loader
Foto

Қуёшнинг мағрибдан чиқиши замонавий фан талқинида

Баъзан олимлар илм тоғига узоқ тирмашиб чиқади. Чўққисига чиққач, қарашса, у ерда аллақачон диний уламолар ўтирган бўлишади. (Спиноза)

Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қиёматда қуёш мағрибдан чиқиши ҳақида хабар берганлар. Бундай фавқулодда ҳолат тўғрисида замонавий фан бирор фикр айтишга қодирми?

Н.Косинов раҳбарлигидаги россиялик бир гуруҳ олимларнинг илмий фаразларига кўра, Ер кураси айланишининг, абадий музликлар ҳосил бўлиши ва циклонлар, тўфонлар келиб чиқишининг механизми очиб берилади ҳамда геомагнит майдон қутбларининг ўрин алмашуви (инверсия) жараёнида Ер айланишининг йўналиши ўзгариб кетиши мумкинлиги айтилади. Бу эътирофлар ҳақлигини текшириб кўриш мақсадида олимлар бир қатор тажриба ўтказиб кўришди.

Аввалги тадқиқотлардан маълум, ХХ аср бошига қадар Ер ўз ўқи атрофида бир маромда айланиб туради, деб ҳисобланиб, ҳатто унинг айланиш муддати вақт бирлиги сифатида қабул қилинган эди. Бироқ кейинги кузатувлар натижасида она сайёрамиз бир маромда айланмаслиги аён бўлди. Унинг айланиш тезлигида йиллик, ярим йиллик, ойлик, ярим ойлик тебранишлар бўлиб, бир кеча-кундуз (сутка) давомийлиги секунднинг мингдан бир бўлаги миқдорида қисқариб ёки узайиб турар экан. Ернинг айланиш суръатидаги бундай ўзгаришлар сабабини ҳали фан аниқлай олганича йўқ. Айниқса, бу тезлик нималар ҳисобига ошишини тушуниб етиш қийин бўлмоқда.

Электр токи магнит майдонида турган ўтказувчи суюқлик орқали юборилганида магнит майдони гирдобсимон, қуюнсимон ҳаракатга келади. Зоҳиран бу ҳодиса Ер кураси айланишига, унинг қаърида ва юзасида содир бўладиган баъзи ҳодисаларга ўхшаб кетади.

Ушбу тажрибада эритилган қалай электр ўтказувчи суюқлик сифатида фойдаланилган. Қалай солинган сиғим йўналтирилган магнит майдонига чизмада (1-расм) кўрсатилган тарзда жойлаштирилади.

Гирдобнинг ўрта қисми марказий электрод атрофида жойлашган. Кўрсаткич чизиқ эритилган металл ҳаракатининг йўналишини ифодалайди. Видеотасвир лавҳасида (1а-расм) тажрибанинг самараси кўриниб турибди. Айланиш суръати марказда энг юксак даражада бўлиб, чекка томон камайиб боради. Электр токи кўпайганида гирдобсимон ҳаракат тезлиги ҳам кучайиб, идиш ўртасида чуқур ўпқонча ҳосил қилади. Магнит майдонининг йўналиши ёки унга қўшимча кучланиш қутби ўзгарганида, гирдобсимон ҳаракат ҳам тескари томон ўзгаради. Олимлар фикрича, табиатда юз бериб турувчи бундай жараён қуюнлар, торнадолар ва циклонларни келтириб чиқаради.

Суюқликнинг магнит майдонидаги гирдобсимон ҳаракатга ёндош "ҳарорат эффекти" ҳам жуда қизиқарлидир. Унинг моҳияти шундан иборатки, гирдоб, қуюн муҳитида ҳарорат градиенти (муайян масофага силжиш мобайнидаги ўзгаришлар) ҳосил бўлади (2-расм). Тажрибада ушбу электродлардан бирида (2а ва 2б расмлар) қаттиқ металлнинг вужудга келиши намоён бўлади. Тажриба шарт-шароити ўзгартирилганида гирдобсимон ҳаракат ва иссиқлик оқими акс томон ўзгаради.

Ушбу тажрибалар жараёнида кузатилган физик натижалар Ернинг айланиш механизми негизида ётган бўлиши мумкин, деган тахминга олиб келади. Юқорида кўриб ўтганимиз "ҳарорат эффекти" эса сайёрамизнинг қарама-қарши қутб- ларида абадий музликлар ва паст ҳарорат юзага келишига сабаб бўлиши эҳтимол. Тажрибалар жараёнидаги мазкур магнит майдони ҳам Ердаги магнит майдони сингари йўналишга эга. Электр токи ўтказувчи уюқликнинг айланиши эса Ер кураси айланишининг йўналишига монанддир.

Ушбу расмда ифодаланган навбатдаги тажриба сайёрамиз мавжуд бўлиб турган шарт-шароитларга анча яқиндир.

Тузлар аралашмасига тўйинган сув ичига айланувчи ўққа ўрнатилган ва магнитланган соққа туширилган. Бу соққа Ернинг андазаси деб олинади. Тузлар аралашмаси солинган сув эса сайёрамизнинг электр ўтказувчи атмосферасини ифодалайди. Мусбат электрод ўққа, манфий электрод эса суюқликка уланганида соққанинг 3-расмда кўрсатилган тарзда айланиши кузатилади. Бу ҳолда соққа ўқи атрофида ҳарорат пасаяди. Магнит майдонининг қутблари ўзгарганида соққа тескари йўналишда айлана бошлайди. Бунда соққа ўқи атрофида ҳарорат кўтарилади. Айни бир пайтда шарт-ли экватор ҳудудидаги ҳароратда ҳам ўзгариш рўй беради. Мазкур тажрибада кузатилган бу хусусият геомагнит майдонидаги инверсия Ер курасининг айланиш йўналишини ўзгартиради, деб хулоса чиқаришга асос бўлди.

Кўриниб турибдики, ушбу тажрибада Ер кураси айланиши яхшигина ифода этилган. Магнитланган соққа ҳам, айланиш ўқи жойлашган ҳудудда ҳароратнинг пасайиши ҳам Ерда кузатиладиган шароитларга ниҳоятда ўхшаш. Тажрибани ўтказувчилар фикрича, бу аниқ-равшан модел сайёрамизнинг айланишини ўрганишда қўл келади.

Энди гап "мусбат" томони билан Ер қутбларига, "манфий" томони билан эса экваторга уланган ўша "батарея" қаерда эканини аниқлашда қолди. Умуман, шундай батарея мавжудмикан? Маълум бўлишича, бундай батарея коинотда ҳақиқатдан бор бўлиб, Ерни айланишга у мажбур қилар экан.

Қуёш коинот батареясидан заряд олади, унинг энергияси эса Ерни айлантиради

Ер ва яқин коинотни фазовий тадқиқотлар натижаларига кўра ўрганиб чиқсак, бундай ҳолатнинг гувоҳи бўламиз (4-расм): Ер асосан протонлар ва электронлар оқимидан иборат Қуёш шамолининг тўлқинида ҳаракатланиб туради. 1958 йили Ернинг радиация белбоғи аниқланди. Коинотдаги ниҳоятда катта бу ҳудуд Ерни экватор атрофи бўйлаб қамраб олган. Радиация белбоғида асосий заряд ташувчилар электронлардир. Электронлар зичлиги бошқа заряд ташувчилар зичлигидан икки-уч поғона юқоридир.

Қуёш шамоли Ер атрофидаги майдонга қутблар ҳудудидаги бўшлиқ орқали ёйилади (тўқ қора кўрсаткичларда белгиланган). Қутблар ҳудудида протонлар устунлик қилади. Зарядларни ташувчиларнинг бундай тақсимлануви Ер яқинидаги фазода ниҳоятда катта қувватга эга ток пайдо бўлишига олиб келади. Унинг "мусбат"зарядлари шимолий ва жанубий қутблар ҳудудида, "манфий" зарядлари экватор ҳудудида бўлади. 1-, 2-, 3-расмларда кўрсатилган тажрибаларга тўла ўхшашлик 4-расмда яққол кўзга ташланиб турибди. Тажрибаларда "мусбат" қутб айланиб турган суюқликнинг шартли ўқи ўтадиган нуқтада уланган. Фазовий батареядан келадиган электр токи учун Ер атмосфераси ва қутблардан экваторгача сайёранинг ўзи занжир хизматини ўтайди. Тажриба шароитларида суюқликдаги ток ҳам шу томон оқади. Ер қутбларида паст ҳарорат кузатилганида, тажрибадаги (2-расм) электр токи ўтказувчи суюқликнинг айланиш ўқи ҳудудида ҳам паст ҳарорат кузатилади. Шу ўринда "Нима сабабли Ер марказидан унинг устига йўналган иссиқлик оқими абадий музликни енга олмайди?" деган зиддиятли савол туғилади. Бунинг сабаби 2-расмда кўрсатиб берилган "ҳарорат эффекти" Ерда совуқ ҳудудлар ҳосил бўлишига катта ҳисса қўшишидадир.

Тафсифлаб берилган физик самара туфайли вужудга келадиган қарама-қарши қутблардаги паст ҳарорат ана шу ҳудудлардаги паст қуёш радиацияси билан ниқобланади. Бу иккала омил биргаликда ҳаракат қилади. Ўша омиллардан бири бўлган қуёш радиациясини олимлар ҳисобга олишган, лекин яна бошқа бир омил ҳам борлигини ҳеч ким хаёлига келтирмаган.

Юқорида баён этилган тажрибалар Ернинг айланиш механизмини очиб беради ва унинг айланиш йўналишини белгилайдиган омилларни кўрсатади.

Ер қутбларининг силжиб юриши

Магнит майдони, аждодларимиз тасаввур қилганларидек, аниқ жуғрофий қутбга йўналмаганини илк бор Христофор Колумб Оврупадан Америкага сафари давомида кашф этди. Бу воқеа 1492 йили юз берган. Ўшанда Колумб билан бирга кемаларда уммон оша сузиб бораётган денгизчилар йўлкўрсаткич (компас) мили аниқ шимолни кўрсатмасдан, хиёл оғаётганини сезиб қолишди. Улар бу ҳодисани устурлаб ёрдамида Қуёшни кузатишлари натижасида аниқлашди. Ўшанда Колумб навбатчилик дафтарига магнит майдони ҳар доим ҳам аниқ шимолни кўрсатавермаслигини, буни ўлчаб кўриш лозим эканини қайд қилиб қўяди. Шундан бошлаб магнит майдони ўлчанадиган бўлиб қолди.

1970 йилга қадар шимолий магнит майдони йилига 10 километрдан ошмаган тезликда ўзгара борди, бироқ кейинги йилларда бу суръат 40 километргача ошди. 2002 йил февралда Ернинг магнит қутбида бирданига 200 километрга силжиш юз берди. Буни қуруқликдаги қўшинлар Марказий ҳарбий-техника институти (Россия) асбоблари қайд этган.

2005 йили Арктикага илмий сафарини якунлаган Канада табиат захиралари вазирлигининг геомагнит лабораторияси раҳбари Ларри Нитта айтишича, Ернинг шимолий магнит қутби Канада ҳудудини тарк этган. Айрим олимлар фикрига қараганда, Ернинг магнит қутблари ўрин алмашуви (инверсияси) батамом очиқ-ойдин ва биосфера учун хавфли ҳодисадир. Чунки инверсия юқори нуқтага чиққанида магнит майдони амалда йўқ бўлиб кетади.

Кучли радиоактив фазовий нурлар (юқори энергия заррачалари) Ер устига етиб келиб, энг аввало жонли табиатга таъсир ўтказади.

Ушбу тажрибалар Қуръони карим ва суннати мутаҳҳара кашф этган илмга ҳозирги давр фани энди йўл топаётганини яна бир бор тасдиқлайди.

Дмитрий Поляков

Шариф ХОЛМУРОД таржимаси

1. Эритилган қалайнинг магнит майдонидаги гирдобсимон ҳаракати.

1 – идиш, 2 – эритилган қалай, 3 – спиралсимон ғалтак, 4 – ҳалқасимон электрод, 5 – марказий электрод, "S" – магнитнинг жанубий қутби, "N" - магнитнинг шимолий қутби.



2. Гирдобсимон ҳаракатга ёндош "ҳарорат эффекти".



3. Магнитланган соққанинг электр токи ўтказувчи суюқликда айланиши. 1 – идиш, 2 – электр токини ўтказувчи суюқлик, 3 – металл лаппак, 4–5-магнитланган яримшарлар, 6 – ўқ, 7 – электрод, 8 – подшипник, 9 – электрод.



4. Ер қутбларида ва экватор яқинида электр зарядлари тақсимоти.

 

ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР (КАЛИТ СЎЗ БЎЙИЧА)

Миср ва мағрибдаги убайдий-фотимийлар давлати