loader
Foto

Туркия ва Толибон

Ўтган ҳафтагача Анқара «Толибон» ва Ғарб ўртасида воситачи бўлишга, НАТО кучлари чиқиб кетганидан сўнг Кобул халқаро аэропортини қўриқлаш ва бошқаришни ўз зиммасига олишга тайёрланаётганди. Воқеалар ривожи фавқулодда ўзгаришидан сўнг у жойларда янги воқеликка мослашиш учун ҳаракат қилмоқда. Бир пайтлар Афғонистондаги турк ҳарбий миссияси аъзоси бўлган турк ҳарбий таҳлилчиси Метин Гуржан бу ҳақида «Al-Monitor» да ёзади.

Анқарада Вашингтон билан музокаралари ҳозирча маънога эга эмас, деган фикр ҳукмрон. Бунинг ўрнига «Толибон» билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатишга уринишлар бўлмоқда.

«Биз Афғонистондаги барча томонлар, жумладан, «Толибон» билан мулоқотимизни қўллаб-қувватлаймиз, - деди 17 август куни ташқи ишлар вазири Мевлют Чавушўғлу. - Биз «Толибон»нинг барча чет элликларга, дипломатик миссияларга ва ўз халқига қаратилган хабарини ижобий баҳолаймиз». Вазир Туркиянинг Кобул аэропорти масаласида кейинги қадамлар ҳақида қарор қабул қилиш учун ҳамма нарса ўз жойига тушиб олгунча кутиб туришини аниқ маълум қилди.

Туркия АҚШ бошчилигидаги НАТО миссияси доирасида аэропортнинг ҳарбий қисми учун масъул бўлиб, унинг аскарлари эвакуация парвозлар ва мамлакатдан қочиб кетиш истагида бўлган оломон бетартиблигида у ерда қолади.

«Толибон» вакили Суҳайл Шаҳин 16 август куни Туркиянинг "а-Haber" каналига Афғонистонда "дунё мамлакатлари билан яхши алоқада бўлишни истайдиган" ва "Афғонистон халқининг асосий ҳуқуқларига содиқ" янги ҳукумат бўлишини айтди. Унга кўра, «Толибон» Туркиядан, яъни «буюк қардош исломий мамлакат»дан ҳамкорлик ва ёрдам кутмоқда.

Умуман, Анқара ва «Толибон» мулоқот ва музокаралар учун очиқ. Ўтган ҳафта президент Ражаб Тойиб Эрдўған «Толибон» етакчилари билан шахсий учрашувни кўриб чиқиши мумкинлигига шама қилди.

Анқаранинг Афғонистондаги стратегияси уч устунга асосланади.

Биринчидан, «Толибон»нинг сиёсий қаноти билан Қатар орқали йўлга қўйилган дипломатик алоқаларни ривожлантиришга интилади.

Иккинчидан, «Толибон»нинг ҳарбий қаноти билан Покистон орқали алоқа ўрнатиш учун ҳаракат қилган. Туркия Мудофаа вазири Ҳулуси Акар Покистон армиясининг юқори мартабали қўмондони билан музокаралар ўтказиш учун 10-11 август кунлари Исломободга ташриф буюрди. Сафарда Акарга ҳарбий разведка раҳбарлари ҳамроҳлик қилди.

Ва ниҳоят, Анқаранинг Кобулга таъсирини кучайтириш стратегияси Туркияга яқин бўлган шахслар янги ҳукуматда нуфузли ўрин эгаллаши учун барча зарур нарсаларни ўз ичига олади. Улар орасида асосийси - Афғонистоннинг собиқ Бош вазири ва Афғонистон Ислом партияси раҳбари Гулбиддин Ҳикматёр бўлиб, «Толибон»ни вакиллик муваққат ҳукумати тузишга кўндириш борасида қаттиқ ҳаракат қилган. Эрдўғаннинг Ҳикматёр билан алоқалари 1980-йилларга бориб тақалади, ўша пайтлар Ҳикматёр Совет босқинига қарши курашаётган мужоҳидларнинг етакчиси бўлган. Эсдалик учун олинган фотосуратда Ҳикматёрнинг оёқлари ёнида ёш Эрдоған ўтирибди.

Афғонистон ташқи ишлар вазири ва Туркиядаги элчи вазифасини бажарган, «Жамоат-и Исломия» партияси раҳбари Салоҳиддин Раббоний ҳам Анқарага яқин яна бир арбобдир. У апрель ойида Истанбулда «Толибон» сўнгги дақиқада қатнашишдан бош тортган тинчлик музокаралари режаси муаллифларидан бири эди.

Эрдўған ҳукуматининг фикрича, «Толибон» халқаро қонунийликни қадрлай бошлади ва НАТОдаги ягона мусулмон мамлакат Туркия билан муносабатларга алоҳида эътибор қаратади.

Айримлар, гарчи бундан бир неча ой олдин бу ҳақида бир оғиз сўз ҳам бўлмаганига қарамай, нимага энди бирдан Афғонистон Туркия учун сиёсий кун тартибидаги асосий масалага айланди, деб савол бериши мумкин. Нима учун Анқара риск катта эканига қарамай, Афғонистонда сезиларли роль ўйнашга интиляпти?

Бу саволга фақат Туркиянинг ташқи сиёсати ва Туркиянинг Афғонистондаги дипломатик манфаатлари нуқтаи назаридан жавоб бериб бўлмайди ёки уни фақат реал сиёсат ёрдамида тушунтириш мумкин. Туркиянинг халқаро алоқалари Эрдўғаннинг сиёсий яшовчанлиги ва халқаро нуфузини таъминлашга ёрдам берувчи воситага айланди. Охирги йилларда АҚШ ва Европа билан уришиб қолган Эрдўған ҳукумати Афғонистон муаммосидан фойдаланиб, Ғарб назарида ўз қадрини исботлаш ва халқаро қонунийлигини ошириш учун жаҳон кучлари ва «Толибон» ўртасида воситачилик ролига даъво қилмоқчи кўринади. Энг муҳими, Афғонистон «қартаси» АҚШ ва Европа билан бошқа масалалар бўйича музокараларда Туркия позицияларини мустаҳкамлашига умид борга ўхшайди.

Анқарадаги иштирокни ҳаракатлантирувчи яна бир куч Туркиянинг Афғонистон орқали Марказий Осиёдаги таъсирини мустаҳкамлаш фойдасига хизмат қиладиган геосиёсий баҳс бўлиб, бу Эрдўғаннинг «Адолат ва тараққиёт партияси» ва унинг коалиция бўйича амалдаги ҳамкори, Миллатчи ҳаракат партиясининг сиёсий гапларига мос келади. Аввало, бу баҳс Туркиядаги «Толибон» билан ўзаро ҳамкорликнинг мафкуравий оқибатларидан хавотирда бюрократик доираларни ишонтиришга ёрдам берадиган кўринади.

Шубҳасиз, Анқаранинг Афғонистондаги нуфузини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлари замирида иқтисодий сабаблар ҳам бор. Туркия урушдан вайрон бўлган мамлакатда йирик қурилиш ва инфратузилма лойиҳаларини кутмоқда.

Бу ҳисоб-китоблар жиддий рискларни ҳам ўз ичига олади.

Биринчидан, Гуржаннинг фикрича, Афғонистонда «Толибон»нинг ҳарбий ва сиёсий ғалабаси муҳим ҳудудлар Туркия назорати остида қолаётган Шимолий Сурияда экстремистик тармоқларни уйғотиши ва руҳлантириши мумкин.

Бундан ташқари, «Толибон» мамлакатни қўлга олганидан сўнг Афғонистон қамоқхоналаридан озод этган экстремистлар орасида Туркия фуқаролари ва Туркия билан боғлиқ бошқа шахслар ҳам кўп. Гуржан уларнинг Туркияга қайтиши мумкинлигидан қўрқмоқда.

«Толибон»дан қочаётган афғонларнинг катта оқими – Туркия Афғонистонга аралашувининг яна бир рискидир. Расмий маълумотларга кўра, Туркияда ҳозир 116 мингга яқин ноқонуний афғон муҳожирлари яшаб турибди, лекин амалда уларнинг сони 500 мингдан кўп деб баҳоланади. Турк ОАВ ва мухолифатчи сиёсатчиларнинг таъкидлашича, бир неча ҳафта давомида кунига 1500 тагача афғон Эрондан Туркияга ноқонуний ўтган. Хабар қилишларича, хавфсизлик чоралари кучайтирилганлиги туфайли, кундалик ўтувчилар сони яқинда камайди. Бироқ чегарадан ўта олмаган афғонлар уйга қайтмайди, балки Туркияга етиб олиш учун мос келадиган пайт кутиб, Эрон томонида кутишади, демак Эрон томонида афғонлар сони кун сайин ортиб бормоқда.

Умуман олганда, хулоса қилади Гуржан, Анқарада «Толибон» билан ўзаро алоқалар бўйича ҳисобга олиниши керак бўлган кўплаб ижобий ва салбий нуқталар бор. Ҳукумат афғон инқирозидан хорижда ўз обрўсини мустаҳкамлаш, шунингдек, мамлакат ичкарисида ютуқларни намойиш этиш учун фойдаланишга умид қилмоқда. Лекин шу билан бирга, у охир-оқибат уйда ҳам, чет элда ҳам кўпроқ жиддий муаммоларга олиб келиши мумкин бўлган бундай ўзаро алоқалар рискини бошқариш бўйича қийин вазифага дуч келади.