loader
Foto

Саҳиҳ ҳадиснинг ҳукми

Саҳиҳ ҳадис шариатнинг ҳужжатларидан биридир. Мусулмон киши унга амал қилишни тарк этиши мумкин эмас.

Агар умматнинг кўпчилиги унинг хилофига амал килса ҳам, саҳиҳ ҳадисга зарар етмайди. Чунки кўпчиликнинг гапи ҳужжат бўла олмайди, қолаверса, уларга ҳадис етмаган бўлиши ҳам мумкин.

Агар бирор киши амал қилмаса ҳам, саҳиҳ ҳадисни қабул қилиш лозимдир.

Фақат биргина саҳобийнинг ривоят қилиши ҳадиснинг саҳиҳлигига зарар етказмайди.

Ҳар бир саҳиҳ ҳадис ҳам оммага айтилавермайди. Бу ҳукмнинг далили қуйидаги ҳадисдир.

Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Уфайр номли эшакда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларига мингашиб борар эдим. Ул зот: «Эй Муъоз, Аллоҳнинг бандаларидаги ҳаққи нимаю бандаларнинг Аллоҳдаги ҳаққи нима эканини биласанми?» дедилар.

«Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчидирлар», дедим.

«Албатта, Аллоҳнинг бандаларидаги ҳаққи уларнинг Аллоҳга ибодат қилишлари, Унга бирор нарсани ширк келтирмасликларидир. Бандаларнинг Аллоҳ азза ва жалладаги ҳаққи эса ким Унга бирор нарсани ширк келтирмаса, ўшани азобламаслигидир», - дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, одамларга башорат берайми?» дедим.

«Уларга башорат берма, яна суяниб қолмасинлар», дедилар».

Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилган.

Бу ҳадисдан агар хабар кўпчилик орасида тушунмовчилик келтириб чиқарадиган бўлса, хушхабар бўлган чоғида ҳам кўпчиликка айтмай туриш лозимлигини тушунамиз. Мусулмонлар орасида тушунмовчилик чиқиши, амалдан қолиш хавфи каби нарсаларга қарши эҳтиёт чораларини кўриш зарурлигини билиб оламиз.

Чунки ушбу ҳадисда одамларни Аллоҳнинг ибодатига чақириш, У зотга ширк келтирмасликка чорлаш бўл-са ҳам, одамлар буни нотўғри тушуниб, аксинча маъно беришларидан, унга суяниб қолиб, амални тарк этиб қўйишларидан чўчиб, хабарни тарқатиш ман қилинди.

Ҳадисларда, хусусан, саҳиҳ ҳадисларда келган маълумотлар ҳақида «бу ақлга тўғри келмайди», «бўлиши мумкин эмас» каби гапларни айтиш мутлақо мумкин эмас. Бунинг ўрнига «Бу гапни тушуниб етишга менинг илмим етмаяпти» дейиш керак бўлади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ

"Мусталаҳул ҳадис" китобидан