loader
Foto

Фиръавн қиссасидан ўнта ибрат

1. Фиръавннинг қиссасидан ўргандимки, Аллоҳнинг қадари барибир устун келар экан, ундан қутулиб бўлмас экан... У Мусо келмаслиги учун минглаб чақалоқларни сўйди, аммо Аллоҳнинг иродаси билан уни ўз уйида тарбия қилди.

2. Фиръавннинг қиссасидан ўргандимки, қалб Аллоҳнинг измида экан, инсонларнинг измида эмас экан... Мусо онасининг бағридан маҳрум бўлган пайтда Аллоҳ унга Фиръавннинг аёлининг қалбини юмшатди... Фиръавн уни онасидан маҳрум қилмоқчи бўлди, аммо Аллоҳ унга онасининг ўрнига бошқа она берди.

3. Фиръавннинг қиссасидан ўргандимки, ҳеч ким ҳеч кимни залолатга кетказа олмас экан... Эй Фиръавн! Сен қасрингда: «Мен сизларнинг энг олий Роббингизман» дер эдинг, аммо сенинг хотининг Осиё ёнингдаги хонада «Субҳаана Роббиял аълаа» (Олий Роббимни поклаб ёд этаман) дер эди.

4. Фиръавннинг қиссасидан ўргандимки, қалби бир-бирига мутлақо бегона аёл ва эркак бир уйда яшаши мумкин экан, эр-хотинни уй эмас, қалб бирлаштирар экан.

5. Фиръавннинг қиссасидан ўргандимки, мўминни иймонидан ҳеч нарса қайтара олмас экан... Эй Фиръавн! Сенинг лашкаринг иймонга келган сеҳргарларни қўрқита олмади, қайнаб турган ёғинг иймон келтирган ходима аёлни чўчита олмади.

6. Фиръавннинг қиссасидан ўргандимки, қон сувга айланмайди... Мусонинг опаси уни онасига қайтариб берди: «У Фиръавннинг саройига бориб, «Сизларга Мусони эмизадиган аёл топиб берайми?» деди. Онани олиб келишди, Мусо уни эма бошлади. Фиръавн ва унинг аҳли Мусони эмизишга аёл топилганидан, Мусонинг онаси эса фарзандига етишганидан хурсанд эди. Мусонинг акаси Ҳорун шу қадар ҳаким зот эдики, Мусо унинг ўзидан тили бурролигини ҳеч иккиланмай эътироф этар эди: «Роббим, менинг тилимда бир оз дудуқлик бор. Акам Ҳорунни ҳам мен билан бирга пайғамбар қилиб юборгин, мен келтирган динни тасдиқласин. Унинг мендан кўра тили бурророқ, Фиръавн билан тортишувларда менга ёрдам беради.

7. Фиръавннинг қиссасидан ўргандимки, банда ўзининг кушандасини ўз қўли билан тайёрлар экан. Эй Фиръавн! Агар қавминг ўзи эгилиб, сени елкасига миндириб олмаганида, сен ўзинг уларнинг елкасига чиқа олмаган бўлардинг. «У қавмини лақиллатди. Улар унга итоат қилдилар, чунки фосиқ қавм эдилар». Фиръавн ўзининг бўлар-бўлмас гаплари билан қавмини лақиллатди. Улар Фиръавннинг ёлғон гапларига учиб, унга бўйсуниб, Мусо алайҳиссаломдан юз ўгирдилар. Фосиқ бўлишмаса, Мусо алайҳиссаломнинг гапига кириб, Аллоҳнинг йўлига юришар, Фиръавнга итоат қилишмас эди.

8. Фиръавннинг қиссасидан ўргандимки, Аллоҳ бандасига ёрдам беришни ҳоҳласа, имкони йўқ нарсани муҳайё қилиб берар экан. У Зот Мусога суянишдан, қўй ҳайдашдан бошқа нарсага ярамайдиган оддий ҳассани сабаб қилиб ёрдам берди. Аллоҳ бандасини мағлуб қилишни хоҳлаган эди, сон-саноқсиз лашкарнинг ўртасида турган Фиръавнни ҳам мағлуб қилди.

9. Фиръавннинг қиссасидан ўргандимки, бу дунёдаги барча ишларнинг сабаблари Аллоҳ учун эмас, инсонлар учун экан. Эй Фиръавн! Чақалоқ тушиб кетса, чўкиб кетадиган дарё сен ўлдирмоқчи бўлиб излаб юрган чақалоқни қўлингга келтириб берди, кемасиз ўтиб бўлмайдиган дарёдан Мусонинг қавми пиёда ўтди.

10. Фиръавннинг қиссасидан ўргандимки, бу дунёдаги ҳар бир нарса Аллоҳнинг лашкари экан. «Роббингнинг лашкарларини Ўзидан бошқа ҳеч ким билмас». Уларнинг сони, қуввати ва бошқа жиҳатларини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади. Аллоҳ бир банда ёки бир қавмга бало юборса, бу балонинг воситасини Ўзи танлайди... Эй Фиръавн! Сен лашкар тортиб келганингда Аллоҳ таоло ҳам Ўзининг лашкарини олиб келишга қодир эди, аммо сен бунга арзимас эдинг... Аллоҳ таоло ҳамма тирик нарсаларни сувдан яратган эди, аммо сени ўша сув билан чўктириб ўлдирди.

Муҳаммад Нофеъ Муҳаммад Амин таржимаси