loader
Foto

Барилавийлар

Дарҳақиқат, замона охирлаб, ақидалари зиддиятли, такфир балосига мубтало бўлган тоифалар кундан-кун кўпайиб бормоқда. Бир тоифа бошқасини “кофир”, деб эълон қилса, яна бири иккинчисини жони-ю молини ҳалол, деб ўлдиришга рухсат чиқаради. Бу каби фитналарга грифтор бўлган умматнинг бугунги ҳоли ғайри динлар олдида жуда ҳам ачинарли аҳволда экани инкор этиб бўлмас, аччиқ ҳақиқатдир.



Техника тараққий этиб, дунёнинг ҳар нуқтасига етиб борган интернет тармоғи орқали даъват ва тарғибот ишлари осон бўлган бугунги кунда, Ислом олимларининг зиммасидаги зарур вазифаларидан бири—аҳли бидъат, адашган тоифаларни оммаи ҳалққа танитиб, билдириб ошкор этиб қўйишликдир. Токи авом ҳалқ илмсизлик туфайли адашганлар сафига қўшилиб қолмасин, залолатга кетмасин!

Баъзи хусусий қарашлари билан “аҳли сунна” аталмиш нажот топган жамоадан фарқланувчи тоифалардан бири Барилавийлар жамоасидир.

Тарифи ва асосчиси

Барилавийлар Ҳинд диёрлари инглизлар томондан мустамлакага айлантирилиш даврларида,  Ҳиндистон шимоли, Покистонга яқин “Барилий” шаҳри, “Атрабардеш” вилоятида туғилиб, яшаб ўтган Аҳмад Ризохон Тақий Алихон Барийлий раислигида ташкил топган тасаввуфий жамоадир. Жамоа асосчиси Аҳмад Ризохон мелодий 1856-1921 йиллар оралиғида яшаб ўтган. У киши ўзига “Абдулмустафо”, деб лақаб қўйган, муридлари томондан эса “Аъло ҳазрат”, деб аталган.

Ўз даврида таниқли йирик сўфий олимлардан бўлиб, турли диний ва дунёвий, табиий ва ижтимоий фанлар—фиқҳ, тафсир, ақоид, география, фалакиёт, математика, аниқроқ айтсак: 72 хил мавзуда  мингдан зиёд китоб ва рисолалар, шарҳ ва ҳошиялар битган. Манбаларда келтирилишича, ўн уч ёшидаёқ фатво бера олиш салоҳиятига эга бўлган. Машҳур китобларидан бири “Ад-давлатул маккия”ни саккиз соат мобайнида ёзиб битиргани айтилади.

Аҳмад Ризохон фиқҳий ва каломий масалаларда талабчанлиги, фикрига қўшилмаганлар билан муросасизлиги, дарҳол кофирга чиқариб юбориши, такфирчилиги билан ҳам машҳур бўлган. Бирон киши Аҳмад Ризохон тарафдан “кофир”, деб эълон қилинса, ўшанинг кофир эканига шубҳа қилганларни ҳам шаккокликда айблаб, ўйлаб ўтирмасдан кофирга чиқариб юборгани айтилади. Аҳмад Ризохон билан жуда кўп масалаларда ҳамфикр бўлган, ҳатто унинг ғояларини қўллаб-қувватлаб келган ҳанафий олими шайҳ Абдулборий лакнавий ҳазратлари ҳам, шахсан Аҳмад Ризохоннинг ўзи тарафдан очиқ-ойдин “кофир”, деб эълон қилинган.

Бунинг сабаби: Мустамлакачи Британ ҳукумати билан муроса-ю мадора йўлини тутиб, диний ислоҳотларни давом эттириш чораларини излаш ва маслаҳатлашиш ниятида уюшган “надвату-л-улама”, аъзолари билан Аҳмад Ризохоннинг фикри бир жойдан чиқмай қолади. Надва аъзолари Британ ҳукумати билан келишиб ишлашга кўнадилар, Аҳмад Ризохон эса инглизларга қарши туриш тарафдори бўлган. Унинг бу қаршилиги ваҳҳобийлар билан боғлиқ эди. Ваҳҳобийлик оқимининг пайдо бўлиши инглиз жосуслигининг Исломга қарши ҳаракатлари маҳсули бўлгани туфайли, у кишининг қалбида Британ ҳукуматига нисбатан чексиз нафрат бор эди. Шунга кўра Аҳмад Ризохон инглиз мустамлакачиларини қабул қила олмаслигини айтади ва мажлисни охирига етказмасдан ташлаб чиқиб кетади. Ундан кейин эса, Аҳмад Ризохон йиғин қатнашчиларидан иборат Девбандийларни ёппасига ваҳҳобий-кофир, деб эълон қилади. Абдулборий Лакнавий эса ўша уламоларнинг кофирлигида иккиланган эди. Унинг мана шу “айби” Аҳмад Ризохон тарафдан кофирга чиқарилишига сабаб бўлган. Аҳмад Ризохон ва муридларининг тез-тез такрорлаб юрган “қоида”ларидан бири—“Биз кофирга чиқарган шахсларнинг кофирлигида ким шубҳа қилса, бас, у ҳам кофирдир!”, деган қоида эди. Абдулборий Лакнавий ҳам худди шу қоида қурбонларидан бири бўлган.

Бугунги кунда Барилавийлар асосан, Ҳиндистон ва Покистонда, шунингдек, Афғонистон, Малазия, Индонезия, БАА ва Сингапурда кўпроқ учрайди. Миср ва шимолий Африкада ҳам оз бўлса-да барилавийлар жамоасига мансублар мавжуддир.

Таниқли олимлари

1.    Дийдор Али. Ҳижрий 1270-йилда туғилган. Асарлари ичида “Мийзону-л-адён ва аламату-л-ваҳҳобийя” номли китоби машҳур.

2.    Наиймуддин Муродободий. Ҳижрий 1300-1367 йилларда яшаб ўтган. Содрулафозил, деб лақабланган. “Алмадрасатун-наиймия” номли Барилавийлар мадрасасининг асосчиси. Асарлари ичида “Алкалимату-л-улё фи ақидати илми-л-ғайб” номли китоби машҳур.

3.    Амжад Али Худобаҳш. Ҳижрий 1299-1367 йилларда яшаб ўтган. “Баҳори шариат” номли китоби бор. Аҳмад Ризохоннинг халифаларидан бўлган.

4.    Хашамат Алихон. 1380-ҳижрийда вафот этган. Одатда ўзини “Калбу Аҳмад Ризохон” (Аҳмад Ризохоннинг кучуги), деб атар, яқинлари тарафдан эса “Ғайзу-л-мунофиқийн” (мунофиқларнинг ғазаби), деб лақабланган. “Тажанубу аҳли сунна”, деган китоби бор.

5.    Аҳмадёрхон. 1906-1971 йилларда яшаб ўтган. Ўз фирқасида ўта маҳкамлиги (мутаассиблиги) билан танилган. “Жаалҳақ ва заҳақол батил”, “Сальанати мустафо”, деган китоблари бор.

Даъват асоси

Барилавийларнинг даъват ҳаракатлари—оммавий тарзда пайғамбарлар ва авлиёларга, хусусан, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва ул зотнинг аҳли байтларига ўта муболағали муҳаббат қилишга тарғиб қилишдан иборатдир. Тавассул, истиғоса, мавлуди шариф каби диний анъаналарни инкор этувчи ваҳҳобий, салафийлар каби тоифаларга раддия қилишга ҳам алоҳида этибор берадилар. Бошқа радикал оқимлардан фарқли ўлароқ, жиҳод масаласига жиддий аҳамият бермайдилар. Уларнинг таълимоти бўйича, киши аввал ўз нафси билан курашиши, нафсини тарбияси билан шуғулланиши лозим. Аҳмад Ризохон ўзининг “давому-л-ьийш” номли китобида: “Ҳиндистон мусулмонларига жанг ва жиҳод шарт эмас”, дейди. Шунингдек, тасаввуфий таълимот нуқтаи назаридан келиб чиқиб, ҳокимятга интилиш ва бошқа шу каби сиёсий ҳаракатлардан ҳам йироқ жамоадир. Асосий эътиборларини пайғамбар ва авлиёларга ихлос қўйиш, улардан истиғоса, тавассул воситасида дуо қилиб хожат сўраш каби масалаларнинг исботи, мозорлар устига мақбаралар қуриш ва уларни зийнатлаб безаш каби ишларига қаратадилар.

Одат ва ақидавий хусусиятлари

Барилавийлар имом Мотуридий (р.а.) таълимоти бўйича эътиқод қилишлари, фиқҳда имом Абу Ҳанифа (р.а.)нинг мазҳаби бўйича ибодат қилишларини, тасаввуфий тариқатда эса, Қодирий, Нақшбандий эканларини такидлайдилар. Аммо, шундай бўлса-да уларнинг ўзига хос ақида ва одатлари борки, улар бизнинг мовароуннаҳр диёрида қадимдан ўргатиб келинган ҳанафийлик ва мотуридийлик таълимотларига мутлақо мос келмайди.



Жумладан:

1.    Ақидутуш-шуҳуд. Яъни, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаноблари дунёнинг ҳар ерида хозиру-нозирдир, айниқса, жумъа намозидан сўнг бевосита (масжидда) хозир бўладилар. Барилавий олимларидан бири Аҳмадёрхон “Жаа-л-ҳақ” номли китоби 160 саҳифасида шундай ёзади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳар ерда хозиру-нозирлигининг шаръий маъноси қуйидагича: Ул зоти шариф бутун оламни худди ўз кафтига қарагандек, кўриб билиб турадилар, узоқ ва яқиндаги товушларни эшитадилар. Курраи замин атрофини бир лаҳзада айланиб чиқа оладилар, чорасизларга ёрдам беради, чақирганларга жавоб беради”.

2.    Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббат қилишда шу қадар чуқурлашганларки, ҳатто ул зотни илоҳийлаштиришгача етиб борганлар. Аҳмад Ризохоннинг шерлар тўпламидан иборат “Ҳадоиқу бахшиш” номли китобида ушбу мазмундаги иборани учратасиз: “Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам! Сизни “Аллоҳ”, дея олмайман. Аммо, икковларингизни фарқлай ҳам олмайман. Сизни Аллоҳнинг ўзига топшираман, ҳақиқатингизни фақат у билади”. (Ҳадоиқу бахшиш. 104/2)

3.    Аҳмад Ризохоннинг ортида қолган муридлари унинг ўзини ҳам, ҳар ерда хозиру-нозир ва тирик, ёрдам сўраган муридларига ёрдам беради, қўллаб-қувватлайди, деб эътиқод қиладилар. Аҳмад Саид исмли олимларига мансуб “Анвари Ризо” номли китобнинг 246-саҳифасида шундай ёзилади: “Аҳмад Ризо Барийлий тирик ва бизнинг орамиздадир, ёрдам сўраганларга ёрдам беради, қўллаб қувватлайди”.

4.    Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғайб илмини—ошкораси-ю, махфийсини, куллий ва жузъийларини биладилар. Ул зотни Аллоҳ барча ғайбий малумотларни биладиган қилиб қўйган. Аҳмад Ризохон “Холису-л-эътиқод” номли китоби 33-саҳифасида шундай ёзади: “Аллоҳ таоло саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саламга “ лавҳу-л-маҳфуз”даги барча маълумотларни ошкор қилган”.

5.    Ғайб масаласидаги фикрларига қўшилмаганларни “кофир”, деб эътиқод қиладилар.

6.    Аллоҳ таоло Росулуллоҳ жанобларига ва баъзи авлиёларга “كن” қудратини берган. Улар нарсаларни яратиш, пайдо қила олиш салоҳиятига эга. Барилавийлар олими деб тан олинган Амжад Алининг ёзишича, “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолонинг мутлақ ноибидир. Олам ул зотнинг тассаруфи остидадир. Хоҳлаганини қилади, хоҳлаган кишисига хоҳлаган нарсасини беради”.

7.    Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошқа оддий инсонлар каби башар эканини инкор этадилар, ул зотни ҳам башар, ҳам илоҳий нур, деб эътиқод қилишади. Бу эътиқодларига айрим Барилавийлар қуйидагича изоҳ ҳам беришган: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Башар. Аммо, бошқа инсонлар каби эмас...

8.    Пайғамбарлар қабрларида ўз аҳли аёллари билан биргадирлар. Аҳмад Ризохоннинг “Малфузот” номли китобида шундай ёзилади: “Пайғамбарларга қабрларида аёллари қўшиб қўйилади. Улар қабрда аёллари билан бирга ухлайдилар”. (Аҳмад Ризохон. Малфузот. 3/267) (бу китобни шахсан ўз қўли билан ёзмаган, балки оғзаки айтиб турган талабалари қоғозга туширган) Уммуҳотил мўмининнинг Росулуллоҳдан кейин турмуш қуришлари шаръан ман қилинганига шуни сабаб қилиб боғлайдилар.

9.    Ўзларидан бошқа тоифалар билан муросасиз бўлиб, айниқса, ваҳҳобийларга нисбатан шафқатсиз ва ҳайратланарли даражада нафратли бўладилар. Уларнинг наздида Ваҳҳобийлар аҳли китоб кофирлардан ҳам баттар, ҳатто, будпараст ва оташпараст мажуслардан ҳам ёмондир. Тоифа раиси Аҳмад Ризохоннинг айтишича, “ваҳҳобий ўлигига жаноза ўқиган киши кофир бўлади”. Шунингдек, “Ваҳҳобий имом никоҳлаган оиланинг никоҳи никоҳ эмас, ваҳҳобийга никоҳ қилдирганлар никоҳи ва иймонини янгилаши керак”. “Яҳудий ва Насронийларнинг сўйган жонлиқлари ҳалол, лекин Ваҳҳобийларнинг сўйган жонлиқлари, агарча минг марта Аллоҳнинг исмини айтсалар ҳам, барибир ҳаромдир” ва ҳоказо нафрат ва адоват туйғулари билан аралашиб кетган фатволар...

10.    Масжид меҳробларига “Ё Муҳаммад”, деб Росулуллоҳнинг исмларини ёзиб қўйиш одатлари бор.

11.    Ҳар намоздан сўнг имомлари  إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِي оятини ўқийди, жамоат эса жўровоз бўлиб саловат айтиш одатлари бор.

12.    Жумъа намозидан сўнг, бутун жамоат халқа бўлиб, доира шаклида ўтирадилар ва баланд овозда жўр бўлиб саловат айтиш одатлари бор.

13.    Маййит чиққан ҳонадон соҳиблари маййит ортидан пайшанба, етти, қирқ ва ҳоказо маросимларга жиддий аҳамият беради, тарк қилганлар маломат ва дашном қилинади. Аҳмад Ризохон вафотидан олдин фарзандларига қилган васиятида: “Ҳафтада икки-уч мартадан, Фотиҳа билан бирга турли-туман таомлар юборишни иложи бўлса ўшани ҳам қилинглар”, дейди. Мумкин буни фақирларга садақа тарзида айтган бўлса...

(Охирги тўрт одатлари аслини олганда аҳли суннна тарафдан жоиз деб баҳоланса-да, бизнинг юрт анъаналарига хилофдир. Бу каби одатларнинг кириб келиши эндигина ихтилофларга барҳам берилиб, аста-аста диний ҳамжиҳатлик таминланаётган ҳалқимиз орасида янги ихтилофлар қўзғаши эҳтимолдан ҳоли эмас.)

МУЛОҲАЗА

арилавийларнинг ақидаси билан танишиб чиқар эканмиз, уларнинг этиқод ва одатлари аҳли суннат ақидасига зидлигига, ўз йўналишларида мутаассиблиги ва бошқа адашган оқимларга нисбатан ҳаддан зиёд нафратлари туфайли, шаръий чегарадан чиқиб кетганлари ва ўзлари билмаган ҳолда такфирчилар сафига кириб қолганларини англаб етамиз. Юртимиз аҳли илмлари, олимлар ва толиби илмларга шу лозимки: ҳалқимизни бу каби мутаассиб тоифалардан огоҳ этмоқ зарур. Бугунги кунда ҳалқимизнинг тасаввуфга ихлосманд қатлами орасида Барилавийларнинг фикрларига қўшилиб қолганлар ҳам онда-сонда учраб турибди. Улар ҳам аввало бу тоифанинг асл ҳақиқатини пухта ўрганиб, сўнгра хулоса қилсалар яхши бўларди. Аллоҳ ҳеч биримизни ҳидоятдан адаштирмасин!

ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР (КАЛИТ СЎЗ БЎЙИЧА)

Барлавийлар ҳақида