loader
Foto

Пуштунлар Исроилнинг йўқолган қабиласими?

Пуштунлар 8-куни хатна қиладилар. Бу таниқли яҳудий одат яҳудийлар анъанасида энг қадимгиси ҳисобланади. Мен ўзим бола туғилгандан кейин 8-куни қувончли хатна маросимида иштирок этдим ва бунинг гувоҳи бўлдим. Мусулмонларда ҳам хатна одати бор, лекин 8-куни эмас, одатда 12 ёшгача.

Пуштунларда Кафа деб аталадиган кичик талит фойдаланилади. Бу тўртбурчак шаклидаги, чеккаси «цицит»га ўхшаш попук билан безатилган ёпқич бўлиб, бу яҳудийларнинг Тавротдан келиб чиққан энг қадимий анъанаси ва бу уларнинг келиб чиқиши исроиллик эканининг белгисидир. Улар шунингдек, катта талитдан ҳам фойдаланади, уни жойнамоз деб аташади. Бу ўлчами 2х3 метр бўлган, бош ва елкани ёпа оладиган ва мусулмонлардаги каби, ерда намоз ўқиш учун фойдаланиладиган ёпқичдир. Бу ёпқичнинг четларида попук бўлмайди. Пуштунлар шанба кунини байрам қилиш одатини сақлаб қолган, бу кун улар ишламайди ҳам, таом учун ҳеч нарса пиширмайди ҳам, қайнатмайди ҳам. Пуштунлар, қадимий ибодатхоналарда қилингани каби, шанба шарафига 12 хал (анъанавий яҳудий нони, Левит 24:5) тайёрлайди. Пуштунларнинг келиб чиқиши исроиллик эканини исботловчи муҳим кўрсаткичлардан бири шанба шамларининг ёқилишидир. Ёқилгандан сўнг, шам одатда кенг сават билан ёпиб қўйилади. Шамлар 50 ёшдан ошган аёллар томонидан ёқилади.

Пуштунлар яҳудий урф-одатларига кўра яшайди

Пуштунлар яҳудийлар каби кашрут, парҳез қонунларига риоя қиладилар. Улар ўз ҳудудида кенг тарқалган, лекин яҳудийларга мутлақо тақиқланган от ва туяларнинг гўштини емайдилар. Улар, шунингдек, Исроилнинг қадимий урфларига кўра, гўшт билан сутни аралаштирмайди. Уларда тоза ва нопок қушларни фарқлаш анъанаси бор, бу Тавротга кўра рухсат берилган ва рухсат берилмаган қушларни англатади.

Баъзилар ҳали ҳам Библиядан олинган оятларни ўз ичига олган ва яҳудийлар тфилин (филактерии) деб атайдиган кичик қутини пешонасига қадаб олади. Бу қути японлар пешонасидаги Ямабуши Токинни эслатиб юборади. Бу Исроилнинг қадимий одатидир.

Яҳудий қутисида Шма Исроилнинг дуо оятлари бор: «Эй Исроил, қулоқ сол! Эгамиз Худо танҳо Эгадир» (Қонунлар 6: 4). Тфилин тақиш одати Муқаддас Ёзувлардан келади: «Буларни қўлингизга белги қилиб боғланглар, пешанангизга нишона қилиб тақиб олинглар» (Қонунлар 6: 8).

Қизиғи шундаки, пуштунлар йўқолган қабилалар номларини сақлаб қолишган, масалан: Ашер, Гад, Нафтали, Рувим, Манассия ва Эфраим. Улар орасида Исроилнинг йўқолган ўн қабиласига хос бўлган исмли одамлар бор. Мусулмонлар орасида ҳеч қачон қўйилмайдиган Исроил, Шмуел ва бошқа исмли одамлар ҳам бор. Шунингдек, Исроил еридагиларга ўхшаш жойлар, ҳудудлар ва қишлоқларнинг номлари кўп.

Минтақада яҳудий ўтмишидан далолат берувчи археологик топилмалар бор, улар ҳам бу минтақа яҳудийларини эслатиб юборади, уларнинг пуштун тилида ажабланарли даражада кўп иброний сўзлари бор. Пуштунларни афғонлар ёки уларнинг тили бўлган пушту ўғиллари деб ҳам аташади, лекин бугунги кунда улар такводор мусулмонлар бўлиб яшашларига қарамай, уларни "Исроил болалари" маъносида "Бани Исроил" деб аташади.

Пуштунларнинг кўриниши бу жойлардаги яҳудийларникига ўхшайди. Уларнинг қадимий урф -одатлари ва бошқа маълумотларига асосланиб, Исроил қабилалари билан маълум бир боғлиқлик бор деб таъкидлаш мумкин…

Пуштунлар қонуни Тавротга ўхшайди

Афғонистон Осиёдаги энг кам ривожланган давлатлардан бири бўлиб, аҳолининг аксарият қисми саводсиз. Асосан қишлоқ хўжалиги ва қўйчилик, бошқа уй ҳайвонларини кўпайтириш билан шуғулланади.

Кўп одамлар қишлоқларда, баъзилар кўчманчи турмуш тарзида яшайди. Бу шариат қонунлари билан бошқариладиган мамлакат бўлиб, аҳолининг 90% дан ортиғи сунний мусулмонлардир. Аммо модернизация мавжуд бўлсада, у тоғли чегара ҳудудларига етиб бормаган. Бу ерда пуштунлар кўп асрлик қабилавий ҳаётини давом эттирадилар.

Пуштунвали деб номланувчи ҳуқуқий тизим, пушту қонуни, яҳудийлар учун муқаддас китоб ва қадимий Яҳудийларнинг ҳаёт тарзи китоби бўлган Тавротга жуда ўхшайди. Пуштунлар алоҳида саҳифаларни ҳам, бутун китобларни ҳам топишлари мумкин, улар Товрад ал-Шариф (Мусонинг Тавроти) деб аталган китобни жуда қадрлайдилар ва Исломда диний аҳамиятга эга эмаслигига қарамай, Мусонинг исмини зикр қилишда тик турадилар.

Пуштунлар бақувват, баланд бўйли ва терисининг ранги оқ-сариқ. Улар болаликдан қўлида қурол ушлайдиан жангчилардир. Улар жуда меҳнатсевар, зеҳни ўткир, ҳақиқатсевар ва жуда қонунга бўйсунувчи халқдир. Улар меҳмондўстлиги билан бутун дунёга танилган.

Пуштунларнинг этник келиб чиқиши анчадан бери одамларни қизиқтириб келади, чунки улар нафақат ташқи кўриниши, балки феъл-атвор хусусиятлари билан уларни ўраб турган бошқа гуруҳлар, масалан, турклар, мўғуллар, форслар ёки ҳинд-эронликлардан фарқ қилади. Ўнлаб халқлар ва турли келиб чиқиши катта қабилалар пайдо бўлган ва йўқ бўлиб кетган бу минтақада уларнинг пайдо бўлиш тарихини кузатиш ҳам жуда қийин.

Пуштунларнинг шахсий идентификацияси

Қабилаларнинг Исроилдан келиб чиқиши турлича ифодаланади. Қабила оқсоқоллари томонидан сақланиб қолган оғзаки анъаналардан ташқари, қабилалар орасида шажара битикларида сақланиб қолган, яҳудийлардан бўлган боболарига оид қизиқарли маълумотлар ҳам мавжуд.

Бу битиклар яхши сақланган бўлиб, уларнинг баъзилари кийик терисига олтин билан ёзилган. Исроил қабилаларига жуда ўхшаш бўлган қабилаларнинг номлари ҳам қизиқарлидир. Раббоний қабиласи аслида Реувен, Шинворий қабиласи - Шимон, Левоний қабиласи - Левий, Дефтоний қабиласи - Нафтали, Жажи қабиласи эса - Гада қабиласи ҳисобланади. Ашурий қабиласи Ашер қабиласи, Юсефсай қабиласи - Иосифнинг ўғиллари қабиласи, Африди қабиласи эса аслида Эфраим қабиласидир. Бу Исроилнинг ўнта йўқолган қабилаларининг номларидир.

Пуштунларнинг ўзлари қабилаларнинг асл номлари билан уларнинг ҳозирги номлари ўртасидаги фарқларни турли тил шевалари билан изоҳлайди, масалан, Жажи аслида Гаджи ёки Гада қабиласи эканлигини.

Афғон яҳудийлари Исроил қабилаларини пуштунлар билан боғлайдилар. Пуштунларнинг бошқа яҳудийлар билан жисмоний ўхшашлигини Афғонистоннинг инглиз тадқиқотчилари ҳам тасдиқлаб, улар афғон яҳудийларини "пуштунлар"деб атаган. Агар улар анъанавий либосига кийинмаса, пуштунларни минтақадаги бошқа яҳудийлардан ажралиб турмайди. Афғонистоннинг 21 ҳалқи орасида фақат пуштунлар ва яҳудийлар семит ҳусусиятларига бор. Уларнинг юзлари узунчоқ ранги оқ-сариқ, баъзилари ҳатто кўк кўз. Бу минтақа яҳудийлари каби пуштунлар соқол ва «пейс» қўяди, бу эса халқларни яна ҳам бир-бирига яқинлаштиради.

Пуштунларнинг Исроилга хос белгилари

Пуштунлар исроилликларнинг авлодлари сифатида бошқа хусусиятларга ҳам эга.

Уларнинг тўйлари – ғирт яҳудийча тўйлар. Пуштунларнинг никоҳ маросимлари яҳудийлар маросимига ўхшаш хупа (никоҳ чодири) ва узукларни ўз ичига олади.

Паштун аёллар ҳайз билан боғлиқ яҳудий қонунларига ўхшаш қонунларга риоя қиладилар. Бу даврда эр ва хотин ўртасидаги алоқага 7 кун йўл қўйилмайди. Бу муддатдан сўнг аёл дарё ёки булоққа тушади ёки булоқ бўлмаса ҳаммомга боради. Бу эса Библия давридан бери Исроил анъаналари билан бир хилдир.

Пуштунларда шунингдек, левирата одати бор, унга кўра, агар эр фарзанд кўрмасдан вафот этса, уруғни сақлаб қолиш учун унинг акаси ёки укаси бевага уйланади. Бу одат ҳозирда мавжуд эмас, лекин Библияда ҳам айтиб ўтилган Исроилнинг қадимий одати бўлган (Қонунлар 25:5-6).

Ота-онани ҳурмат қилиш амрига бу қабилаларда қатъий риоя қилинади. Ўғил ота-онасига ҳар томонлама бўйсуниши керак. Ота хонага кирганида ҳамма ўрнидан туриб, ҳурмат белгиси сифатида бош эгади. Бу ҳам Исроил анъанасидир.

Пуштунлар Йом-Кипурни нишонлайди

Биз Йом-Кипур куни ҳар йили Афғонистондаги яҳудий ибодатхоналарига ташриф буюрадиган Леверани қабиласининг баъзи аъзолари ҳақида биламиз. Улар бир сўз демай, қуёш ботгунча ўша ерда қоладилар. Бу эса, ушбу кунда Маъбад анъанасини, олий руҳоний ва унинг хизмати ҳақида эслатади.

Пуштунларда яҳудийларнинг қадимги «азазель» одати сақланиб қолган. Қадимги Исроилда эчкини гуноҳлар билан юклаш ва саҳрога қўйиб юбориш одати бўлган. Бу одати одамларнинг гуноҳларини ювиш учун мавжуд эди (Левит 16-боб). Бу одат пуштунлар орасида ҳатто бугунги кунда ҳам мавжуд.

Одатда пуштунлар масжидда ибодат қилишади. Бироқ баъзилар Қуддус йўналишида ибодат қилишади. Уларнинг ҳудудида бир неча жуда қадимий синагогалар мавжуд ва пуштунлар бу синагогаларга махсус кунларда, катта стресс ёки фожиа даврида махсус ибодатлар учун келади. Ёрдам излаётган одам қулфга тегиб, ибодат қилиш учун у ерга келади. Бу синагогаларда бир пайтлар Таврот битиклари бўлган, деб айтадиган одамлар ҳам бор. Бу қизиқ, чунки бугун пуштунлар аслида диндор мусулмонлар ҳисобланади.

Эпидемия пайтида пуштунлар қўйларни сўйиб, қонларини уйларининг эшик ёндорларига сепарди. Исроилликлар қадимги Мисрда у ерда юз берган фалокатлар пайтида худди шундай шундай йўл тутишган.

Уларнинг шифо топиши учун касалларнинг ёстиғи остида Библия пасломлари китобини қўйиш ҳам қизиқиш уйғотади.

Иброний тилида ёзилган туморлар ҳақида гапирадиган одамлар бор. Баъзилар "Шма Исраэл" иборасини ўз ичига олади ва қабила бошлиғи томонидан яширинча ёзилади ва уни айтиш тақиқланади.

Довуднинг қалқони рамзи (Довуд юлдузи) деярли ҳар бир пуштун уйида учрайди. Бойлар уни қимматбаҳо металлардан, камбағаллар эса - оддий ёғочдан ясайдилар. Уни миноралар, мактаблар, шунингдек асбоблар, билакузуклар ва заргарлик буюмларида учратиш мумкин. Буни турли жойларда камида 20 марта кўрганман. Афғонистон маркази Минерайанда ҳатто эшикда ёки эшик устидаги тошда Довуднинг қалқони бўлган мактаблар ҳам бор.

Манба