Давлатобод, (Афғонистон). Аниқ тасвирга олинган, лекин лавҳалар сакраб-сакраб турган видео ортида қуйидаги сўзлар эшитилади: «Таслим бўлинг, коммандос, таслим бўлинг». Бинодан бир нечта қуролсиз киши чиқади. Ўқ овозлари эшитилади. Камида ўн киши «Аллоҳу Акбар!» сўзларини айтган ҳолда отиб ташланади.
Қурбонлар афғон махсус кучлари бўлинмаси аъзолари, қотиллар эса – «Толибон» вакиллари эди. Оммавий қотиллик 16 июнь куни Афғонистоннинг Туркманистон билан чегараси яқинида Фарёб вилоятидаги Давлатобод шаҳрида рўй берди.
CNN воқеага оид бир нечта видеолавҳани қўлга киритиб, текшириб кўрди ва гувоҳлар билан суҳбатлашди. Видеолавҳада очиқ майдондаги коммандос кўринади. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, шаҳарни сақлаб қолиш учун қаттиқ жангдан сўнг коммандосда ўқ-дори тугайди ва улар «Толибон» томонидан қуршаб олинади.
45 секунд давом этадиган бир видеода ўтиб кетаётган бир одамнинг пуштун тилида «Уларни отманглар, уларни отманглар, илтимос қиламан, уларни отманглар» деган сўзларини эшитиш мумкин. Сўнгра унинг «қандай қилиб сиз, пуштунлар, ағонларни ўлдиряпсиз?» деб савл беради. Пуштунлар Афғонистондаги асосий этник гуруҳ ҳисобланади. Видео охирида бошқа бир овоз кадр ортидан "Улардан ҳамма нарсани ечиб олинг" дейди. Бошқа бир видеода эса эркак киши «унинг зирҳли нимчасини ечиб олинг» дегани эшитилади. Жангчилардан бири «спецназ»чиларнинг зирҳли нимчасини ечиб олаётгани қайд этилади.
Қизил Хоч 22 нафар «спецназ»чи ҳалок бўлганини тасдиқлади. Аскарларнинг ўлдирилиши «Толибон» нинг аскарлар таслим бўлишини қабул қилаётгани ва айрим ҳолларда улар уйларига қайтишлари учун пул тўлаётганини кўрсатишга бўлган уринишларига зид келади, чунки улар бутун Афғонистон бўйлаб ҳудудларни босиб олишга интилмоқда.
«Толибон» Давлатободдаги жанговар ҳаракатлар бўлиб ўтгандан уч кун кейин эълон қилган видеода ҳарбий юк машиналари ва қурол-яроғлар қўлга киритилиши қайд этилган. Видеода таъкидланишича, бу «вашингтон қўриқчилари, махсус ўқитилган спецназ бўлиб, «Толибон»ни Давлатободда, Фарёбда таъқиб қилган, «Толибон» томонидан тириклай қўлга олиниб, қуролсизлантирилган ва қўлларига кишан солинган».
«Толибон» CNN га маълум килишича, отиб ташланган «спецназ»чилар қайд қилинган видеоёзув калбаки бўлиб, одамларни таслим бўлмасликка ундайдиган ҳукумат тарғиботидир. «Толибон» вакили улар Фарёб вилоятида қўлган олинган 4 «спецназ»чини ҳамон ушлаб тургани ҳақида баёнот берди, лекин ҳеч қандай далил-исботлар келтирмади.
Афғонистон мудофаа вазирлиги «Толибон» командосни ушлаб тургани ҳақидаги хабарни рад қилди ва CNN га улар ўлдирилганини маълум қилди.