loader
Foto

Франциялик муслималарини ҳукумат бурчакка тиқиб қўйди

«Мен ҳижобни ечишдан бош тортгунимга қадар намунали ўқувчи эдим. Дарсларни қолдирмасдим, бирон марта кечикмагандим, лекин барибир интизом қўмитасига чақирилдим. Улар бизни қўрқитмоқчи бўлишгани, биз Эронда эмасмиз деб айтишгани эсимда. Мен ҳатто улар нима ҳақида гапиришганини тушунмагандим» – деб эслайди Ойиша The Guardian билан суҳбатда.

«Бизни мактабга келишга мажбур қилишарди, лекин дарсга киргазишмасди, амалда бизни ушлаб туришарди, бошқа ўқувчилар ёнига ўйин майдончасига қўйиб юборишмасди. Бундай ҳолат бир неча ой давом этган».

Ойишанинг сўзларига кўра, у ўқишни давом эттириш учун ҳижобни ечишга тайёр эмасди ва 16 ёшида мактабни ташлади. У ўзини тўлиқ изоляцияда ҳис қилди ва бу ҳолатдан чиқиб кетишнинг ягона йўли – турмушга чиқиш деб қарор қилди. Лекин никоҳ муваффақиятсиз бўлиб чиқди ва у 20 ёшида ажрашди. Ойишанинг ҳисоблашича, ҳукумат унинг муаммоларида бевосита айбдор, чунки уни диний ўзлигини сақлаган ҳолда таълимни давом эттириш ва касбга эга бўлиш имкониятдан маҳрум қилди.

Парижлик университет ўқитувчиси ва уч боланинг онаси Нура «ҳижоб дискриминацияси»га биринчи бор 2019 йил дуч келди, ўшанда уни, 8 яшар боланинг онасини мактаб автобусидан тушириб юборишган. Педагоглар «бу ерда республика ва секуляризм тамойиллари амал қилади» деб изоҳ беришди ва «агар ёқмаётган бўлса, уйингизга кетишингиз мумкин» дейишди.

Бундай оммавий камситилишдан сўнг Нуранинг ўғли мактабга боришдан бош тортди ва у ўғлини узоқ кўндиришга мажбур бўлди. Муслима таълим соҳасида омбудсменга мурожаат қилди, лекин ҳеч нарсага эриша олмади.

«Ушбу янги қонун туфайли мен бу мамлакатда келажакка чуқур пессимизм билан қарайман – мен бу ерда келажагимни кўрмаяпман. Биз бу ерда кераксиз одамлармиз, бизни кўришни исташмаяпти».