loader
Foto

Илк ваҳий амри

Илк ваҳийнинг ўқишга, илм олишга даъват билан бошланишининг, Аллоҳ охирги динини ўқиш-ёзишни билмайдиган уммий киши орқали инсониятга етказишни ирода қилганининг буюк ҳикмати бор эди. Аллоҳ таоло илмни қиёматгача бандалар учун Аллоҳ маърифатига эришиш,   ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига эришиш воситаси қилди. Илмсизлик, жаҳолат эса инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди. Инсонларни илм олишга ва бу орқали Парвардигорларини танишга буюрди. «Илм» сўзи Қуръони каримнинг саккиз юз ўн бир жойида турли маънолари билан келган. Қуръон ва Суннатда илм инсониятни турли ахлоқсизликлар, ҳаромлар, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган.

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур» (Мужодала, 11); «Айтинг (эй Муҳаммад): «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?» (Зумар, 9); «Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларигина қўрқур» (Фотир, 28); «…уларни фақат илм эгаларигина англай олурлар» (Анкабут, 43).

Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган кўплаб хабарлар ҳам илмга, ўрганишга даъват билан йўғрилган: «Олимлар пайғамбарларнинг ворисларидир, олимга Ердаги ва осмондаги барча нарсалар истиғфор айтади» (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ривояти); «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ (теран англовчи) қилиб қўяди ва унга тўғри йўл кўрсатади» (Имом Бухорий ва Муслим); «Олимнинг обиддан афзаллиги менинг қуйи даражадаги саҳобийдан афзаллигим кабидир» (Имом Термизий); «Ким илм талаб қилиш йўлини тутса, Аллоҳ таоло уни жаннат йўлига йўллаб қўяди» (Имом Муслим); «Фаришталар илм толибининг қилган ишидан мамнун бўлиб, унга қанотларини ёзишади» (Аҳмад, Ҳоким, Ибн Ҳиббон).

Кишилик тарихида ҳар бир замон ва жамиятнинг салоҳияти, равнақи унинг илмга бўлган муносабати билан ўлчанади. Мусулмонлар ҳам Аллоҳнинг амр-фармонлари ва Унинг Расули кўрсатмаларига амал қилиб, илму ирфонга интилган, маърифатга талпинган даврларида қўллари узун, тиллари ўткир, мартаба-мақомлари баланд бўлган. Аксинча, илм-фандан юз  ўгириб, лоқайдлик ва танбаллик туфайли жаҳолатга юз буришганида қўлларидан нусрат, салтанат, сарват кетган, ўзлари хўрланишган ва хорланишган.

Милодий 9-12 асрларда Ғарбда аҳолининг тўқсон беш фоизи мутлақо саводсиз бўлгани, диний ходимлар ва роҳиблар қўлларига қалам тутишни ҳам билмагани ҳолда мусулмон ўлкалардан Бухорий, Ғаззолий, Мотуридий, Форобий, Ибн Сино, Термизий, Беруний, Ибн Рушд каби улуғ олимлар етишиб чиққан. Худди шу даврда дунёга машҳур «Маъмун академияси», Бухоро мадрасаси, Бағдодда «Низомийя», Қоҳирада «Ал-Азҳар», турк ерида «Носирийя» мадрасаси каби ўнлаб илм даргоҳлари ишлаб турган. Ўрта асрларда Ислом етиб бормаган ўлкаларда саноқли бир неча олим бўлгани ҳолда 16-17 асрлардагина мусулмон оламида илмнинг турли соҳаларида 86 минг йирик уламо фаолият кўрсатган.   Мусулмонлар матбаачиликда ғарбликлардан юз йиллар орқада қолишганига қарамай, китобга муҳаббатда улардан устун бўлишган. Ўша пайтда Оврупа Қироллик кутубхонасида атиги юз дона китоб бўлгани ҳолда Марв, Қоҳира, Андалус, Бағдод, Тароблус кутубхоналари ҳар бирининг жавонларида бир-икки миллион нусхадан китоб сақланган. Ҳукмдорлар, амирлар, юртнинг давлатманд кишилари илм-фанга ҳомийлик қилишда, вақфлар тутишда, илм толибларига ёрдам кўрсатишда, кутубхоналар ташкил этишда кимўзарга мусобақалашишган. Ҳатто ғайримуслим олимлар ҳам Ғарб Ислом ҳазорасидан сув ичганини, Андалусиядан тарқалган илм Оврупани юксак тараққиёт чўққисига олиб чиққанини ҳозиргача ёзиб келишади. Эркенсал бундай деган: «Замонавий илмларнинг тамал тошини қўйишдек шарафли вазифа мусулмонларга тегишлидир». Аллен Дебус эса: «Мусулмонлар Уйғониш даврига дебоча бўлажак технологик ўсишлар эшигини очиб беришди», деб ёзади.

Кейинчалик бу улкан имкониятлар бой берилди. Илм-маърифат билан қизиқилмайдиган ҳолга келинди. Нафслар, шаҳватлар, орзу-ҳаваслар илм устидан ғолиб чиқди. Илм мажлислари ўрнини ўйин-кулги, ичкилик базмлари, илмий мунозаралар ўрнини лағв-ғийбат суҳбатлари эгаллади. Мадраса қуриш ўрнига шоҳона саройлар тикланди. Илм-фанга аталган пуллар етти-саккиз кунлаб қилинадиган тўйларга, улоқ чопишларга, қиморга харжлаб юборилди. Илм аҳли хўрланди: ҳукмдорлар, амирлар эшигига қатнайдиган, давлатмандлар қўлига қарайдиган бўлди. Ғарб эса имкониятдан «фойдаланиб», илм-фанга зўр берди, жаҳолатдан қутулди, тараққий қилди.

Илмсизлик, жаҳолат бало-кулфати ўзини узоқ куттирмайди. Мусулмонлар қачон илмдан юз ўгиришса, золим қавмлар истибдодига учрашди. Эътиқодларига завол етди. Маънавиятлари, ахлоқлари топталди. Фаҳш, айш-ишрат урчиди. Таналарни лоқайдлик, танбаллик чирмади. Қалбларни дин қайғуси, миллат  шарафи, Ватан ишқи тарк этди.

Инсониятнинг жоҳиллиги шунга бордики, ухровий ва дунёвий илмлар ўртасига баланд хитой девори тикланди. Улар бир-бирига ғаним қилиб қўйилди. Дин олими замона илмини ўрганишни ор билиб, ҳаромга чиқарди. Дунё олими аксинча эътиқодсизликни, моддапарастликни «чин илм» ҳисоблаб қаттиқ адашди.

Бир-икки очиқ кўзли, тийран фикрли мутафаккирнинг бу борадаги ноласи жоҳил оломоннинг «урҳо»си ичра кўмилиб, эшитилмай кетди: «Сўнгги асрлардаги маърифатсизлик, жоҳиллик сабаби илмсиз, маърифатсиз хонлар элнинг чироғи-йўлбошчиси бўлган уламоларни ўз бўйинтуруғлари остига олиб, соф йўлни ўз шайтанат йўлларига татбиқ этдилар», деб ёзган «Ҳақиқат» журнали 1922 йилги 1-сонида. «Ўзларини дин ҳомийлари деб эълон қилган ҳукмдорлар халқни маърифат нуридан маҳрум, замонавий фанний илмлардан бутунлай йироқ тутдилар. Шунинг учун халқда уйғониш, фикрий очилиш бўлмади. Давлатнинг инқирози, миллатнинг онгсизлигига шу жоҳиллар сабабчидур», дейди Алихонтўра Соғуний. «Мусулмонлар замонни ўзларига мослаштиришни кутиб ўтирмай, ўзлари ўша замоннинг фойдали илмларига мослашсалар, яхши бўлмасмикин?», деб фикр юритди Исҳоқхон Ибрат. «Биз, туркийлар ўз тарихи тонгидаёқ ёзувига эга бўлган, кейин ҳам уни илм ва тафаккурдаги улкан муваффақиятлар билан безаган қабила сифатида яшаб келдик ва шундай яшажаякмиз», дея умид билдиради яна бир мутафаккир Исмоил Ғаспирали. Номдор олим Алберт Эйнштейн эса бундай деган: «Фан – динсиз кўр, дин – фансиз чўлоқ».

Иймон ва куфр, ҳақ ва ботил, эзгулик ва ёвузлик орасида бўлгани каби маърифат ва жаҳолат ўртасидаги олишув ҳам ҳамон давом этмоқда. Бугун ҳам дин ва фан ўртасида тубсиз чоҳ кўраётган олимлар бор. Айрим фан мутахассислари ҳамон эътиқодсизлик, моддапарастлик тўрларидан халос бўлолмай, Аллоҳнинг яратиш ва ўлгандан кейин қайта тирилтиш иродасига ақллари «етмай» турибди. Диний илмлардан хабардор бўлишни «қолоқлик», «маданиятсизлик» санайдиганлар ҳам керагича топилади.

Айни пайтда кўпгина мусулмонларимиз ҳам илм билан дўстлаша олмай юришибди. Замонавий илмларни ўрганишни гуноҳ санайдиган жоҳил кимсалар ҳозир ҳам бор. Исломий ўқув юртларидан бирида бўлган кириш имтиҳонида  ёзма синовдан ўтолмаганлар орасида Қуръон ҳофизларининг ҳам борлиги ачинарли. Қавмига маърифат тарқатишга масъул масжид имомининг «нанотехнология», «клонлаш», глобаллашув», «сайт» каби замона илм-фани истилоҳларини эшитганида довдираб қолиши аянчли. Илм-маърифатга, илм толибларига ҳомийлик қилишдан кўра Аллоҳ буюрмаган кераксиз жойларга пул сарфлашни афзал кўрадиганлар борлиги ҳам ҳақиқат.

«Аллоҳ илм билан қавмларни юксалтириб, етакчи қилиб қўяди», деган Муоз ибн Жабал. «Илм кўр қалб кўзини очувчи, қоронғу зулматда нур бағишловчи ва заиф баданларга куч-қувватдир, илм билан банда аброрлар даражасига кўтарилади, олий мартабаларга етишади», дейди Абу Ҳомид Ғаззолий. «Ислом динининг жаҳолатдан кўра каттароқ ва қўрқинчлироқ душмани йўқдир», дея фикр юритади Муҳаммад Нуруллоҳ Сайдо Жазарий. Абу Муҳаммад Фазлнинг мана бу гапларига эътибор беринг: «Киши тўрт иш билан Исломдан чиқади: бири – билганига амал қилмаса, иккинчиси – билмаганига амал қилса, учинчиси – билмаганини изламаса, тўртинчиси – билиш ва ўрганишга интилган одамларга халақит берса». Фатҳ Мусалий айтади: «Касалга обу таом берилмаса ўлгани каби қалбга ҳам уч кун илм берилмаса, у ўлади».

Бугунги кунда илм олиш учун ҳеч қандай монеълик йўқ, аксинча чорлов бор, имконият бор. Юзлаб олий ўқув юртлари,  коллеж ва литсейлар очиб қўйилган. Динимизни ўргатадиган ўн иккита олий ва ўрта махсус ўқув юрти ишлаб турибди. Китоб-дарсликлар пайдар-пай чоп этилиб турибди. Жаҳондаги жамики илмларни жамлаган бепоён Интернет тизимига кириш имконияти бор.

Аммо бизда рағбат йўқ, ихлос суст, ғайрат-ҳаракат етишмаяпти. Қанчалаб вақтимизни беҳуда амалларга, номақбул ўтиришларга, ношаръий зиёфатларга сарфлаб юборяпмиз. Бироқ жиндай илм олишга, ҳеч бўлмаса, дунё ютоқиб воқиф бўлаётган хабар-маълумотлар билан танишиб қўйишга вақт-имкон «топа олмаяпмиз». Ўтмишда оила дастурхони устида хонадон улуғининг эрталаб ва кечқурунлари илмий-ахлоқий мавзуларда ихчамгина маърифий суҳбат уюштиргани, тожир, ҳунарманд ва зироатчилар узоқ қиш оқшомларида бир устоз этагини тутиб, илм мажлислари қилишгани, толиблар илм талабида ҳатто қўшни юртлардаги устозларникига қатнагани каби ҳолатлар бугун бизга худди эртаклардагидай эриш туюлади. Онда-сонда  вақт топиб, нимадир ўқишимиз ҳам «айниган»: дунё ва охиратга фойдали, илм ва фикрлашга ундовчи китоб, газет-журналлар ўрнига олди-қочди, таги пуч ёки бузуқлик тарғиб қилинган нарсаларни ўқиймиз.

Авлодни авлод қилиб танитгувчи, ижтимоий ҳаётни ахлоқ назоратида, Ислом мувозанатида тутувчи нарсалар уч асосга: оиладаги она, дин кишилари, таълим ва муаллимларга суянади. Ҳамма даврда бўлгани каби ўтган аср бошида ҳам очиқ кўзли зиёлиларимиз жаҳолатни қоралаб, халқни илм-маърифатга чорлаб чарчашмаган эди. Маҳмудхўжа Беҳбудий: «Тараққий этган миллатни оналари ўқитар экан, биз аввал оналаримизни ўқитиб, уларга тил ўргатмоғимиз керак, чунки бизнинг илмсиз ва тилсизлигимиз улардандир…Туркистон болаларини илмсиз қўйманг», деб ёзган эди. Яна бир дардкаш мутафаккир бундай деган: «Фарзандлари тарбиясига лоқайд қараган миллатлар инқирозга маҳкумдир. Уларни бегона қўллар ва бегона маданиятга таслим этганлар ўзини йўқотишга маҳкумдир. Бугунги кунда тузумнинг юзи қоралари ҳисобланган ожизлар, золимлар, ароқхўрлар, бузуқлар, бангилар, исёнкорлар кечаги кунда тарбиясига бепарво қаралган болалардир». Бу жўшқин сатрлар бугун ҳам долзарблигини йўқотмагани аниқ!