loader
Foto

БААда уч дин ибодатхонаси қурилиши тафсилотлари эълон қилинди

Шундай қилиб, БАА пойтхтида имом Тайеб масжиди, Авлиё Франциск черкови ва Мусо бен Маймон синагогаси қад ростлайди. Ибодатхоналар Азҳарнинг буюк имоми доктор Аҳмад Тайеб; католик черковининг раҳбари Папа Франциск ва XII асрда яшаб ўтган яҳудий файласуфи Мусо Бен Маймон шарафига номланади.

Мажмуа ҳудудида ҳар бир диннинг ўзига хос хусусиятини сақлаган ҳолда ўзаро ҳурмат ва тинч-тотув яшаш қадриятларига асосланган жамият қуришга ёрдам берадиган, инсоний биродарлик ва ҳамжиҳатлик ғояларини тарғиб этадиган маданий марказ жойлаштирилади.

Ибодатхоналарнинг меъморий услуби ислом, насронийлик ва иудаизм анъаналарига мос келади. Аввал хабар қилинганидек, уч дин ибодатхонаси Абу-Дабидаги Саадият оролида қурилади.

Лойиҳа дизайни биринчи бор 2019 йил инсоний биродарлик Олий қўмитаси иккинчи мажлиси пайтида Нью-Йоркда бўлиб ўтган жаҳон учрашувида БАА ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири Шайх Абдуллоҳ бин Заед ал Нахайян томонидан тақдим этилган.

Иброҳим оиласи уйи динлараро уйғунликда бирга яшашни ўзида мужассам этади ва ҳар бир диннинг ўзига хос характерини сақлаб қолади. Бу таълим олиш, мулоқот қилиш ва ибодат қилиш учун жой бўлади.

Шунингдек, ибодатхона БАА пойтахтининг диққатга сазовор маданий муассасаси ва уч дин ўртасидаги дўстликнинг глобал рамзи бўлиши режалаштирилган. Лойиҳалаштириш ишларига дунёнинг турли мамлакатларидан турли диний жамоалар вакиллари жалб этилган.

Мажмуада турли дастур ва тадбирлар таклиф этилади, халқаро анжуман ва учрашувлар ташкил қилинади.