loader
Foto

Қозоғистонда советлар террори ҳақида янги филм суратга олинмоқда

16 ноябр куни Олмаота шаҳрида Ахмет Бойтурсунов ҳақидаги «Сўнгги ҳукм» филми экранларга чиқади. [Миллий киночиликни қўллаб-қувватлаш давлат маркази]

ОЛМАОТА – «Сўнгги ҳукм» номли янги филми қозоқ ёшларига Қозоғистондаги советлар даврига оид ҳақиқатларни ошкор қилиб, миллий қадриятларни ҳимоя қилгани учун режим тарафидан ўлдирилган қаҳрамонлар билан таништиради, дейди филмни суратган олаётган киноижодкорлар.

Келаси йили қозоқ ёзувчиси ва жамоат арбоби Ахмет Бойтурсунов таваллудининг 150 йиллигига бағишланган филмни суратга олиш ишлари ноябр ойида Олмаотада бошланган.

Филм 1937 йилда Иосиф Сталин қатағонлари авж олган маҳал совет тузуми томонидан «халқ душмани» сифатида отувга ҳукм қилинган Бойтурсунов ҳақида ҳикоя қилади.

Советларнинг Ички ишлар халқ комиссарлиги – НКВД уни ўша йили қатл қилган эди.

27 ноябр куни Олмаотада олинган бу суратда 1930-йилларда Совет режими томонидан ўлдирилган Ахмет Бойтурсунов ва бошқа кўплаб қозоқ миллий қаҳрамонлари сақланган собиқ НКВД қамоқхонаси акс этган. Бу бинода НКВД ходимлари коммунистик мафкурага қарши курашда гумон қилинган маҳбусларни сўроқ қилиб, қийноққа солишган. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

1937 йил декабрда НКВД томонидан отиб ўлдирилган Бойтурсунов яшаган Олмаотадаги уй-музей, 27 ноябр кунги сурат. [Қанат Алтинбаев/Карвонсарой]

Қозоғистон Қозоғистон Маданият ва спорт вазирлигининг буюртмаси асосида Миллий кинематографияни қўллаб-қувватлаш давлат маркази кўмагида яратилаётган филмни суратга олиш ишларига икки тажрибали режиссёр – Ерлан Нурмуҳамбетов ва Ерген Токмурзин бошчилик қилмоқда.

Нурмуҳамбетовнинг «Ёнғоқ дарахти» филми 2015 йилда Жанубий Кореянинг Пусан халқаро кинофестивалида «Янги оқимлар» йўналишида бош мукофотни қўлга киритган эди.

Қозоғистондаги қишлоқ ҳаётининг машаққатларини акс эттирувчи филм бошқа хорижий кинофестивалларда ҳам кўплаб совринли ўринларга сазовор бўлган.

Унинг охирги филми – «От ўғрилари. Вақт йўллари» бу йил Франция кинотеатрларида намойиш этилди.

Шунингдек, Токмурзин кўплаб ҳужжатли филмларга режиссёрлик ва продюсерлик қилган.

Бойтурсунов ҳақида

Бойтурсуновнинг бутун ҳаётини қамраб олувчи янги кинофилм ва асосан Олмаота ва Шарқий Қозоғистон вилоятида суратга олинади. Суратга олиш ишлари 2022 йилда якунланиши кутилмоқда.

Филм ижодкорлари Бойтурсунов ҳибсда сақланган НКВД қамоқхонаси гавдалантиришда Олмаотадаги собиқ қамоқхонадан фойдаланган.

1872 йилда таваллуд топган Бойтурсунов маърифатпарвар, ислоҳотчи-олим, қозоқ тилшунослиги ва адабиётшунослигининг асосчиларидан бири эди.

У араб ёзувига таянган ҳолда қозоқ алифбосини ислоҳ қилди. Шу кунгача Хитой, Афғонистон ва Эрондаги этник қозоқлар унинг алифбосидан фойдаланадилар.

Шунингдек, Бойтурсунов сиёсат билан ҳам шуғулланган: у Қозоғистон давлатчилиги ғоясини илгари сурган ва Коммунизмга қарши курашда қозоқ халқини бирлаштиришни кўзлаган «Алаш» озодлик ҳаракати етакчиларидан бири бўлган.

Мана шу фаолиятлари учун 1937 йилда НКВД уни «аксилинқилобий» ва «халқ душмани» деб айблаб, отиб ташлаган.

Қозоғистон ҳукумати 1988 йилда Бойтурсуновнинг ўлимидан кейин уни оқлаган, Қозоғистондаги кўчалар, мактаблар ва бир қатор университетларга унинг номи берилган.

1993 йил Олмаотада ҳаётининг сўнгги йилларини ўтказган уйда Бойтурсуновнинг хотира музейи очилган бўлиб, Қозоғистон ҳукумати унинг хотирасига ёдгорлик барпо этган.

Келгуси йилда мамлакат бўйлаб UNESCO шафелигида Бойтурсунов таваллудининг 150 йиллигига бағишланган тадбирларни ўтказиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, келаси йил Бойтурсуновнинг танланган асарларини рус, инглиз ва турк тилларига таржима қилиш ҳамда 12 жилдлик тўпламини чоп этиш мўлжалланган.

Совет террори

Бойтурсуновнинг ҳаётини ёритувчи филм 1930 йилларда диктатура сиёсатига рози бўлмагани ёки шунчаки гумондорга айлангани учун Сталин режими томонидан қатл этилган кўплаб қозоқлардан бирининг тақдирини кўрсатиб берган.

Қозоғистоннинг Ал-Фаробий миллий университетида тарихдан дарс берадиган Ануар Галиевнинг Карвонсаройга айтишича, Буюк террор даврида унинг оиласи ҳам талофат кўрган.

Унинг буваси, Қустанай вилояти прокурори Молдагали Сагдагалиев «Япония жосуси» айблови билан 1938 йили Олмаотанинг Жаналиқ вилоятида отиб ўлдирилган.

Галиевнинг бувиси ўлим жазосидан қутулиб қолган бўлса-да, «ватан хоинининг» қариндоши сифатида 19 йил қамоқда ўтирган.

«Совет режими қозоқ зиёлиларини йўқ қилиб юборган, чунки уларнинг аксари танқидий қарашга эга ва Сталиннинг социализм моделига тўсқинлик қилиши мумкин эди», дейди Галиев.

Сталин қатағонлари нафақат зиёлилар, балки деҳқонларни ҳам четлаб ўтмаган, деб қўшимча қилди у.

«Сталин режими мухолифатнинг кучини қирқиш мақсадида «қулоқлар» деб танилган, мажбурий коллективлаштириш сиёсатига қаршилик қилган бой деҳқонларни жазолаган ёки бадарға қилган», дейди Галиев.

2013 йилнинг ёз ойларида Жаналиқда қувур ётқизиш ишлари чоғида терговчилар кейинчалик 168 нафар Сталин қурбонлари деб аниқлаган одамларнинг қолдиқлари топилган. Улар НКВД тарафидан оммавий қатл қилиниб, бир жойга кўмилганлар.

У ерда ҳозир ёдгорлик қад кўтарган.

Сталиннинг минглаб қурбонлари, аксарияти қозоқ миллатига мансуб қаҳрамонларнинг қабрлари ҳамон топилмаган, дейди Қозоғистоннинг сиёсий репрессия қурбонлари уюшмаси раиси олмаоталик Жумабек Ашуули.

«Бундай топилмаларга кўпроқ эътибор қаратишимиз ва бошқа қолдиқларни ҳам излашимиз керак», дейди Ашуули.

1937–1938 йилларнинг ўзида Совет ҳукумати Қозоғистонда 100 мингдан ортиқ одамни ноҳақ айблаб, улардан 25 мингни отиб ташлаган, деб хабар беради Қозоғистон ҳукумати.

Ёш авлодни тарбиялаш

Бўлажак филм ўсиб келаётган ёш авлодга тарихдан сабоқ беради, дейди бош ролни ижро этувчи Азамат Сотиолди.

«Ахмет Бойтурсунов қозоқ халқининг озодлиги учун курашган миллий қаҳрамон эди», деди Сотиболди Карвонсаройга. – Ўз ўтмишимиз, ўша даврнинг буюк шахслари, муҳим воқеалари ҳақида тез-тез сўзлаб туришимиз керак.

Келажак авлод ўтмишдаги буюк шахсларни билиши ва хотирлаши учун Қозоғистонда Байтурсиновга ўхшаган шахслар ҳақида кўпроқ филмлар суратга олиниши керак, деди Сотиболди.

«Сўнгги ҳукм» – Қозоғистоннинг Совет тузуми яширган фожиали тарихни қайта тиклаш ва ёритишга қаратилган саъй-ҳаракатларининг бир қисмидир.

1997 йилдан бери ҳар йили 31 май куни мамлакатда Сталин қатағони қурбонларининг хотираси ёдга олинади.

2020 йил ноябрда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев «Совет давридаги сиёсий қатағон қурбонларининг барча тоифаларига нисбатан тарихий адолатни тиклаш» учун масъул бўлган Сиёсий қатағон қурбонларини оқлаш бўйича Давлат комиссиясини тузишга буйруқ берган эди.

Январ ойида маҳаллий стриминг хизматларида Олмаотадаги «MG Productions» компанияси суратга олган «Дашт йиғиси» филми тақдим этилди. Унда 1930-йилларда Сталиннинг мажбурий коллективлаштириш сиёсати натижасида юзага келган Қозоғистондаги очарчилик даҳшатлари ёритилади.

Филм Қозоғистонда 1930-йилларда юз берган фожиа ҳақида ҳикоя қилади – ўша пайтда совет ҳукумати бадавлат қозоқларнинг мол-мулкини, асосан чорва молларини мусодара қилгани ва коллективлаштиргани оқибатида оммавий очарчилик юзага келган ва аҳолининг катта қисми нобуд бўлган эди.

Қозоғистон ҳукуматига кўра, ўша йилларда 1,5 миллион нафар қозоқ фуқароси очликдан нобуд бўлган.

Бироқ, 1937 йили Москвада қатл этилган қозоқларнинг миллий етакчиси Алихон Букейхон маълумотларида қурбонлар сони 4 миллиондан ошгани айтилади.

«Совет даврида Қозоғистонда очарчилик ҳақида гапириш тақиқланган бўлса, бугунги кунда Нур-Султон ҳукумати тарихдаги оғриқли ҳодисаларга муносабатини ўзгартириб, маърифий филмлар яратиш ва тарғиб қилишга молиявий кўмак бермоқда», дейди «Дашт йиғиси» филмининг продюсери Ернар Маликовнинг Карвонсарой билан суҳбатда.

«Қозоғистонлик ёшлар аждодлари бошдан кечирган воқеалардан бехабар, миллий қаҳрамонларимизни билмайди, лекин биз ўтмиш сабоқларини унутмаслигимиз керак», деди Маликов.