Хитойнинг Афғонистон мавзусидаги таҳлилий материаллари турли доирадаги баҳоларни намойиш этди – кўпинча «Толибон» келиши билан боғлиқ, хавфсизлик, радикализм ва терроризм авж олишига алоқадор рискларни кўрсатади, шунингдек, сиёсий ва иқтисодий беқарорликни башорат қилади. Афғонистонни тиклаш Хитой учун муҳим ва экспертларнинг таъкидлашича, буни халқаро ҳамжамиятнинг ёрдами ва қўллаб-қувватлашисиз амалга ошириб бўлмайди. Бунда, Афғонистон масаласида Россия билан стратегик ҳамкорликка қарамай, Хитой таҳлилчилари Россиянинг кескин фаоллиги ва Марказий Осиёдаги таъсири ўсганлигини қайд этмасликлари мумкин эмас.
Ҳали Кобул «Толибон» томонидан қўлга олинмасидан хитойлик эксперт Ван Чжэн, Хитойнинг хавотирларини билдириб, агар «Толибон» ҳокимият тепасига келадиган бўлса, Афғонистон террорчилар учун «жаннат»га айланиши мумкин эканлиги ҳақида ёзган эди. (阿富汗会重新成为恐怖活动天堂吗).
Хитойлик таҳлилчининг қайд этишича, 1990-йиллардан бошлаб Афғонистоннинг глобал халқаро террорчилик фаолиятдаги ролини ҳисобга оладиган бўлсак, Афғонистон глобал террорчи ташкилотлар учун «жаннат»га айланиши борасида хавотирлар мавжуд. Бундай хавотирлар, хитойлик экспертнинг фикрига кўра, асоссиз эмас.
Дарҳақиқат, Афғонистонда турли трансмиллий жиҳодчи кучлар чуқур тарихий илдизларга эга. 1979 йил охирида Совет қўшинлари бостириб киргандан кейин Афғонистон глобал антисовет жиҳоди учун жанг майдонига айланди. Саудия Арабистони ва Миср каби Яқин Шарқ мамлакатлари мафкура учун жон фидо қилишга тайёр бўлган фаолларни етказиб берди. Покистон эса, ўз томонидан, Афғонистонга чегарадош туманларидан чет эллик жангариларнинг харбий тайёргарлик ва диний таълим олиши учун фойдаланди. Статистика маълумотлари шундан далолат берадики, 1982 йилдан 1992 йилгача бўлган даврда 35 мингга яқин афғон жангарилари Покистон диний мактабларида тайёргарликдан ўтган. Бу одамлар нафақат зарур ҳарбий кўникмаларни қўлга киритди, балки улкан трансмиллий тармоқ ҳам шакллантирди. Совет қўшинлари Афғонистондан олиб чикилгач, жиҳодчиларнинг бир қисми Афғонистонда фуқаролар урушида иштирок этишни давом эттирди, бошқа қисми эса бошқа қайноқ нуқталарга (Босния ва Герцеговина, Чеченистон, Косово) йўл олди. Бу трансмиллий террорчи ташкилотлар гуруҳи жойларда афғон ҳокимияти заифлаша бошлагач, сўнгги йилларда янги туртки олди.
Шанхай сиёсат ва ҳуқуқ университетининг ШҲТ институти эксперти Чжоу Цюцзюн ҳам «Толибон» ҳукмронлиги билан боғлиқ қатор рискларни ажратиб кўрсатади (周秋君:塔利班势如破竹,阿富汗何去何从). «Толибон»нинг ҳокимият тепасига келиши Афғонистоннинг умумий қиёфасини ўзгартириб юборади”, дейди муаллиф. Сўнгги 20 йил давомида аҳолининг асосий қатламлари эркинроқ муносабатларга кўникиб қолганди. Бироқ фундаментал қарашларга эга бўлган «Толибон» эртами-кечми ҳамма нарсани ўз ихтиёрича ўзгартиради. Боз устига, «Толибон» америкалик ҳарбийлар даврида уларга хизмат қилган афғонларга босимни кучайтирса керак. Кейин пуштун бўлмаган қабилалар вакиллари нишонга олиниши мумкин. Буларнинг барчаси Афғонистонда зўравонликнинг ўсишига олиб келади. Ниҳоят, хитойлик экспертнинг фикрига кўра, Афғонистонда ҳозирги вазият минтақада «катта ўйин»нинг янги раунди бошланишига сабаб бўлади. Гарчи ўз қўшинларини олиб чиққан бўлсада, АҚШ Евросиёнинг марказидаги ўз манфаатларидан воз кечмаслиги аниқ. Бунинг учун АҚШ асосан ўз ҳамкор Ҳиндистонга таянади, у эса Хитойнинг «битта камар битта йўл» ташаббуси амалга оширилишига халал бериш ва умуман Хитойни тўхтатиб туриш учун Афғонистон ишларида фаол иштирок этишга ҳаракат қилади.
АҚШ ва Европа Иттифоқининг Афғонистондаги мағлубияти асосий сабаблари ҳақида «Хаунцю шибао» партия газетасида Шанхай халқаро тадқиқотлар университети эксперти Цзин Фэн ҳам ёзади (金锋:美欧联盟败走阿富汗的深层原因).
«Толибон»нинг Кобулга бостириб кириши нафақат АҚШ ва унинг иттифоқлари томонидан 20 йиллик босқинга якун ясайди, балки бошқа мамлакатларда ҳам «демократлаштириш» ғарб модели даврининг поёнига етганлигини англатади. Улар 20 йил олдин Афғонистонга бостириб кирганларида, АҚШ ва унинг иттифоқчилари "толибонсиз демократия қуриш"га ваъда берган, аммо энди 20 йил ўтиб муваффақиятсизликка учраганлари учун Қўшма Штатлар Афғонистонда ҳозир бўлиш мақсади фақат терроризмга қарши кураш бўлганини айтиб, ўзини оқламоқда. Америкаликлар ва европаликлар афғонлардан "демократик ўзгаришлар" объекти ва ўзгариш воситалари сифатида фойдаланишган. АҚШ ва унинг иттифоқчилари қуролли кучлари томонидан Афғонистон босқини тугади, аммо улар Афғонистонга олиб келган муаммолар тугамади ва минтақада янги ғалаёнларга сабаб бўлади.
Фудан университети қошидаги америка тадқиқотчилик маркази эксперти Чжан Цзядун кўпчиликдан фарқ қилади қиладиган фикр билдирди (如何看待阿富汗局势). Унинг фикрига кўра, «Толибон»нинг музокара қилиш қобилияти ҳамда АҚШнинг мағлубияти борасида шошма-шошарлик билан қарорлар қабул қилиш керак эмас. Хусусан, Чжан Цзядуннинг ёзишича, «Толибон» охирги марта ҳокимият тепасида бўлган пайтда замонавий сиёсий цивилизацияга мос келадиган хислатларни намойиш этмаган. Улар аёлларнинг таълим олишини тақиқлаган, маданият ёдгорликларини вайрон қилган, шунингдек, турли террорчи ташкилотларни, жумладан, Хитойга қарши кучларни қўллаб-қувватлашган. Бу сафар ўзгаришлар бўлиши мумкин, лекин бу ҳали кўзга ташланмаяпти. «Толибон» ҳукмронлик қилаётган Афғонистон сиёсий жиҳатдан маҳаллийлашган, кланлашган, ёпиқ, қолоқ ва ниҳоят, халқаро ҳамжамият томонидан қабул қилинмаган давлат бўлиши мумкин.
«Толибон» охирги марта ҳокимият тепасида бўлган пайтда замонавий сиёсий цивилизацияга мос келадиган хислатларни намойиш этмаган
АҚШга келадиган бўлсак, у Афғонистонда ҳақиқатда муваффақиятсизликка учради. Бу стратегик хато АҚШ имиджига зиён етказади, лекин унинг қудратига эмас. АҚШ бир пайтлар муваффақиятсизликка учраб, Сайгонни тарк этганди, лекин кейинроқ «совуқ уруш»да ғолиб чиқкан.
Муаллифнинг фикрига кўра, анти-американизм Хитойнинг Афғонистонга нисбатан нуқтаи назарига таъсир қилмаслиги керак. Хитой-Америка муносабатлари нафақат душманлик ва рақобат, балки ҳамкорлик ва биргаликда мавжуд бўлиш ҳамдир. Зеро, цивилизация нуқтаи назаридан Хитойнинг сиёсий тизими «Толибон»га қараганда американикига анча яқин. Ниҳоят, хитойлик таҳлилчининг фикрига кўра, Афғонистон Хитой учун чекланган стратегик аҳамиятга эга.
«Афғонистон тинч тикланиш йўлига тура оладими» деб номланган мақолада Хитой ижтимоий фанлар академияси таҳлилчиси Чжао Чанцин Кобулда янги ҳукумат босиб ўтиши лозим бўлган мураккаб йўл ҳақида мулоҳаза юритади (赵常庆:阿富汗能否走上和平重建之路).
Афғон «Толибон»и кўпчилик кутганидек, Ғани ҳокимиятини тезда қўлга киритди. Бироқ хитойлик эксперт «Толибон» бутун Афғонистонни бирлаштира олишига шубҳа билан қарамоқда. Аввало, эксперт «Толибон»нинг инклюзив ҳукумат туза олишига шубҳа қилади. «Толибон» яқинда ўз бошқарув фалсафасини эълон қилди ва ҳатто турли гуруҳлар билан муҳокама қилмасдан, мамлакатни "Афғонистон Ислом Амирлиги" деб эълон қилди ва шу билан мамлакатни шариат асосида бошқариш моделини мустаҳкамлади. Бу нуқта, эксперт фикрича, зиддиятларга сабаб бўлади, чунки бу босқичда «Толибон» вакиллари сохта мўтадилликни намойиш этишмоқда. Аслида эса вақт ўтиши билан толиблар қатъий шариат меъёрларига келади. Бу ҳолат Афғонистоннинг бугунги ва келажакдаги барқарорлиги учун яширин хавф туғдиради.
Иккинчидан, барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш қобилияти шубҳа уйғотади. Аввалги режим Кобулда асосан халқаро ёрдам эвазига кун кўрарди. Бироқ АҚШ санкциялар жорий қилиб бўлди ва Афғонистон бюджетига навбатдаги траншларни музлатиб қўйди. Ҳозир Афғонистон иқтисодиёти янги донорларга ниҳоятда муҳтож. «Толибон» ташқи ҳамкорларнинг ишончини қозониб, яна халқаро ҳамжамиятдан молиявий ёрдам ола оладими, йўқми, энди катта савол. «Толибон»ни ҳокимиятда ушлаб туриш калити аҳоли, айниқса, шаҳарликларнинг қўллаб-қувватлаши бўлиши мумкин. Бунинг учун толиблар иқтисодий-ижтимоий соҳаларда, кичик ва ўрта тадбиркорларнинг манфаатлари йўлида қатор рағбатлантирувчи чоралар кўриши керак. Бунинг учун толиблар бошқарув ходимларини мустаҳкамлаш керак.
Шанхай ижтимоий фанлар академияси илмий-тадқиқотчилик маркази директори Пан Гуан «Гуанча» порталига берган интервьюда қайд этишича, ҳокимият тепасига келган «Толибон» 20 йил олдингидан фарқ қилиши мумкин, лекин моҳият ўзгармаган (潘光:塔利班可能跟20多年前有所不同,但本质并没有变).
«Толибон»ни қонуний ҳукумат сифатида тан олиш масаласига тўхталадиган бўлсак, хитойлик эксперт Россияни мисол килиб келтиради. Москва, унинг фикрича, «Толибон»ни тан олмайди, гарчи у билан алоқаларни давом эттирса ҳам. Хитой ҳукумати ҳам худди шундай - "биз Толибон режимини тан олиш ҳақида гапирмаяпмиз ва Афғонистонга миллий ярашувга эришиш учун Кобулда ҳокимият тепасида бўлганлар билан ишни давом эттирмоқдамиз", - дея қайд этади Пан Гуан.
Экспертнинг фикрича, бугун толиблар «замон билан ҳамнафас» кўринмоқда. Ҳар ҳолда, улар шу пайтгача кўчага бир ўзи чиқиш, таълим олиш ва ишлашга рухсат берилган аёлларга нисбатан, биринчи навбатда, қатъий исломий қонунларни татбиқ этишга дарҳол киришмадилар. Аммо шу билан бирга, Пан Гуаннинг ёзишича, толиблар диний даъволари ўта ортодоксал ва, эҳтимол, моҳияти ўзгармайдиган диний экстремистик кучлар бўлган сунний мусулмонлар эканини унутмаслигимиз керак. Шунга асосланиб, муаллифга кўра, ҳозирда кўрилаётган айрим чора-тадбирлар фақат вақтинчалик характерга эга.
«Гуанча» сайтидаги бошқа бир мақолада Пан Гуан Кобулда рўй берган терактдан кейин «Толибон»нинг Афғонистон террорчи ташкилотлар фаолияти учун база бўлмаслиги ҳақидаги кафолатлари ишончсиз бўлиб чиққани ҳақида мулоҳаза юритади (潘光:喀布尔机场爆炸,塔利班的保证还可靠吗). Кўриниб турибдики, «Толибон» Афғонистоннинг деярли барча маъмурий марказларини қўлга киритганига қарамай, ички вазият устидан ҳамон чекланган назоратга эга.
Бошқа томондан, хитойлик таҳлилчи терроризм устидан ғалаба қозонилгани ҳақида баёнот берган ва асосий эътиборни катта давлатлар билан рақобатга қаратган АҚШ ҳукуматини ҳам танқид қилади. Муаллифнинг фикрига кўра, АҚШ ва Хитой терроризмга қарши курашда бир-бирини тўлдириши мумкин. Бунинг ўрнига, Вашингтон, Хитой билан рақобатни кучайтиришни афзал кўриб, барча саъй-ҳаракатларини шунга қаратади.
АҚШ ва Хитой терроризмга қарши курашда бир-бирини тўлдириши мумкин бўларди
Шу аснода Афғонистонда ИШИД ва бошқа террорчи ташкилотлар яна фаллашмоқда, уларнинг бир қисми Шинжон хавфсизлигига таҳдид солади.
Афғонистонда чуқур сиёсий ўзгаришларда Хитойнинг роли ҳақида Шанхай чет тиллар университети Яқин Шарқ институти профессори Фан Хунда қуйидагиларни ёзади (范鸿达:解读中国在阿富汗政治巨变后角色). Хитойлик экспертнинг фикрига кўра, Кобулда ҳокимиятни қўлг киритган «Толибон» Афғонистонни тиклаш ва барқарорликни таъминлаш учун бир қатор вазифаларни ҳал қилиши зарур, чунончи:
Биринчидан, «Толибон»нинг Афғонистондаги бошқа сиёсий кучлар билан ҳамнафаслиги масаласи ҳал қилиниши керак. Бу кучларни эътиборсиз қолдириб бўлмайди ва «Толибон» ҳамон ички ҳамжиҳатликда жиддий муаммоларга дуч келмоқда. Бундан ташқари, экспертнинг фикрига кўра, «Толибон» ўз бирлигига эътибор бериши керак.
Иккинчидан, «Толибон» ва халқаро ҳамжамиятнинг биргаликда мавжуд бўлиш масаласи ҳал этилишини талаб қилади. Ҳозирги кунда Афғонистоннинг тикланиш имкониятлари етарли эмас ва шунинг учун халқаро ҳамжамиятнинг кўмаги ва ёрдамисиз тикланишга эришиб бўлмайди. Бундан ташқари, халқаро ҳамжамият томонидан тасдиқланмаган режимлар ривожланиш учун кам имкониятга эга бўлади. Шунинг учун «Толибон» халқаро ҳамжамият, айниқса, қўшни давлатлар билан конструктив мулоқот ва алоқалар ўрнатиши керак. Бу эса толиблар томонидан терроризмдан яққол ажралиш борасида амалий ҳаракатларни талаб қилади.
Учинчидан, «Толибон» раҳбарияти иқтисодий ривожланиш ва одамларнинг турмуш шароитини яхшилашга эътибор қаратиши керак. Режимнинг барқарорлиги кўп жиҳатдан Афғонистон халқининг иқтисодий тараққиёти ва ижтимоий фаровонлиги даражасига боғлиқ бўлади.
Фан Хунданинг таъкидлашича, Хитой «афғон бўшлиғи»ни эгаллаш учун сиёсий иродага ҳам, режаларга ҳам эга эмас. Пекин АҚШнинг Афғонистондаги ўрнини эгаллашга интилмайди. Шу билан бирга, Хитой Афғонистондаги барқарорликдан манфаатдор ва шу боис афғон сиёсий кучларига сиёсий муросага эришишда ёрдам бермоқда. Таҳлилчининг фикрига кўра, Хитойнинг бундай саъй-ҳаракатлари афғон халқининг интилишларига мос келади. Шундай қилиб, агар Хитойнинг Афғонистондаги таъсири келажакда кенгайса, натижада бўшлиқни тўлдиришни истагининг оқибати эмас, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда икки томонлама алоқаларни ривожлантиришнинг объектив натижаси бўлади.
«Толибон»нинг ҳокимият тепасига келиши Россия ва Марказий Осиёга таъсири ҳақида ўз фикри билан Фудан университети профессори Фэн Юйцзюн бўлишади (俄罗斯多策应对“新塔利班时代”). Экспертнинг фикрига кўра, Россия афғон йўналишида кескин фаоллашган бўлиб, бу унинг Марказий Осиёдаги таъсирини мустаҳкалаш режалари билан боғлиқ. Россия «Толибон» раҳбарияти билан қалин алоқаларни қўллаб-қувватлайди. Лекин шу билан бир пайтда Россия «Толибон»ни Россияга қарши кучлар билан алоқаларни сусайтириш ёки умуман узишга кўндириш учун қаттиқ ва юмшоқ усуллардан фойдаланади. Жумладан, экспертнинг ёзишича, Россия аввалгидек Афғонистондаги турли сиёсий кучлар билан ҳар томонлама алоқа ўрнатади. Бошқа томондан, Россия Афғонистоннинг келажакдаги ички ва ташқи тенденцияларига таъсир кўрсатиш учун «Толибон» билан ҳар томонлама алоқалар ўрнатади. Амалда, Россия 2010 йилдан бери «Толибон» билан норасмий алоқа қилиб келади. 2014 йил Россия-Америка муносабатлари кескин ўзгарганидан сўнг, Россия ҳатто «Толибон»ни АҚШга қарши муҳим куч сифатида кўриб чиққан ва унга турли шаклларда ёрдам кўрсатган. Бошқа томондан, Россия анъанавий ҳамкори «Шимолий Иттифоқ» билан алоқалардан ҳам воз кечмайди ва вазиятнинг ўзгаришига қараб, турли шаклларда уни қўллаб-қувватлайди. Бундан ташқари, Россия Афғонистоннинг янги Конституциясини ишлаб чиқиш ва коалицион ўтиш даври ҳукуматини шакллантиришга таъсир кўрсатиш учун БМТ ва турли минтақавий кўп томонлама механизмлардан фаол фойдаланади.
«Толибон»нинг қайтиши Россия учун нафақат муаммолар келтириб чиқаради, балки Марказий Осиёда ўз таъсирини ўзгартириш учун муҳим имконият яратади. Профессор Фэннинг таъкидлашича, «Толибон»нинг қайтиши Россия учун нафақат муаммолар келтириб чиқаради, балки Марказий Осиёда ўз таъсирини ўзгартириш учун муҳим имконият яратади. Охирги йилларда халқаро вазиятдаги ўзгаришлар ва ўз кучининг заифлашуви туфайли Россиянинг «собиқ совет макони»даги таъсири пасайиш тендениясини намойиш этмоқда. Бироқ, «Толибон» ҳокимият тепасига келиши билан Марказий Осиё мамлакатларининг Россияга боғлиқлиги кескин ўсмоқда.
Айтганча, Афғонистондаги сўнгги воқеалар асосида Хитой матбуотида Тайван қаратилган кўплаб материаллар пайдо бўлди. Хусусан, Тайван Афғонистондан сабоқ олиши керак мақоласида муаллифлар Вашингтоннинг Афғонистондаги сиёсати натижалари ва унинг АҚШ стратегик ҳамкорлари ва иттифоқчилари учун оқибатларини таҳлил қилади (台湾应从阿富汗记取教训). Хитой матбуоти борган сари бугунги Афғонистон эртанги Тайван деб ёза бошлади. Лекин шу билан бирга Тайван ўз-ўзидан Афғонистон эмас, Тайпей эса Афғонистонга ҳар томонлама айланиб кетмаслик керак.
Хитой матбуотида ёритилаётган сўнгги янгиликлардан бири БМТ хавфсизлик Кенгашида Афғонистон бўйича янги резолюция учун овоз бериш бўлиб, унда Хитой Россия билан бирга овоз беришдан тийилган (今天凌晨你熟睡时,安理会通过!中俄弃权). БМТнинг шу йил 30 августдаги Афғонистон бўйича резолюцияси Афғонистонда терроризмга қарши курашнинг муҳимлигини тасдиқлайди, Афғонистон ҳудудини бирон-бир мамлакатга таҳдид ёки ҳужум қилиш учун ишлатмасликка чақиради. Овоз беришдан кейинги тушунтириш баёнотида Хитойнинг БМТдаги доимий вакили муовини Гэн Шуан Афғонистондаги сўнгги тартибсизликлар хорижий кучларнинг шошилинч ва тартибсиз олиб чиқилиши билан бевосита боғлиқлигини таъкидлади. Унинг қайд этишича, Хитой резолюция қабул қилиш ва лойиҳа мазмунини мувозанатлаштириш зарурлиги ва долзарблигига шубҳа билан қарайди, бироқ шунга қарамай, у ҳали ҳам маслаҳатлашувларда конструктив қатнашади ва Россия билан биргаликда муҳим ва оқилона ўзгартишларни илгари суради.
Дарвоқе, бу босқичда Россия ва Хитой расмийлари Афғонистондаги ҳаракатларини мувофиқлаштиришга уринмоқда. Хусусан, 25 август куни Си Цзинпин ва Владимир Путин телефон орқали суҳбат ўтказиб, унда томонлар Афғонистон бўйича мувофиқлаштиришни мустаҳкамлашга келишиб олди. Россия ва Хитой раҳбарлари ўртасидаги суҳбатдан бир неча фактлар эътиборга лойиқ. Шундай қилиб, фикр алмашиш давомида Си Цзинпин икки томонлама ҳамкорлик форматини янгилаш ҳамда Хитой ва Россия ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш учун Россия томонига таклиф киритди. Россия раҳбари, ўз навбатида, Россия бир Хитой сиёсатига қатъий амал қилади, Тайван, Гонконг, Шинжон ва Жанубий Хитой денгизи билан боғлиқ масалалар бўйича асосий манфаатларини ҳимоя қилиш учун Хитойнинг қонуний позициясини қўллаб-қувватлайди, деди. Москва Жанубий Хитой денгизида баҳсли ҳудудларни шу йўл билан қўллаб-қувватлашини намойиш этди, бундай ҳолат эса илгари кузатилмаган.