loader
Foto

Текширувлар Хитойнинг Шинжондаги муслима аёлларни бичиш кампанияси тафсилотларини фош қилди

Шинжон минтақасидаги туғилиш даражасини пасайтиришга оид чоралар доирасида Хитойнинг муслима аёлларни контрацепция ва стерилизацияга мажбурлаши билан боғлиқ мудҳиш тафсилотлар яқинда ўтказилган текширув давомида маълум бўлган.

Шинжонлик уйғурлар, қозоқлар ва бошқа мусулмон эркак ва аёллар билан ўтказилган суҳбатлар, шунингдек, давлат статистикаси ва маҳаллий ОАВни ўрганиш натижасида Хитой режими тарафидан аҳолининг репродуктив ҳуқуқларини назоратга олиш бўйича «мажбурий чоралар» кўрилгани аниқланди, деб ёзади The New York Times газетаси 10 май куни.

2017 йилда Хитой ҳукумати Шинжон аёлларига бачадон ички контрацептиви (спирал) қўйишга буйруқ берар экан, этник ўзбек аёлларидан бири уни қўйиб юборишларини сўраб ёлворгани ҳақида сўзлаб берган.

Ўшанда ёши қарийб элликка бориб қолган Қалбинур Содиқ ҳукуматнинг туғилишни чеклаш бўйича кўрсатмаларини бажаргани ва биттагина бола туққанини айтган.

Аммо қаршилик қилиш бефойда эди. Ходимлар буйруқни бажаришдан бош тортган тақдирда уни полицияга олиб бориш билан қўрқитганлар.

«Мен ўзимни энди нормал аёл деб ҳис қилолмай қолдим», деди Содиқ давлат шифокори унга металл кўзгу ёрдамида спирал қўйганида қандай йиғлаганини тасвирлаб.

Спирал оғриқлар ва кучли қон кетишига сабаб бўлганидан кейин, у 2019 йилда стерилизациядан ўтишга қарор қилади.

«Ҳукумат шу даражада қаттиққўл бўлиб кетдики, мен энди спирал ҳам қўйдира олмас эдим», дейди 2019 йилда Хитойдан қочиб Голландияда қўним топган аёл. «Мен ўзимдан бутунлай умидимни уздим».

Бошқа аёллар ҳомиладорликни сунъий тўхтатишга, кўп болали бўлса ёки контрацептив воситалардан воз кечса, катта жарималар тўлашга ва ҳайзни тўхтатувчи дорилар қабул қилишга мажбурланганликлари ҳақида сўзлаб берганлар.

Ўтган йили вилоят пойтахти Урумчидаги патронаж ходими 18 ёшдан 59 ёшгача бўлган барча аёлларга ҳомиладорлик ва туғилишни назорат қилишга оид текширувдан ўтишни буюрган.

«Агар эшик олдида бизга қаршилик кўрсатсангиз ва биз билан ҳамкорлик қилишдан бош тортсангиз, сизни полиция бўлимига олиб борамиз», деб ёзган ходим Содиқнинг New York Times билан бўлишган WeChat хабарлари скриншотларига кўра.

«Ўз ҳаётингизни хавфга қўйманг», дейилади хабарларнинг бирида. «Бунга уринманг ҳам».

Пекиннинг «сиёсий қайта тарбиялаш» лагерлари, тергов ҳибсхоналари ва қамоқхоналарни ўз ичига олган 400 га яқин муассасаларида бир миллиондан ортиқ уйғур ва бошқа туркий мусулмонлар сақланмоқда.

Яна миллионлаб одамлар қатъий кузатув ва назорат тизими остида яшайди.

Қийноқлар, гуруҳ бўлиб зўрлаш, дўппослаш

Немис тадқиқотчиси Адриан Зенцнинг сўзларига кўра, Шинжонда аёлларни мажбурий бичиш муолажалари 2015 йилдан 2018 йилгача деярли олти баравар ошиб, 60 мингни ташкил қилган, Хитойнинг қолган қисмида эса бу кўрсаткич жуда паст бўлган.

«Шинжон аёллари хавф остида», дейди Гулнор Умрзоқ The New York Times газетаси билан суҳбатида. Расмийлар уни ва икки қизини ҳибсга олиш билан таҳдид қилганидан сўнг, у Қозоғистонга қочиб ўтган.

2015 йилда, учинчи фарзанди туғилганида, унинг шимолий қишлоғи расмийлари туғилишни қайд этишган. Уч йилдан сўнг улар туғиш чекловини бузгани учун аёлга 2700 доллар жарима солишган.

У қариндошларидан қарз олиб, мамлакатдан қочиб кетган.

«Ҳукумат одамларимизни алмаштиришни истайди», деди у.

Қамоққа тушиш реал таҳдидга айланган.

Зенцнинг тадқиқотларидан маълум бўлишича, Шинжоннинг Или префектураси округидан келган ҳукумат хабарномасида ҳомиладорликни тўхтатишдан ёки жарима тўлашдан бош тортган аёллар лагерларга юборилиши айтилган.

Воқеа шоҳидлари ва гувоҳларнинг кўрсатмаларидан маълум бўлишича, «даҳшатли ва мунтазам қонунбузарликлар» содир этиладиган лагерлардаги ҳаёт айримлар учун чидаб бўлмас ҳолатга келади.

Шу йил бошида собиқ маҳбуслар ва қўриқчилардан бирининг BBC нашри билан суҳбатида лагерлардаги муслима аёлларнинг мунтазам зўрлашлар, қийноқлар ва жинсий таҳқирлашлардан азият чеккани айтилган.

Улар электрошокерлар, жумладан электрик таёқлар билан зўрлаш, очлик билан қийнаш, калтаклаш, гуруҳ бўлиб зўрлаш ва мажбурий стерилизация ҳолатлари ҳақида сўзлаб берганлар.

«Уларнинг ўйинчоғи бўлиб қоласан», дейди Қозоғистонга сафар қилгани учун 10 ой Или префектурасидаги қамоққа жойлаштирилган Турсуной Зиёвуддин.

Уни уч марта қоронғу хонага олиш киришган, икки ёки учта ниқоб тақиб олган одам электрик таёқлардан фойдаланиб, уни зўрлаган. Бу ҳақда ҳозирги кунда Нью-Йорк шаҳридан қўним топган Турсуной New York Times нашрига телефон орқали сўзлаб берган.

«Ўша пайт ўлгинг келади, лекин, афсуски ўлолмайсан», дейди у.

Хитой ҳукумати бу муассасалардаги қийноқларга оид барча даъволарни рад этиб, уларни террорчиликни йўқ қилиш ва бандлик имкониятларини яхшилашга қаратилган «қайта тарбиялаш марказлари» деб атайди.

«Жинсий зўрлаш ва қийноқлар бўлиши мумкин эмас», деган эди феврал ойида Шинжоннинг расмий вакили Сюй Гуйсян.

Хитой ташқи ишлар вазири Ван И феврал ойида БМТдаги чиқишида Хитойнинг Шинжондаги этник озчиликларга нисбатан муносабатини мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари тараққиётининг «ёрқин намунаси», деб атаган.

«Қатлиомни» тўхтатиш чақириқлари

Қўшма Штатлар, Британия ва Германия расмийлари чоршанба (12 май) кунги видеомажлис чоғида Хитойни уйғур озчилигига нисбатан тазйиқни тўхтатишга чақирди.

«Шинжонда одамлар қийноққа солинмоқда. Аёллар мажбуран стерилизация қилиняпти», деб айтган БМТдаги АҚШ элчиси Линда Томас-Гринфилд «Human Rights Watch» билан ҳамкорликда ўтказилган ва уйғурларнинг кўрсатмалари тақдим этилган анжуман чоғида.

«Хитой ҳукумати Шинжонда инсониятга қарши жиноятларини, уйғурлар ва бошқа озчиликлар қатлиомини тўхтатмагунича, биз ҳам тўхтамаймиз ва жим бўлмаймиз», деб айтган у.

Британия элчиси Барбара Вудвард Хитойни БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарининг Шинжонга «зудлик билан, тўсиқсиз кириш ҳуқуқини беришга» чақирган.

«Оммавий тус олган асоссиз ҳибслар, ғойиб бўлиш ва қийноқлар юз бераётгани ҳақида далиллар бор», дейди у. «Шунингдек, кенг кўламли мажбурий меҳнат ва стерилизация ҳолатлари ҳақида ҳам хабарлар олинган.»

«2017 йилдан бери бир миллиондан ортиқ мусулмон суд қилинмасдан қайта тарбиялаш лагерларида ҳибсда сақланмоқда», дейди у Твиттерга жойлаган видеомурожаатида.

«Биз Хитойни умумжаҳон инсон ҳуқуқлари декларациясини ҳурмат қилишга чақириб, лагерларни йўқотишни талаб қиламиз», деб айтган Германия элчиси Кристоф Хойсген.

«Яширадиган ҳеч нарса йўқ экан, унда нима учун инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарга тўсиқсиз кириш ҳуқуқи берилмайди?», деб Хитойни сўроққа тутган у.

«Шинжондаги жорий вазият тарихдаги энг яхшисидир», деб таъкидлаган Хитой делегацияси ўз баёнотида.