loader
Foto

Ислом барча анбиёларнинг динидир

Ислом – ўзингни ва қалбингни буюк ва қудратли Аллоҳга топширмоғингдир. Яъни динни Аллоҳ учун холис қилган ҳолингда ёлғиз Унга ибодат қилмоғингдир. Анбиёларнинг ҳаммалари ана шу маъно билан юборилганлар. Барча китоблар ана шу маъно билан нозил қилинган. Бу маъноси билан Ислом Аллоҳ субҳанаҳуни ягона деб билиш, фақат шони олий бўлган Зотга ибодат қилмоқдир. Шунинг учун у барча анбиёларнинг динидир. Ундан ўзга дин йўқ. Ундан ўзга барча динлар самодан юборилган эмас, унга (Исломдан бошқа динга) даъват қилиш учун китоб ҳам нозил қилмаган, набий ёки расул ҳам юбормагандир. Анбиёларнинг дини бу ана шу маънодаги Исломдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзининг расулига хитоб қилиб: «Сендан илгари юборган ҳар бир Пайғамбарга: «Албатта, Мендан ўзга ибодатга сазовор илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қилинг», деб ваҳий қилганмиз», (Анбиё-25) дейди. Демак анбиёларнинг барчалари аслида шунга - Аллоҳга ибодат қилиш ва Тоғутдан сақланишга даъват қилиб келган. Шунинг учун Аллоҳ таоло: «Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги дин Исломдир», (Оли Имрон-19) дейди. Демак Аллоҳнинг наздида ундан бошқа дин йўқ. «Ким Исломдан бошқа динни хоҳласа, бас, ундан бу ҳаргиз қабул қилинмас ва у охиратда зиён кўргувчилардан бўладир», (Оли Имрон-85) дейди Аллоҳ. Шунинг учун ҳам расулларнинг пири бўлган Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмига қарата: «Бас, агар юз ўгирсангиз, мен сизлардан ажр сўраганим йўқ. Менинг ажрим фақатгина Аллоҳдан. Ва мен мусулмонлардан бўлишга амр қилинганман», (Юнус-72) деди. Иброҳим эса: «Чунки Робби унга: «Мусулмон бўл!» деганида, у: «Оламларнинг Роббига мусулмон бўлдим», деди. Иброҳим ўша (миллат)ни болаларига васият қилди. Яъқуб ҳам: «Эй болаларим, албатта, Аллоҳ сизларга динни танлади, сизлар мусулмон бўлмасдан туриб ўлмайсиз» деди». (Бақара:131-132)

Мусо ўз қавмига: «Эй қавмим, агар Аллоҳга иймон келтирган бўлсангиз, агар мусулмон бўлсангиз, фақат Унгагина таваккал қилинг», деди.(Юнус:84). Ийсонинг ёрдамчилари бўлган ҳаворийлар: «Биз Аллоҳнинг ёрдамчиларимиз, Аллоҳга иймон келтирдик ва бизнинг мусулмонлигимизга гувоҳ бўл», (Оли Имрон:52)дедилар. Фиръавннинг сеҳргарлари иймон келтирар эканлар: «Эй Роббимиз, устимиздан сабр тўккин ва мусулмон ҳолимизда вафот эттиргин», (Аъроф:126)дедилар. Сулаймон эса Билқисга элчи юборар экан бисмиллоҳдан сўнг унга: «Менга қарши бош кўтармай, таслим бўлган ҳолингизда келинг», дейилмишдир», (Намл:32) деди.

Демак Ислом барча анбиёларнинг дини экан. Зотан уларнинг ҳаммалари Исломга даъват қилганлар, Исломни эътироф этганлар. Аллоҳ Муҳаммад –соллаллоҳу алайҳи васаллам-билан  юборган Ислом ана шу динларнинг хотимасидир. У зот ўша динларни тугал қилиш ва тамомига етказиш учун, уларда пайдо бўлган оғишишлар, қўшимчалар ёки камчиликларни тузатиш, уни тозалаш ва охирига еткариш  учун келдилар. Бу ҳақда у зотнинг ўзлари: «Шубҳасиз, мен макоримул ахлоқни тамомига еткариш учун юборилдим», деганлар. (Аҳмад, Бухорий “адабул муфрад”да, Ҳоким, ва Байҳақий “Шуъаб”да ривоят қилганлар). Хуллас у зот ўзларидан аввалги китобларни тасдиқлагувчи ва тўлдирувчи этиб, уларнинг барчасининг устидан назорат қилгувчи ва тузатгувчи этиб юборилганлар. Шунинг учун ҳам бу барча анбиёларнинг динидир. Иброҳим алайҳиссалом ҳақларида у кишини яҳудий ёки насроний эди дейишлари қизиқ гап. «Иброҳим яҳудий ҳам, насроний ҳам бўлмаган эди. Лекин у ҳақ йўлдан тоймаган мусулмон эди. Ва мушриклардан ҳам бўлмаган».(Оли Имрон:67). Ҳақиқатда  у киши Ислом миллатининг соҳибидирлар.

Иброҳим алайҳиссаломнинг ўзлари бизларни мусулмон деб атаганлар. Шунинг учун ҳам махсус номи бор бўлган ҳеч бир динга у кишини нисбат бериб бўлмайди. Бунга сабаб Аллоҳ азза ва жалланинг бу динга Исломдан бошқа исмни ирода этмаганидир. Бу исм самодан келган асл диннинг исмидир. Аллоҳ уни Ўз бандаларини ҳидоятга бошлаш учун нозил қилган ва унга қўшиб Ўз расулларини юборган. Уни Аллоҳ ҳам  мусулмонлар ҳам мисол учун, Масиҳ алайҳиссаломга мансуб бўлган “масиҳийлик” сингари “Муҳаммадийлик” деб атамадилар. Зотан у барча анбиёлар унда муштарак бўлган умумий исломий бир диндир. «У зот сизларга дин этиб Ўзи Нуҳга васият қилган ва сенга ваҳий қилган нарсамизни ҳамда Иброҳим, Мусо ва Ийсоларга васият қилган нарсамизни шариат қилди. «Динни барпо қилингиз ва унда тафриқага тушмангиз», деди». (Шўро:13)

Шундай экан Ислом бу барча анбиёлар келтирган ақидалар, асл ахлоқлар ва фазилатлар  мажмуасидир. Кейин бу ерда баъзи бир нарсалар борки унда динлар бир- биридан фарқ қилади. У ҳам бўлса, одамларнинг ҳаётини муолажа қилиб турадиган кичик тафсилий қонунлардир. Зеро булар замонлар, асрлар, муҳитлар ва авлодларнинг ўзгариши ҳисобига ўзгариб туради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: «Сизлардан ҳар бирингизга алоҳида шариат ва йўл қилиб қўйдик» , дейди(Моида:48). Шунинг учун ҳам баъзи шариатлардаги ҳаром нарсаларни бошқа бир шариат ҳалол қилиб келган. Бундай ишнинг мисоли Масиҳ алайҳиссаломдан содир бўлган. Чунки Қуръон Масиҳдан хабар бериб шундай дейди: «Ва ўзимдан аввалги Тавротни тасдиқловчи бўлиб, сизга ҳаром қилинганнинг баъзисини ҳалол қилиш учун келдим». (Оли Имрон:50). Ислом шариати эса барча шариатларнинг ҳукмларини насх- бекор қилиш учун келди. Уларнинг ичидан салоҳиятлиларини қолдирди, бузилганларини олиб ташлади, камчилиги бор жойларини тўлдирди. Барча замон ва маконлар учун яроқли бўлган абадул абад қоладиган умумбашарий шариатни йўлга қўйиб келди.

Шайх Юсуф Қаразовий

Алоуддин Хофий таржимаси

ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР (КАЛИТ СЎЗ БЎЙИЧА)

Мусо алайхиссалом ва Қорун