўллаб туради, деган бемаъни хаёлларга боришади. Қиз узатадиганлар бадавлат хонадонга узатсам, егани олдида, емагани кетида, ҳеч нарсадан муҳтожлик кўрмай юради, деган режалар тузишади. Билишмайдики, Аллоҳ таолонинг ризқ тақсимлашда алоҳида ҳикмати, иродаси бор, бировга кўпроқ, бировга озроқ ризқ беради.

«Нега камбағалга қиз бермайсиз, битта айби гоҳо оч қолади-да», деб сўради бир доно киши маҳалладошларидан. Уларнинг чеҳрасида тасдиқ ишорасини  кўргач афсусланиб хитоб қилди: «Йўқ, аксинча бойнинг хонадонида оч қолади. Қизингиз юрган йўлида еса бой «нега туриб еяпсан», деб кўз очирмайди, ўтириб еса «нега ўтирволиб ейверасан», деб тинчлик бермайди. Ишонмасангиз, текшириб кўринг, барча бойларнинг келини ориқ… Камбағал эса фақирлигим сезилиб қолмасин, дея ҳали синашта бўлмаган келинга нуқул овқат тиқиштиради».

Аксарият бадавлат кишиларнинг қизлари тўкинчиликда, фаровонликда, эрка бўлиб улғайгани учун кўп ҳолларда оддий, камтарона яшайдиган хонадонларга муносиб келин бўлолмайди. Сабаби, одатда уларнинг қўлини совуқ сувга урдиришмайди, айтганини ҳамиша муҳайё қилишади, қилини эгри дейишмайди, хулласи ҳамма айбу нуқсонларини қилинган мўл-кўл сеплар, шоҳона тўй маросимлари ёпиб кетади, деб ўйлашади. Аксинча, камбағалроқ оиладан келин бўлиб тушган қизлар эсли-ҳушли, «оилам, эрим, рўзғорим» дейдиган, борган жойига тошдай чўкадиган, ҳамманинг хизматини қилиб кўнглини оладиган эпли бўлишади. Фақат уларнинг камхаржлигини, қўли калталигини бетига солмасангиз, арзимас майда-чуйда деб иззат-нафсини койитмасангиз, бўлди.

Шу ўринда Ҳазрати Умарнинг сутчи аёлнинг ҳалол қизини келин қилганлари ҳақидаги гўзал бир ривоятни келтириш ўринлидир: Умар ибн Хаттоб Мадина кўчаларини айланиб юрганларида бир воқеанинг гувоҳи бўладилар. Бир хонадонда сутчи аёл бугун сути одатдагидан камроқ кўрингани учун унга бироз сув қўшмоқчи бўлар, унинг қизи эса «Аллоҳдан қўрқмайсизми?» деб уни бу гуноҳ ишдан қайтарар эди. Воқедан воқиф бўлган Ҳазрати Умар эртасига эрталаб ўша хонадонга бориб, Аллоҳдан қўрқувчи, гўзал ахлоқли, яхши фазилатли ва иффатли қизни ўғлига хотинликка сўради. Бутун мусулмон оламининг амири ўғлини фақир қизга, оддий сутчининг қизига уйлантирди. Ўша покиза келиндан шундай фарзандлар дунёга келдики, улардан бири бобоси каби адолатни севувчи, Аллоҳдан қўрқадиган, тарихда «Иккинчи Умар» номини олган, халифалик қилган йиллари «энг саодатли ва адолатли давр» сифатида тарихга кирган Умар ибн Абдулазиз эди…

«Тазкират ул-авлиё»да шундай нақл қилинган: Шайх Ҳотами Асом Балх шайхларининг улуғларидан эди. Бир куни Ҳотам аёлидан:

– Мен тўрт ойлик сафарга кетяпман. Шу тўрт ойлик муддатга қанча нафақа қолдиришимни истайсан? – деб сўради. Аёли бундай жавоб қилди:

– Тирик қолишимга етгулик нафақа қолдиринг.

– Тириклигинг ва ўлиминг асло менинг қўлимда эмас,  Ҳақ таолонинг қўлидадир, – деди Ҳотам.

– Ундай бўлса, менинг ризқим ҳам сизнинг қўлингизда эмас, жаноби Ҳақнинг қўлидадир, – деди хотин.

Ҳотамга бу сўз маъқул келди ва хотинини дуо қилди. Қўшни хотинлар келиб аёлга: «Ҳотамдан нечун нафақа сўрамадинг?» дейишди. Хотин бунга жавобан:

– У киши ҳам мен каби ризқ еювчидир, бергувчи эмасдир, – деди.

Ҳофиз ибн Ражаб ушбу воқеани қози Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулбоқийдан нақл қилади: «Мен Макка шаҳрида фақирона ҳаёт кечирар эдим. Бир куни кўчада ҳамён топиб олдим. Уйга келиб очиб қарасам, ичидан бир шода марварид чиқди. Бунақасини умримда кўрмаган эдим.

Қайтиб кўчага чиқдим. Бир одам: «Мен ҳамёнимни йўқотиб қўйдим, ким топиб олиб қайтариб берса, беш юз динор бераман», деб юрган экан. Шунда мен: қорним оч, ҳожатмандман, ҳамённи бериб эвазига пулни оламану ундан фойдаланаман, деб ўйладим.

Ўша одамни чақирдим. У уйимга киргач, ҳамённинг ва ундаги марвариднинг белгиларини сўрадим, аниқ айтиб берди, шунда унга ҳамёнини топширдим. У беш юз динор пулни узатди, аммо мен олмадим, тўғрироғи олишни эп кўрмадим.

Орадан анча вақт ўтиб, денгиз сафарига чиқдим. Ногаҳон кемамиз ҳалокатга учраб, ҳамма сувга ғарқ бўлди. Аллоҳ таолонинг иродаси билан ёлғиз менгина бир парча тахтага ёпишиб, жон сақлаб қолдим. Кейин бир оролга чиқиб олдим ва ўша ердаги масжиддан паноҳ топдим. Қуръонни чиройли ўқишимни эшитиб, одамлар олдимга кела бошлашди. «Ёзувни ҳам биласанми?» деб сўрашди. «Ҳа», дедим. Улар бола-чақалари билан келиб, мендан ўқиш-ёзишни ўргана бошлашди. Моддий ёрдамлари туфайли мен ҳам ўзимни тиклаб олдим. Бир етим қизлари бор экан, бир куни улар мени уйлантириб қўймоқчи бўлишди. Аввалига рози бўлмадим, қистайверишгач кўнишга мажбур бўлдим.

Тўй куни…қизнинг бўйнидаги марваридга кўзим тушиб, ҳайратда қотиб қолдим. У ўша мен топиб олган марварид эди. Одамлар менинг аҳволимга ҳайрон… Уларга бошимдан ўтган воқеани айтиб бердим. Одамлар  такбир айтиб юборишди. Сўнг бу қизнинг отаси ўша ҳамёнини йўқотган киши эканини, у умрининг охиригача: «Дунёда ҳамёнимни қайтариб берган йигитга ўхшаган софдил кишини бошқа кўрмадим, эй Аллоҳ, мени яна ўша йигитга рўбарў қил, қизимни унга никоҳлаб берай», деб дуо қилганларини айтиб беришди…».

Аҳмад Муҳаммад

ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР (КАЛИТ СЎЗ БЎЙИЧА)

Камбағаллик айб эмас