Хитой Афғонистондаги Айнак мис конини ўзлаштиришни бошлашни режалаштирмоқда.
Қайд этилишича, Хитой компанияларининг бир неча вакиллари Афғонистонга мамлакатда литий ишлаб чиқариш истиқболлари ва ушбу лойиҳаларда иштирок этиш имкониятларини ўрганиш учун келган.
Хитой матбуотига кўра, ҳозирда Афғонистонда вакиллари бўлган 5 та компаниядан ташқари, камида 20 та Хитой давлат ва хусусий компаниялари ҳам литий лойиҳаларига қизиқиш билдирмоқда.
Хитойлик инвесторларнинг Афғонистондаги фойдали қазилмаларни ўзлаштиришга қизиқиши ортиб бораётгани фонида хавфсизликни таъминлаш масаласи долзарблигича қолмоқда.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, кўплаб компаниялар мамлакатдаги вазият яхшиланмагунча кутиш ва кўриш позициясини танлаши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2007 йилда Хитой компаниялари Кобулдан 35 км узоқликда жойлашган Айнак мис конини ўзлаштириш бўйича тендерда ғолиб чиққан эди. Бироқ хавфсизлик билан боғлиқ вазият туфайли лойиҳа музлатиб қўйилди. «Толибон» ҳокимият тепасига келгач, Хитой вакиллари мамлакатдаги вазиятни диққат билан кузатиб боришларини ва имкон қадар тезроқ ишга киришишларини айтишди.