loader
Foto

Кобул: Толибон ҳарбий йўл билан ғалаба қила олмайди

Толибон ғалабани ҳеч қачон ҳарбий йўл билан қўлга киритолмайди. Бу ҳақида Афғонистон Миллий ярашув Олий Кенгаши раиси Абдуллоҳ Абдуллоҳ маълум қилди.

Абдуллоҳ охирги пайтларда мамлакатда зўравонликлар кўпайган қайд этилишига эътибор қаратар экан, Толибон жангарилари зўравонлик ҳодисаларини ошириб, урушда ғалаба қозонишни кутаётганини айтди.

"Толибон тинчлик ўрнатиш учун ажойиб имкониятни эътиборсиз қолдирди. Бу вазиятдан чиқиш учун мамлакатнинг миллий бирлиги муҳим", - дейди Абдуллоҳ.

Шу билан бирга Миллий ярашув Олий Кенгаши раиси Афғонистон хавфсизлик кучларининг мамлакат ҳудуди ҳимоясини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади ва бу саъй-ҳаракатларни мамлакатнинг ҳар бир фуқароси қўллаб-қувватлаши зарурлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, Миллий ярашув Олий Кенгаши раиси хорижий ҳарбий контингентнинг мамлакатдан олиб чиқиб кетилишига эътибор қаратди.

"Хорижий қўшинларнинг Афғонистондан олиб чиқилиши истисно ҳолат. Толибон бу вазиятдан зўравонликни ошириш учун фойдаланган", - дейди Абдуллоҳ.

У зўравонлик қурбонлари асосан тинч аҳоли эканини эслатди.

"Афғон халқи хорижий контингентни олиб чиқиш учун психологик жиҳатдан тайёр бўлиши керак эди ва шундан кейингина бу жараён бошланиши керак эди", - дея таъкидлади Абдуллоҳ, тинчлик ўрнатиш имкониятини тўғри баҳолаш зарурлигига ишора қилиб.

«Ўт очишнинг тўхтатилиши ва тинчлик ўрнатилишини ҳамма истайди», - деди Абдуллоҳ.