loader
Foto

Ҳорут ва Морут ҳақида

Ҳорут ва Морут кимлиги тўғрисида тафсирчилар турли фикрларни айтганлар. Лекин бу фикрларнинг ҳаммаси ҳам ишончли манбага асосланмаганлигини уламоларимиз алоҳида таъкидлаганлар. Шунинг учун оятдаги ибораларнинг таркибидан «Бу икки исм эгалари фаришта бўлган», деб айтганларнинг фикри қувватлироқ чиққан. Аллоҳ таоло инсонларни хоҳлаган усулда, хоҳлаган воситалар ила синаб кўради, бунинг ҳеч ажабланадиган жойи йўқ.

Маълумки, Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга ҳам набийлик, ҳам подшоликни берган эди. Шу билан бирга, у кишига бутун ҳайвонларнинг тилини ўргатиб, жинларни хизматларида ҳозиру нозир қилиб қўйган эди. Бу илоҳий мўъжизалар у кишининг набий эканликларини тасдиқлаш учун берилган эди. Мазкур мўъжизалар ҳақидаги оятлар бошқа жойларда келган, ўрни билан алоҳида ўрганилади. Ҳозир мавзуга алоқадор томони шуки, Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга берган мазкур мўъжизаларни кўриб одамлардан баъзилари иймонга келди, иймонлиларнинг иймонлари мустаҳкамланди. Аммо кофирлар, душманлар на шайтонлар: «Сулаймон сеҳргар, у ўз сеҳрининг кучи билан турли ҳайвонлар ила муносабатда бўлмокда, жин-ларни ишлатмокда», деган гапларни тарқатишди. Бундай миш-мишни тарқатишда айниқса яҳудийлар қавми жонозлик кўрсатган эди. Шунда Аллоҳ таоло набийларга берган мўъжизалар билан сеҳрнинг фарқини амалий суратда кўрсатиш учун Бобилга Ҳорут ва Морутни юборди. Улар хоҳлаганларга сеҳр ўргатиш билан вазифаланган эдилар. Аммо сеҳр ўргангани келганларга аввал:

«Биз фитна - синов учунмиз, кофир бўлмагин», демасдан олдин ҳеч кимга ўргатмасдилар» (Бақара сураси, 102-оят).

Яъни «Биз фитна учун, одамларни синаш учун юборилганмиз, сеҳрни ўрганган кофир бўлади, сен ҳам уни ўрганиб кофир бўлма», деган маънода огоҳлантиришар эди. Келган одам бу гаплардан кейин қайтиб кетса кетди, кстмаса кофир бўлишини билиб туриб ҳам «ўрганавераман» деса, ўргатишар эди. Мана шунинг ўзидан набийлик мўъжизаси билан сеҳр ўртасидаги энг катта фарқ намоён бўлади. Набийлик мўъжизаси илоҳий неъмат бўлиб, фақат Аллоҳ таоло томонидан берилади. Сеҳр эса ўргатувчидан ўрганса бўладиган, ёмонликка ишлатиладиган бир нарсадир. Шундай қилиб, мўъжиза нима-ю, сеҳр нима эканлиги кишиларга амалда кўрсатилган экан.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ