loader
Foto

«Толибон» қандай қилиб 100 миллиард сарфланган армияни тор-мор келтирди

Афғон армияси америкаликларнинг хориждаги энг йирик «инвестиция»ларидан бири эди. Унга 2002 йилдан бери деярли 100 миллиард доллар сарфланган – лекин у «Толибон»га жиддий қаршилик кўрсатишга уринмади ҳам. Афғонистон армияси бошдан-охир коррупцияга ботган эди ва америкалик ҳомийлари томонидан уларга ортиқча баҳо бериб юборилган.

Афғонистон армиясида аскарлар сони АҚШ босқини арафасида 2002 йилдаги 6 минг кишидан – 182 минг киши плюс афғон полиция бўлинмаларининг 118 минг аъзосига кўпайган. Назарий жиҳатдан, аҳолиси 40 миллион кишидан иборат бўлган Афғонистонга 350 мингга яқин аскар ва турли хавфсизлик хизматларининг қуролли аъзолари бор эди. Аммо бу рақамлар шиширилган бўлиб чиқди ва ҳақиқат тезда бутун дунё кўз ўнгида намоён бўлди. Гап, биринчи навбатда, "шарпа-аскарлар" феномени ҳақида боради. Қўмондонлар улар учун маош, қурол-яроғ ва ҳарбий материаллар олиш мақсадида ўз бўлинмаларида ўлик жонларни қайд этган.

Ҳарбий ва стратегик эксперт Файях ал-Дувейрининг айтишича: «Америкаликларнинг асосий хатоси -  ташқи тажовузни қайтаришга ўргатилган, лекин ички исёнларни ёки террорчи гуруҳлар билан урушларни бостиришни билмайдиган катта анъанавий қўшин ташкил қилишда эди.

Иккинчи хато – ҳар қандай маневрлар давомида АҚШ нинг ҳаво ёрдамига доимий қарамлик, шунингдек, АҚШ разведка маълумотлари ва кўрсатмаларига мутлақ қарамлик. Бунда армия ҳеч қандай қарор қабул қила олмайди, ҳар қандай жанговар операцияларни ўтказиш учун тушуниш ва шунга мос равишда зарур воситалар мавжуд эмас.

Учинчидан, афғон ҳарбий қўмондонлари америкаликларнинг маслаҳатига амал қилиб, толиблар ҳужум қилган қишлоқлардан воз кечиб, йирик шаҳарларда мустаҳкамланиб олишга ҳаракат қилди. Натижада, таъминот йўналишларини тўхтатиб, улар мамлакатни фалаж қилишга муваффақ бўлди – изоляция ҳолатига тушиб қолган шаҳарлар таслим бўлди».

WSJ мухбири Ярослав Трофимовнинг ёзишича: «Бу ақл бовар қилмайдиган муваффақиятсизлик президент Ашраф Ғанининг стратегик хатолари ва афғон ҳарбий машинасининг асосидаги иллатларга бориб тақалади. Америкаликлар билан ёнма-ён жанг қилган афғон армияси америкаликлар ишини осонлаштириш учун ташкил қилинган эди. АҚШ армияси, дунёдаги энг илғор, ердаги операциялар учун ҳаводан доимий катта қўллаб-қувватлашга таянади, узоқдаги базаларни таъминлаш, нишонларга зарба бериш, ярадорларни эвакуация қилиш ва разведка маълумотларни тўплаш учун ҳаво кучларидан фойдаланади. Президент Байденнинг қўшинларни олиб чиқиш қароридан сўнг америкаликлар операцияларни қўллаб-қувватлаш ва афғон самолётлари ва вертолётларига хизмат кўрсатишни тўхтатди».

Президент Ғани ва унинг атрофидаги психопатлар, вилоятларда нималар рўй бераётган умуман бехабар бўлиб, қайсидир босқичда президент Байден 2020 йил февралида «Толибон» билан битим имзолаган Трампнинг йўналишидан воз кечиб, урушни қайта бошлайди, деб қарор қилдилар. Афғон армияси қўмондонлари ҳар икки ойда ўзгариб, америкаликларнинг эвакуациясидан кейинги даврга умуман тайёргарлик кўришмади.

2011-2013 йилларда афғон кучларини тайёрлашга қўмондонлик қилган истеъфодаги генерал-лейтенант Даниэл Болджер худди Жанубий Ветнамдаги каби воқеалар рўй бергани ҳақида гапиради. Унинг айтишича: «Ҳар доим ўзингизда яхши билан моделдан фойдаланиш истаги бўлади – ва бу ўз моделингиздир. Агар АҚШ каби мураккаб иттифоқчининг шериги бўлган армияни ташкил қилган бўлсангиз – сиз шунчаки ҳамма нарсани ташлаб кетишингиз мумкин эмас - улар таяниб келган кундалик ёрдамни йўқотади».

Америкаликлар ҳали жанг қилиб турган пайтда Афғонистон ҳукумати бу фойдани максималлаштириш учун ҳаракат қилди - ва бутун Афғонистон бўйлаб операциялар кўламини кенгайтириш мақсадида фақат ҳаво орқали таъминланиши мумкин бўлган 200 дан ортиқ база ташкил қилди, бу уруш олиб боришга нисбатан америкаликларнинг қарашларига тўғри келарди.

Май ойида «Толибон» ҳужумларини бошлаганда қаршилик кўрсатган аскарларни ўлдириб, таслим бўлганларни қўйиб юборган ва баъзан ҳатто уларга озгина пул берган ҳолда асосий эътиборни шу базаларга қаратди. Бундай битимларнинг аксарияти қабилалар сардорлари воситачилигида тузиларди.

Ҳарбий эксперт Файях ал-Дувейрининг айтишича, афғон армиясида ҳарбий доктрина ва «армия руҳи» умуман йўқ. Унинг сўзларига кўра: «Ҳар қандай армия учун энг муҳим муаммо - бу жанг қилиш иродаси бўлиб, унинг кучлар мувозанатига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Гап аскарнинг сўнгги нафасгача жанг қилиш истаги ҳақида кетяпти. Америкаликлар уларни ўз ҳолига ташлаб кетган, улар эса, пировардида, ўз ватандошларидан иборат бўлган «Толибон» кучлари билан жанг қилишга мажбур бўлган вазиятда афғон аскарларида бундай ирода топилмади...

Al-Jazeera, Wall Street Journal материаллари бўйича

Абу Муслим тайёрлади