loader
Foto

Атлантиканинг сўнгги ўқи: валюта ҳужуми (Sabah, Туркия)

Ота-боболаримиз айтганларидек: "Такрорлаш - гўзалдир, ҳатто 180 марта бўлса хам". Шунинг учун қуйидаги фикрларни яна бир бор келтириш ўринли бўлади…

 «Эрдўғанга бутунлай бошқача ёндашишимиз керак. У давлат тўнтариши билан эмас, сайловда мағлуб бўлади. Бизда йўл харитаси борлигини кўрсатишимиз керак. У ҳаммаси учун тўлаши керак. Унинг партияси Истанбулдан ҳайдаб чиқарилди. Биз нима қиляпмиз? Шу ерда ўтирибмиз ва бошимизни қимирлатиб қўйяпмиз. Бошқача қилиб айтганда, биз қуйидагиларни кўрсатишимиз керак. Туркия Россияга қарам бўлиши шарт эмас. Улар бу олмадан кераклисини тишлаб олиб бўлди. Аммо энди улар биз уларга шу пайтгача қандай муносабатда бўлган бўлсак, шундай муносабатда бўлмаслигимизни тушунишлари керак. Менимча, минтақадаги иттифоқчиларимиз билан бирлашиб, Эрдўғаннинг минтақадаги фаолиятини қандай қилиб яккалаб қўйишимиз мумкинлигига ҳал қилишимиз биз учун ниҳоятда муҳим бўлади. Президентликка сайлансам, тўнтариш билан эмас, сайловда Эрдўғанни ағдариб, мухолифатни қўллаб-қувватлайман. Агар биз мухолифатдаги Туркия етакчиларини қўллаб-қувватласак, уларни жасоратлироқ ҳаракат қилишга ундасак, улар Эрдўғанни енгишлари мумкин...»

Бу шов-шувли баёнотлар АҚШ президенти Жо Байденга тегишли. Бу бетакаллуф баёнот 2019 йил 16 декабрда, демократик партиядан президентликка якуний номзоди кўрсатилишидан олдин ҳам қилинган.

Америка оммавий ахборот воситалари томонидан "Уйқучи Жо" лақабини олган Байден бундай бемаъни сўзлари билан маълум маънода АҚШнинг онгида Янги Туркия ва Эрдўған ҳақиқатини ҳам ифода этди.

АҚШ бошчилигидаги Атлантиканинг энг даҳшатли воқеа Туркиянинг Эрдўған бошчилигидаги мустақил сиёсатидир. Хитой ва Россия билан ривожланаётган стратегик муносабатларимиз, айниқса, Осиё ташаббуси контекстида, АҚШни том маънода ғазаблантирмоқда.

Аслида Байден ҳам ўз интервьюсида Эрдўғанга нисбатан ғазабининг асосий сабаби "Россия кўринишида тақиқланган олмадан бир тишлам" эканини очиқ айтади.

Бироқ, 2013 йил Гези намойишларидан бошлаб ва 2016 йил 15 июль куни давлат тўнтаришига уринишгача бўлган барча ифлос сценарийлар муваффақиятсиздикка учради. Кейин 2019 март ойида бўлиб ўтган муниципал сайловлар умидсизликка ушган АҚШ га ёрдамга келди. Умид учқунлари пайдо бўлган Байден Эрдўғанга нисбатан совуқ муносабатини қуйидагича ифода этади: "Унинг партияси Истанбулдан ҳайдаб чиқарилди". АҚШ раҳбари шундай асабий ҳолатда-ки, у : "Туркиянинг Адолат ва тараққиёт партияси мағлуб бўлди ёки ютқазди", демайди. "Ҳайдаб чиқарилди" деди у жазавага тушиб ва оғзидан кўпик сачратиб.

Мухолифат Истанбул ва Анқарада, шунингдек, бошқа йирик шаҳарларда муниципал сайловларда ғалаба қозонганидан сўнг, АҚШ ва унинг иттифоқчилари 2023 йил сайловларидан кейин "Эрдўғансиз Туркия" орзуси жонлана бошлади.

Лекин улар тез орада бу имконсиз эканлигини кўрдилар. Улар томонидан ўтказилган сўровлар шуни кўрсатмоқдаки, улар молиялаштирадиган мухолифат 2023 йилда Эрдўғанни ағдаришга қодир эмас. Шу сабабли вахимага тушган ҳолда улар дарҳол молиявий террор ҳужумларини бошлади.

Бу маънода валюта курси билан ҳужум ҳам мамлакатимиз ва Эрдўғанни нишонга олганлар ожизлиги кўрсаткичи ҳисобланади. Улар қўлида молиявий террор қуроли — бу Атлантиканинг сўнгги ўқидир. Уларнинг бошқа чораси қолмаган.

Шуниси диққатга сазоворки, Туркия Саудия Арабистони ва БАА каби АҚШнинг содиқ иттифоқчилари билан муносабатларда янги даврга кириб, туркий давлатлар ташкилоти билан ҳамкорликни амалга ошираётган бир пайтда бундай ҳужумлар сони айниқса тез-тез юз бериб турибди.

Бироқ, молиявий террористик ҳужумлар қанчалик шиддатли бўлмасин, бундан буён улар учун бирон-бир натижага эришиш жуда қийин. Чунки Ғарб капиталистик тузуми ўзининг аввалги кучига эга эмас. 2008 йилги молиявий инқирози буни кўрсатди. Бу инқироз Хитой ва Туркиянинг юксалишига, Россиянинг қайтишига олиб келди.

Натижада Туркияни валюта ва молиявий хуружлар билан жиловлаш даври аллақачон ўтиб кетган. Туркия аввалгидек эмас. Хаос сценарийлари иш бермайди.

Халқимиз 2016 йил 15 июль куни бўлиб ўтганидек, бу урушдан ғолиб чиққанини тарих саҳифаларига ҳали ёзади. Бундай ҳужумлар Жаноб Эрдўған атрофида халқимизни бирлаштиради ва Туркиянинг мустақил дунё кучига айланишига ёрдам беради.

Абу Муслим таржимаси