loader
Foto

Хитой толибон билан музокаралар бошлади

Афғонистоннинг Mashal Afghan ресурси музокараларда олинган фотосуратларни Твиттер саҳифаларида эълон қилди. Маълум бўлишича, музокараларда Абдул Ғани Барадар ёки, бошқа ном билан айтилишича, мулла Барадар Ахунд — Толибон ҳаракатининг дала қўмондони ва етакчиси қатнашган.

Хитой сўнгги уч йил давомида Афғонистонда ўз иштирокини фаол кучайтирмоқда. Афғонистон ҳукуматига қарши курашаётган толиблар Хитой Халқ Республикасидан ўзларига керакли иқтисодий ёрдамни истайди ва Пекин, ўз навбатида, Афғонистонда автомобил йўллари қурилиши ва Мес Айнак мис конини ривожлантириш масалаларини мувофиқлаштиришга ҳаракат қилмоқда.

Афғонистондаги энг йирик мис кони устида қадимий иншоотлар мажмуаси жойлашган. Археологларнинг фикрича, мис асридаги қадимий масканлар ва эритиш устахоналари қарийб 5000 ёшда. Бироқ бугун улар конда ишларни олиб боришга халақит бермоқда.

Американинг CNBC телеканали маълумотларига кўра, Хитойнинг Metallurgical Group Corporation ва Jiangxi Copper тоғ-кон компаниялари дастлаб Афғонистон ҳукумати билан, кейин эса – Толибон билан тўхтовсиз мис таъминоти ҳақида келишиб олганлар. Шунингдек, тоғ-кон ишларини олиб бориш учун Будда шаҳрини бузиш эҳтимоли кўзда тутилган. Толибоннинг ўзи бир неча бор ўзининг диний-этик сабабларга кўра Афғонистондаги тарихий обидаларни вайрон қилган.

Қатар пойтахтида толибон вакиллари билан музокаралар илк бор ўтказилаётгани йўқ. 2020 йил 16 сентябрь ва 2021 йил 30 апрель кунлари Қўшма Штатлар толибон билан музокаралар чоғида Афғонистондаги можарони тинч йўл билан ҳал этишни муҳокама қилган. Шундан сўнг АҚШ ҳукумати 1 май куни Афғонистондан қўшинларни олиб чиқишни ташкил қилди ва 2001 йилги терактларнинг 20 йиллигига, 11 сентябргача олиб чиқиш якунланишини эълон қилди.