Ўтказилган социологик тадқиқотларга кўра, афсуски, имомларнинг 90%га яқини немис тилида бемалол сўзлаша олмайди, чунки улар асосан Туркиядан таклиф қилиняпти. Бу эса Германияда туғилиб ўсган ёш мусулмонлар билан мулоқотда асосий тўсиққа айланмоқда. Шу сабабли, кўплаб экспертларнинг таъкидлашича, масжидлар ва жамоатлар қошида меҳнат қиладиган ижтимоий ходимлар ва имомлар тайёрлайдиган махсус таълим муассасалари ташкил қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Ислом коллежининг биринчи курсига 50 дан ортиқ талаба қабул қилинди, шунинг бешдан бир қисми қизлардир.
Германия ва Қуйи Саксония мусулмонлар Кенгаши ва бошқа исломий ташкилотлар Ислом таълим муассасаси ташкил қилиш ғоясини қўллаб-қувватлашди.
Коллеж учун маблағлар федерал ва маҳаллий бюджетлардан ажратилди, бунда ҳукумат вакиллари ўқув дастурларини тузишга таъсир кўрсата олмайди. Айрим немис университетларида ҳам ўтиладиган илоҳиётшуносликни ўрганиш билан бир қаторда, талабалар Қуръон ўқиш, ибодат қилиш ва барча диний маросимларни ўрганишади.
Германия собиқ президенти Кристиан Вулф коллежнинг васийлар кенгашига раис бўлди. бундан 10 йил муқаддам у «Ислом – Германиянинг бир қисмидир» деб таъкидлаган эди. Агар ўшанда унинг бу сўзлари қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган бўлса, ҳозир кўпчилик бу фикрга қўшилади. Коллеж очилишида сўзлаган нутқида Вулф таъкидлаганидек: «Бу жуда муҳим қадам, мамлакатимизда мусулмонларнинг тўлиқ тенг ҳуқуқлилик концепциясидаги зарур таркибий қисмдир».