loader
Foto

Риё тўла "саҳоват"лар

Ёки  молингизга талофат етканда, бу ишга сабабчи бўлган одам рўпарангиздан чиқиб, кўтаринки руҳда “ҳаммаси жойида, муҳими ўзингиз соғсиз, тушкунликка тушманг” деб тиржайса ва аслида ўз ҳаққингиз бўлган нарсани сизга садақа-эҳсон қилаётгандек тақдим этса, унга  “раҳмат” айтишдан ўзга чора қолдирмаслигини қандай тушунасиз?

Ёки бирор мусибат етиб эзилиб, абгор ва ночор ҳолингизни кимдир кўришини истамай ётибсиз. Шундай ҳолатда кимдир сизни ҳолингизга раҳми келгандек, ёрдам бермоқчидек кўриниб, аслида ўз рейтингини ошириш мақсадида видеотасвирга туширса ва ижтимоий тармоқларда тарқатса ёқадими?

 Албатта йўқ!

“Фақат бефаросат ва разил одам шундай қилиб бошқаларни таҳқирлаши мумкин! Бу саҳоват эмас, ҳақорат!” десангиз керак.

Сардоба аҳли бошига тушган мусибат кичкина мусибат эмас. Уларга нисбатан ҳам юқоридаги каби бефаросатликлар қилиш таҳқирлаш билан баробар.

Айрим “шоумен”лар  эса уларнинг азасини ўз манфаати учун “шоу”га айлантиргандек ҳатти ҳаракатлари “ўлганни устига чиқиб тепиш”дек гап!

Хўп, хайрия қилибсиз, яхшилик қилмоқчи бўлибсиз, ниятингиз холисдир, аммо риё қилиб расм ва видеога олиб тарқатиш билан ҳамма олган ажр-савобларингиз ювилиб кетаётган бўлсачи?

Майли, ниятингиз савоб олиш ҳам  эмас, шунчаки пиар қилиш  бўлса ва ҳар қадамингизни суратга , видеога олиб тармоқларга  жойлаш касалингиз бор ҳам дейлик, аммо одамларнинг мусибати селфи учун чиройли фон эмас!

Фожеа жойи кўнгилочар сайлгоҳ эмас!

“Берувчи қўл олувчи қўлдан яхшироқ!” дейилади ҳадиси шарифда.

Аммо бераётганини видеоролик ё селфи қилиб тармоқларга жойлайдиган “берувчи”лар ҳақида эмас бу ҳадис!

Одамлар орасида шундай “берувчи қўллар” борки, ўнг қўли берганини чап қўли билмайди хатто! Бу ҳадис ўшалар ҳақида! Аллоҳ берган ризқини Аллоҳ рози бўлган жойга эҳсон қилувчи ва фақатгина Унинг розилигини истовчи муҳсинлар улар!

Уларнинг юзини ижтимоий тармоқда кўрмайсиз, эҳсонлари берилаётган жойларда ҳам. Аммо ҳар қилган амаллари котиб фаришталар томонидан қайд этилиб, ажрлари бир неча баробар кўпайтирилиб, номлари осмонларда зикр қилиниб ёткани шубҳасиз!

Аллоҳ ҳар кимга истаганча ризқ беради.

Истаймизми йўқми, ҳар бир замоннинг, ҳар жамиятнинг ўз бойлари ва фақирлари бўлади, бу  ҳам Аллоҳнинг иродаси. Аммо Аллоҳнинг адолат мезони ила фақирларнинг ҳаққи бойларнинг бўйнига юклатилган. Моли нисобга еткан мусулмоннинг закот чиқариши Исломнинг асосий арконларидан бири экани бежиз эмас. Хайр саҳоватга энг кўп тарғиб қилувчи дин ҳам Исломдир. Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳнинг йўлида молларини инфоқ қилувчи мусулмонлар кўпайиб бормоқда. Аммо шу билан бирга негадир фақир-мискинлар сони ҳам кундан-кунга ортмоқда.

Айниқса карантин пайтида жуда кўп оилаларнинг иқтисодий аҳволи оғирлашиб, муҳтожлар янада кўпайиб кетди.

Сардоба фожеаси эса фақир ва мискинлар сафини умуман кенгайтириб юборди. Бир лаҳзада аҳолисининг бой-бадавлат қисми ҳам, ўртаҳоли ҳам, шароити оғири ҳам бир ҳил ҳолатдаги, яшашга уйи, кийишга кийими, ейишга таоми йўқ фақир-мискин инсонларга, эҳсонга ҳақдорларга айланиб қолдилар. Улар ўз иҳтиёри ёки дангасалиги сабаб “олувчи қўлга” айланмади, шундай аҳволга тушишига тўсатдан келган мусибат сабаб бўлди.

Шу фожеа юз бергунча бирорта Сардобаликнинг бирор жойда ёрдам сўраган, “хайр эҳсон қилинглар бизга” деган гапини кўрмагандим, ўқимагандим. Балки кимдир кўргандир. Аммо бутун аҳолиси ёппасига муҳтож бўлмагани аниқ.  Бугун эса ёрдамга муҳтож қатламга айланиб қолганидан ўксиб, берилаётган нарсаларни минг ҳижолатда олаётган, ким кўнгил сўраб борса қайта-қайта “раҳмат” айтаётган ҳокисор, ғамдан чўкиб қолган, эгни юпун, абгор ҳолида эл-юртга кўриниш беришни истамаётгани норози нигоҳидан сезилиб турган одамларни суратга олиб баттар қалбини  синдириб қўйиш мумкинлигини ўйламаганлар кўпайди!

Қилган яхшиликни кўз-кўзлаш худди миннат ва писанда қилишдек гап.  Миннат ва озорлар билан йўққа чиқадиган яхшиликда яхшилик борми?!...

Масалан,  ҳеч кимга “олувчи қўл бўлиш” , айниқса ночор ҳолатдаги сурати  ижтимоий тармоқларда айланиб юриши ёқмаса керак. Шундай экан, фаросатимизни ишлатайлик, ўзимизга ёқмайдиган ишларни бошқаларга ҳам раво кўрмайлик!

Аввалдан ҳам айрим саҳоват ва мурувват қилиб юрган инсонлар, муҳтожларга олиб борган нарсаларини қўлларига ушлатиб қўйиб, ҳароба уйлари фонида суратга олиб тармоқларга жойлашларини ёқламасдим. Балки саҳоватпешалар, қилган эҳсонлари ўз жойига етиб борганини билишлари учун ҳисобот тариқасида шундай қилинар. Аммо, ҳисоботни “шунча одамга етказдик” тарзида берилса ҳам саҳоватпешалар ишонишига аминман. Чунки лафзига ишониб воситачи қилиб танлаган кўнгилли(волонтёр)ларнинг оғзаки ёки расмсиз ёзма ҳисоботига ҳам ишонишларига шубҳа йўқ.

Бошқаларга ибрат бўлиш учун бўлган тақдирда ҳам, фақир-мискинларни бутун элга расмини кўрсатиб ҳижолат қилишнинг кераги йўқ деб ўйлайман.

Аммо холис ниятда саҳоват ва ҳайрия ишларида тиниб билмаётган юртдошларимизнинг шижоатлари ва меҳнатлари таҳсинга лойиқ. Аллоҳ рози бўлсин улардан.

Аллоҳ ҳаммамизга инсоф берсин!

Бефаросатларга эса озроқ фаросат!

Малохат Анвар