loader
Foto

Озодлик, секуляризм ва Ислом

Ҳар қандай диний фаолият, агарда у мажбурият ила амалга оширилаётган бўлса, ҳеч нарсага арзимайди. Давлат зўравонлиги усуллари билан исёнкорларни риёкорларга айлантиришдан маъно йўқ. Аллоҳ таоло одамларни эркин қилиб яратган: уларни ташқаридан бўйсундириш мумкин, лекин қалбини, руҳини эгаллаб бўлмайди.[1]



Диннинг асосий таянчи давлат воситалари эмас, одамларнинг шахсий эътикодлари ҳисобланади. Давлатнинг вазифаси энг аввало, одамларга хизмат кўрсатишдан иборат: одамларга иш бериш, уларни юқори сифатли тиббий хизматлар, яхши мактаблар билан таъминлаш. Уларнинг қалби ва диндорлигига келадиган бўлсак, бу ҳақида Аллоҳнинг ўзи қайғуриб қўйган. Исломда энг олий қиммат бу – озодликдир.[2] Шу сабабли давлатлар Исломда бундай инстанциянинг ўзи йўқлиги, ўз институтлари орқали дин нима эканлигини ўзлари учун белгилаб оладиган халқ ва уммат бўлган диний инстанция раҳнамолигисиз ислом қадриятларига мос келишга ҳаракат қилган даражада исломий ҳисобланади.



Макка оқсоқоллари исломни рад қилганда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга «Мени одамлар билан ёлғиз қолдиринг», деб таклиф қилади. Агар улар шундай қилганларида, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижрат қилиши ва Ватанни тарк этишига тўғри келмаган бўларди, лекин унинг даъвати у қадар ишонарли ва жазб қиладиган бўлмаганлиги сабабли улар бошқа усул билан унга қарши кураша олмасди. Шу сабабли мусулмонлар Исломнинг далилларининг ўзини кучли деб ҳисоблайди ва одамларни динга мажбурлашга эҳтиёж йўқ деб билади. Ислом: «Агар ростгўй бўлсангиз, ҳужжатингизни келтиринг» (Бақара сураси, 111-оят) деб айтганда, унинг овози одамсиз водийда янгамайди: бу мусулмоннинг ғоявий ва сиёсий курашнинг энг қизиб турган жойида турган ҳолда дадил даъват чақириғидир.



Ҳозирги кунда мамлакатимизда (Тунисда) кузатилаётган кўп сонли баҳс-мунозаралар ва тортишувлар сезиларли даражада секуляризм нима ва Ислом нима эканлиги ҳақида тасаввурлардаги чалкашликлар билан изоҳланади. Агар секуляризм бу – атеистик фалсафа эмас, виждон ва фикр эркинлигини кафолатлаши кўзда тутилган чора-тадбирлар ва тамоиллар мажмуи эканлигини аниқлаб оладиган бўлсак, бу чалкашликни қисман бартараф қилишимиз мумкин. Шу сабабли Абдулваҳоб ал-Масири ўзининг асарларида қисман секуляризацияни тўлиқ – руҳонийларга қарши «сўнгги монархни сўнгги попнинг ичакларига осамиз» шиори остида уруш эълон қилинган француз якобинчлиги унинг тимсоли бўлган – секуляризациядан ажратади.



Секуляризацияни бундай изоҳлаш француз ўзига хослигини акс эттиради, лекин жамият эркинлигини кафолатлаши кўзда тутилган таомилга оид чора-тадбирлар сифатида секуляризация моҳиятини ифодаламайди. Худди шундай чалкашликлар, фақат Исломни тушунишга нисбатан, агар одамлардан эркинликни олиб қўйиб, уларни куч билан намоз ўқиш, рўза тутиш ва ҳижоб кийишга мажбур қилинадиган бўлса, Ислом ғолиб чиқади деб ҳисоблайдиган одамларнинг миясида ҳукмрон. Шу аснода, агар бундай ҳолат рўй берадиган бўлса, бу муваффақият эмас, мағлубият бўлади, чунки динни мажбуран қабул қилдириш одамлар орасида фақат мунофиқ ва риёкорларни кўпайтиради, Аллоҳ таоло эса иккиюзламачиликни энг оғир жиноятлардан бири деб атаган - мунофиқ ва риёкорлар одамларнинг энг ёмони сифатида жаҳаннамнинг энг тубига улоқтирилади.



Бундан келиб чиқадики, биз фуқаролик (муватана) тамойилини қабул қилишимиз зарур. Мамлакат – у ёки бу кишининг, у ёки бу партиянинг мулки эмас: у мамлакатнинг барча фуқароларига тегишли. Уларнинг барчасига, эътиқоди, танасининг ранги ва жинсидан қатъи назар, Ислом уларнинг барчасига фуқаро бўлиш ва бир хил ҳуқуқлардан фойдаланиш – бир-бирига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, парламентдаги ўз вакиллари орқали улар қабул қиладиган қонунлар доирасида ҳар қандай ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини берган.

 Абу Муслим таржимаси

-----------

[1]Ҳижоб кийиш билан боғлиқ, бир давлат мажбурлайдиган, бошқа давлат эса тақиқлайдиган иккита мисол келтириб ўтамиз. Ислом давлатларидан бирида аэропортда бўлганимда мен сезиб қолдимки, самолетда ўтирган барча аёллар ҳижобда эди, лекин самолет осмонга кўтарилиши билан ҳамма шу ондаёқ ҳижобини ечиб ташлади… Бу мажбурлаш усулларидан фойдаланиб, фақат хўжакўрсинга художўйликни кафолатлай олган мамлакатда таълим тизимининг тўлиқ ҳалокатга йўлиққанининг намойиши бўлган. Бошқа бир мамлакатда (биз Тунисдан ағдарилган диктатор Бенали даврида кўкларга кўтарилгани каби) давлат – у ҳам мажбурлаш ёрдамида – аёлларни уларга ёққан ташқи қиёфа орқали ўз дунёқарашини ифодалаш (ҳижоб) ҳуқуқидан маҳрум қиларди. Бу ерда иккала тажрибанинг омадсизлиги ҳақида гапириш мумкин.



[2] Айнан шу сабабли мен доим одамларни бирон нарсага мажбурлашга карши бўлганман. Ўз вақтида мен долзарб мавзуни – давлат одамларнинг виждон эркинлигин чегаралаши лозим эканлиги ҳақида машъум «муртадлик» мавзусини кўтаргандим. «Динда мажбурлаш йўқ» тамойили барча томонидан тан олиниши сабабли мен инсонларда Ислом динини қабул қилиш борасида ҳам, ундан воз кечиш борасида ҳам эркинлик тан олиниши тарафдори бўлганман. Мажбурлашга асосланган диндорлик бефойдадир. Ислом умматига қалбан худога ишонмаган, лекин ўзини художўй мусулмон қилиб кўрсаталиган иккиюзламачилар керак эмас – бундай кишилар ислом сафини кучайтирмайди. Эркинлик бу инсон ислом дунёсига кириб келадиган фундаментал қимматдир.  «Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ», яъни «Аллоҳдан бошқа сиғинишга лойиқ ҳеч маъбуд йўқдур, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг элчисидир» – деб айтиш, ҳар кимнинг шахсий, очиқча ва онгли равишда қабул қилидаган қароридир.