Ташкилотнинг таъкидлашича, можаронинг авж олиши турли ҳолатларга ва тинч аҳолининг оммавий кўчиб кетишига олиб келади, деб хабар бермоқда БМТ Янгиликлар маркази.
Биргина 2021 йил январидан буён тахминан 270 минг афғон ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди. Айни пайтда мамлакатдаги ички қочқинларнинг умумий сони 3,5 миллиондан ошди. Сўнгги ҳафталарда Афғонистондаги хавфсизлик ҳолати ёмонлашди, кўплаб оилалар хавфсизлик излаб қочиб кетишди.
Яшаш жойини ўзгартирган фуқаролар БМТ Қочқинлар ишлари бўйича Олий Комиссари бошқармаси ва унинг ҳамкор ташкилотларини қуролли тўқнашувлар, нодавлат қуролли гуруҳлар томонидан талон-тарож қилиш ва катта йўлларда қўлбола портловчи мосламалар тўғрисида хабардор қилмоқдалар. Уруш авж олган ҳудудларда ижтимоий ёрдам хизматлари тўхтатилиб, одамлар ишсиз қолмоқда.
БМТнинг Афғонистондаги ёрдам миссиясининг маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида тинч аҳоли ўртасида қурбонлар сони 2020 йилга нисбатан 29 фоизга ошган. Улар орасида кўплаб аёллар ва болалар бор.
Тўсатдан қочишга мажбур бўлганлар қўллаб-қувватлашга муҳтож. Қочқинлар бўйича Олий Комиссар бошқармаси ва унинг ҳамкорлари қочқин афғонларга бошпана ва моддий ёрдам кўрсатадилар, уларни озиқ-овқат ва сув билан таъминлайдилар ва мувофиқлаштирилган тадбирлар доирасида уларга тиббий ёрдам кўрсатадилар.
Узоқ давом этган можаролар, одамларнинг қоччиб кетиши, COVID-19 ва тез-тез учрайдиган табиий офатлар, жумладан қурғоқчилик ва қашшоқлик афғон халқини офат ёқасига олиб келди.
Эслатиб ўтамиз, Афғонистондаги вазият янада оғирлашди ва афғон қўшинлари Ўзбекистон ва Тожикистонга ўтиб кетишди. Толибон Афғонистоннинг катта қисмини эгаллаб олди.
Шунингдек, Тожикистон Афғонистон билан чегарасини мустаҳкамлаш учун 20 минг аскар юборишни режалаштирмоқда. Толиблардан қочган бир гуруҳ афғонистонликлар Тожикистон чегарасини кесиб ўтдилар. Бу ҳақда human.uz сайти хабар тарқатди.