Қолаверса, режим танқидчиларини судсиз қатл қилиш ҳолатларини ўрганиш Теҳрон билан Европа ҳамжмияти ўртасидаги муносабатларни кескинлаштириши мумкин.
Эронда ўтган асрда бўлиб ўтган воқеаларни тергов қилиш вақти етиб келгани ҳақида Раҳмон Reuters агентлигига берган интервьюда айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Раисий ғалаба қозонган сўнгги президент сайловлари ушбу сиёсатчининг ўтмиши ҳақида масалани долзарб қилиб қўйди. Унга 1988 йилда Эрон-Ироқ уруши тугагандан кейин режимнинг сиёсий танқидчиларини «тозалаш» билан шуғулланган «ўлим комиссияси» вакилларидан бири этиб тайинлангандаги ҳаракатлари учун айблов қўйиляпти. Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилотининг баҳолашича, 5 мингдан ортиқ маҳбус ушбу орган назорати остида қатл этилган. Ҳозирда, БМТ махсус маърузачисининг қайд этишича, Эрондан ўша пайтдаги оммавий қатллар ҳақида гувоҳлик берадиган далилларни йўқ қилишга уринишлар ҳақида хабарлар етиб келяпти.
Раҳмоннинг айтишича, у 1988 йил рўй берган воқеалар гувоҳларининг кўрсатмаларига эга ва уларни БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши ёки тергов ишларини олиб боришни ўз зиммасига оладиган бошқа бир ташкилотга тақдим этишга тайёр. Рехманнинг сўзларига кўра, тергов ишлари Эроннинг манфаатларига жавоб беради, чунки ҳозирда «ядровий битим»ни тиклаш ҳақида музокара олиб бораётган Ғарб мамлакатларида «президент ва унинг 1988 йил воқеаларида ўйнаган роли ҳақида кучли хавотир» уйғониши мумкин. «Мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасида – ўтмишдаги ва ҳозирги қўпол қоидабузарликлар учун тизимли равишда жазоланмаслик кенг тарқалган», – хулоса қилади Раҳмон.
1988 йил БМТ Бош ассамблеяси Учинчи қўмитаси Ислом Республикасидаги инсон ҳуқуқлари ҳақида резолюция қабул қилганди. Ҳужжатда сиёсий маҳбуслар тақдири ҳақида жиддий ташвиш билдирилди. Резолюцияда Эронда ўзбошимчалик ва назоратсиз суд қарорлари қабул қилингани, айбланаётганлар эса ҳукм устидан етарли даражада ҳуқуқий ҳимоя олиш ёки шикоят қилиш имконига эга эмаслиги билдирилди. Ўша пайтда қатл этилганлар орасида Эрон Халқ партияси аъзолари, Эрон халқининг фидаинлар ташкилоти ва бошқа сиёсий ҳаракатлар фаоллари бор эди, аммо энг катта зарба, Эрон халқининг сўл қанот радикал мужоҳидлар ташкилотига тушди.
Эрон расмийлари "саксонинчи йиллар"да оммавий қатллар ҳақиқатини инкор этади. 1988 йилнинг декабрида ташқи ишлар вазирининг ўша пайтдаги муовини Муҳаммад Жавод Ларижоний Теҳронда бўлиб ўтган матбуот анжуманида «фақат Исломий инқилобга қарши қурол олиб, халқ ҳаётига суиқасд қилганлар судга тортилиб, қатл қилингани»ни қайд этди. Ларижоний мухолифат ва халқаро ҳамжамиятнинг айбловларини тўхтатишга ҳаракат қилди. Унинг сўзларига кўра, Эронда ҳукуматга қарши элементларнинг қатл этилиши ҳақидаги баёнотлар «дунёнинг империалистик кучлари томонидан ўтказилган ташвиқотдан бошқа нарса эмас». Раисийнинг ўзи яқинда судья сифатида ҳамиша инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, ўз ишини бажаришини билдирган.
Теҳрон қатл қилинганларнинг қариндошлари адолатли тергов ўтказишни талаб қилгани ва яқинларининг тана қолдиқларини топиб, дафн этишга урингани учун уларни ҳам таъқиб қилишда айбланмоқда. БМТ экспертлари 1988 йил рўй берган воқеаларни шаффофлик билан текширишга бир неча бор чақиришди. 2020 йил сентябрида БМТ мутахассисларининг тегишли хабарномаси Эрон расмий шахсларига етказилди. «Биз вазиятнинг инсониятга қарши жиноятларга тенг бўлиши мумкинлигидан хавотирдамиз», – дейилганди БМТ мактубида. Бундан ташқари, мактубда огоҳлантириш ҳам келтирилганди: агар Эрон раҳбарияти адолатни терговдан ўзини олиб қочадиган бўлса, халқаро ҳамжамият ўзининг мустақил терговини бошлаши мумкин.
Бироқ, инсон ҳуқуқлари муаммолари Раисий кун тартибида ўз ўрнига эга эканлигига ишониш жуда ҳам соддалик бўлган бўларди. Унинг сайлов дастури асосий тезисларидан бири коррупцияга қарши курашиш ваъдаси бўлди. «Эрон халқининг мурожаати коррупция, қашшоқлик ва дискриминацияга қарши курашиш ҳамда адолатга эришишдир, - деди сиёсатчи сайловлардан кейинги матбуот анжуманида. – Бу ҳукумат эштиши керак бўлган мурожаатдир». Бундан ташқари, сайланган президент мамлакат маъмурий тизимини ўзгартиришга ваъда берди. «Ҳукуматнинг устувор йўналишлари ишбилармонлик муҳитини, халқ ҳаётини ва ҳукуматдаги вазиятни яхшилаш, шунингдек, маъмурий тизимни ислоҳ қилиш ва анъанавий бюрократияни бартараф этишдан иборат бўлади», деди у.
Эҳтимол, Раисийнинг ўтмиши масаласи «ядровий битим»ни тиклаш ҳақида музокараларни тўхтатиб қўймайди: бунинг учун АҚШ нинг ихтиёри етарли, лекин Эрон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги сиёсий мулоқотни қийинлаштириб қўйиши мумкин. Германиянинг Фридрих Эберт Фондида ҳам шунга ишора қилишмоқда. Унинг Эрондаги сайловлар билан боғлиқ таҳлилида айтилишича, 1988 йил қатли омидаги иштирокчи устидан 2019 йил очилган биринчи суд тергови ўзига хос прецедент юзага келтиради. Собиқ прокурор ёрдамчиси Хамид Нури диссидентларни қатл қилишдаги роли учун Швецияда тергов остида. Ҳукм ўша ҳодисаларга алоқадор шахс биринчи марта жавобгарликка тортилган ҳолат бўлади. Бу Брюссел ва Теҳрон ўртасидаги дипломатик алоқаларда жиддий омил бўлиши мумкин.