loader
Foto

«Толибон» фермерларга кўкнор ўсимлиги етиштиришни тақиқлади

«Толибон» етакчилари фермерларга кўкнор ўсимлиги етиштиришни тақиқлади, деб хабар бермоқда кўкнор етиштириладиган айрим йирик ҳудудлар аҳолиси. Бу бутун мамлакат бўйлаб кўкнор хомашёси нархининг кескин кўтарилишига олиб келди.

Яқинда жангарилар мамлакатнинг асосий афюн чиқарувчи ҳудудларидан бири - жанубдаги Қандаҳор вилоятида фермерлар билан бир неча учрашув ўтказди. «Толибон» гиёҳванд моддалар ишлаб чиқаришни тақиқлаб қўйганини айтиб, фермерларга заъфарон етиштиришни бошлашни маслаҳат берган.

Бу тақиқлар «Толибон»нинг расмий вакили Забиуллоҳ Мужоҳиднинг 18 август куни Кобулда бўлиб ўтган матбуот анжуманида мамлакатнинг янги ҳукмдорлари наркотрафикка йўл қўймаслиги ҳақидаги баёнотидан кейин янгради. Мужоҳид исломий гуруҳ тақиқни қандай амалга ошириш ниятида экани ҳақида ўшанда батафсил маълумот бермаган эди.

Қандаҳор, Урузган ва Ҳелман вилоятларидаги маҳаллий фермерларнинг айтишича, кўкнор хомашёси нархи уч баробар - келажакда ишлаб чиқариш ҳақидаги ноаниқлик туфайли килограмм учун 70 доллардан 200 долларгача ошди. Маҳаллий аҳолининг айтишича, шимолдаги Мозори-Шариф шаҳрида афюн нархи икки баробар ошган. Хом афюндан қайта ишлаб героин олинади.

«Толибон кўкнор етиштиришни тақиқласа, одамлар очликдан ўлади, айниқса халқаро ёрдам тўхтаб қолса. Биз ҳали ҳам кўкнор етиштириш учун рухсат этилади, деб умид қиламиз. Биз кўкнор етиштиришдан оладиган даромадимизни ҳеч нарса қоплай олмайди", - дейди Урузган вилоятида яшайдиган фермер "Wаll Street Journal"га елефон орқали суҳбатда.

Мақолада айтилишича, Афғонистоннинг дунё ноқонуний опиат ишлаб чиқаришидаги улуши 80%га яқин бўлиб, кўкнор экиш мавсуми тахминан бир ойдан кейин бошланади.

Financial Times газетаси аввалроқ «Толибон» сўнгги 20 йил давомида нафақат наркотрафикдан даромад олганини ёзганди.