Олий суд Катта террорга алоқадор бўлганларнинг номларини махфийлаштиришга имкон берадиган Президент Фармонининг қоидаларини ноқонуний, деб тан олишдан бош тортди. Бу ҳақида суд залидан «Новая Газета» мухбири хабар бермоқда.
Гап 30.11.1995 йил қабул қилинган 1203-сонли «Давлат сирлари қаторига киритилган маълумотлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармони ҳақида кетмоқда.
Даъво НКВДнинг Харбин операцияси - Хитой Шарқий темир йўлининг собиқ ходимларига қарши оммавий қатағонларни ўрганаётган тарихчи Сергей Прудовский томонидан қўзғатилган. Ушбу операция давомида 21 мингдан ортиқ одам отиб ташланди.
2019 йилда Прудовскийнинг сўрови билан, 1937 йилда “япон жосуси” сифатида отиб ташланган Татьяна Кулик иши махфийликдан чиқарилди. Кулик реабилитация қилинди, аммо унинг ишини уйдирма қилганларнинг лавозимлари, исмлари ва имзолари махфийлигича қолди.
Буни асослаш учун Олий судгача бўлган тўрт инстанция судлари президентнинг юқорида айтиб ўтилган фармони ва ФСБнинг контрразведка ходимларининг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш ҳақидаги махфий буйруғига ҳавола қилган. Фармоннинг НКВД ходимларини контрразведкачилар қаторига киритишга имкон бериши сабабли номувофиқ ёзилганлигига ишонч ҳосил қилган Прудовский, фармон қоидаларини бекор қилишни талаб қилди ва президентга қарши даъво аризаси билан мурожаат қилди.
Президент вакили сифатида қатнашган ФСБ ходимлари фармон қоидаларини бекор қилиш мамлакат мудофаа қобилиятини хавф остига қўйишини таъкидлади. Суд жавоб берувчининг тарафини олди ва даъвони рад этди.
Кузда Иваново ва Тула вилоятлари бўйича ФСБ бошқармалари Прудовскийга 1937-1938 йиллардаги НКВД архивига киришни рад этишди, чунки чекистларнинг исмларини ошкор қилиш "миллий, ирқий ёки диний нафрат ёки адоватга олиб келиши мумкин" экан.