loader
Foto

Ислом насроний ва яҳудийларнинг манбаларидан олинганми?

Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам қандай қилиб насроний ёки яҳудийлардан олган, деган саволга жавоб тарзда Р.А.Николсон бундай дейди: “Биз бутпарастликни инкор қилган ҳанифлар ва насроний зоҳидлар ҳақида кўп эшитганмиз. Даъватдан олдин Муҳаммад уларнинг бир нечтаси билан муомалада бўлган, Макка карвонлари билан савдо сайёҳатларида бўлган. Шу тарзда у оғзаки билимларга эришган ва ўзини билимсиз қилиб кўрсатган”. Шуни унутмаслик керакки, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам бутпарастларнинг орасида вояга етган, Қуръон эса тавҳидни илгари суради.

Р.А.Николсоннинг ўйларига қуйидагича жавоб берилади. Маккада жуда кам ҳанифлар бўлганлиги маълум. Лекин уларнинг на черковлари, қўлларида на муқаддас манбалари бўлган. Уларнинг эътиқоди борасида алоҳида ҳужжатлар ҳам йўқ. Мумкинки, улар кам сонли Маккалик насронийлар бўлган. Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламнинг илмли насронийлар ва яҳудийлар билан алоқаси жуда чегараланганлигига тарих саҳифаларини титкилаб гувоҳ бўлишимиз мумкин. Ул зот Варақа бир Навфал билан бор-йўғи икки маротаба учрашганлар. Ул зотнинг Варақа билан биринчи учрашуви Каъба олдида бўлган. Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламни кўргач, яқинлашиб бошларидан ўпиб қўйган. Иккинчи учрашув эса дастлабки ваҳий тушгач, содир бўлди. Уч йилдан сўнг Варақа вафот этади, ваҳий эса 23 йил давомида тушиб турди. Насронийлар Нажронда, Яманда ва бир қанча яҳудийлар Ясрибда ҳам бор эди. Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламнинг Нажронда нубувватдан олдин ҳам, кейин бўлганлиги қайд этилмаган. Ваҳийдан олдин ул зот Мадинада бир маротаба бўлганлар. У ҳам бўлса 6 ёшларида онаси билан қариндошлариникига ва оламдан ўтган оталари қабрига зиёратга борганлар. Шундан келиб чиқиб, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам икки шаҳар ўртасида яширинча қатнаб юриши мумкин эмас. Бундай усул билан Қуръон жамланишининг умуман иложи ҳам йўқ. Баъзи танқидчилар Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламни яҳудийлар ва насронийлар билан баҳслашганини айтишади. Буни  эса ҳатто Қуръон ҳам тасдиқлайди. Фақат бу баҳслар Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламнинг 13 йил Маккада яшаб, сўнг Мадинага кўчиб ўтганларидан кейин бўлган. Ушбу баҳсларгача эса Қуръоннинг 3 дан 2 қисми тушиб бўлган эди.

Мавжуд барча ҳужжатлар ваҳийдан олдин Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламнинг Маккадан бошқа жойларга сафар қилганларини кўрсатади. Демак, 6 ёшларида оналари билан Мадинага, 11 ёшларида тоғалари Абу Толиб раҳнамолигида Сурияга, 25 ёшларида Хадижа розиллоҳу анҳонинг карвонини Сурияга бошлаб борганлар.

Жамол Бадавий дейдики: “Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам  иш билан сафар қилиб, тўсатдан яҳудийлар ва насронийларни учратиб қолиб, улардан янги қудратли дин тузиш учун ҳар икки дин тўғрисида етарли даражада маълумотларни ола билган, деган назарияга ишониш жуда-жуда қийиндир”.

Юқорида билдирилган эътирозлар, назарияларлардан келиб чиқиб қуйидаги 6 та саволни ўртага ташлаймиз:

1. Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ҳақида кўплаб тарихий ҳужжатларни йиғиб, неча асрлар давомида у кишининг ҳаётларини кенг тадқиқ қилиб, нима учун танқидчилар ҳалигача ул зотнинг махфий ўқитувчисини топа олишгани йўқ?

2. Маълумки, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам 13 йил таъқиқ остида юрганлар. Шу йиллар мобайнида шунча кўп душманларга ул зотнинг даъватлари ёлғондан иборатлигини исботлаш қийинмиди?

3. Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам одамлар орасида вояга етганлар ва у кишининг ҳаёт тарзи ҳаммага маълум бўлган. Айниқса, қулдорлик ҳаёт тарзининг ўзига хос очиқлиги бор. Ул зотни яхши билган қариндошлари, замондошларидан баъзилари у кишининг даъватларига даставвал шубҳа қилиб, барибир ҳақ эканликларига қандай қилиб ишонишган?

4. Дунёни ўзгартира олган динни Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламга қайси ўқитувчилар доимий равишда ўргатиб келган экан? Нимага бу ўқувчи ҳақида ўқитувчилар ҳеч фикр билдиришмаган ёки ўзларини ошкор қилмаганлар?

5. Қандай қилиб Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламнинг замондошлари бўлган кўплаб яҳудий ва насронийлар у кишининг бошқа илоҳий манбалардан маълумотларни олганлигини билиб, мусулмонликни қабул қилишган экан?

6. Маълумки, қатор Қуръон оятлари Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламга одамларнинг олдида тушган. Қуръон 23 йил давомида нозил бўлган. Ўша вақтларда “ўқитувчилар” қаерда бўлишган? Улар қандай қилиб узоқ йиллар яшириниб юрган? Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳар доим одамлар, саҳобалар орасида юриб, ҳеч нарса фош бўлмаган 23 йил давомида қандай қилиб ўша “ўқитувчилар”ини махфий зиёрат қилиб келганлар?

Қуръоннинг юзага келиши, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламнинг нубувватлари, Исломнинг ҳақ билан ботилни ажратиб ташлаган қонунлари, инсонлар тенглигини очиқ кўрсатиб берган нур ва бошқа шу каби фазилатларни кўра олмайдиган одамлар ҳар хил камчиликлар топиш ниятида Қуръоннинг манбаи ҳақида баҳс юритиб, чалғитишга ҳаракат қиладилар. Асрлар оша ҳар қандай гаплар, назариялар ўйлаб топишмасин, кўриб турганимиздек барча-барчаси исбот-далилсиз бўлиб чиқмоқда. Дунёдаги ҳеч бир инсоннинг ҳаёти Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари каби ўрганилмаган, тадқиқ қилинмаган. Ҳеч бир инсоннинг ҳаёти ул зотнинг ҳаётлари каби жамиятга кундай равшан эмас. Шу бугунга қадар Исломдан, Қуръондан бирорта асосли камчилик топа олишмаган.

Доктор Али мақоласи асосида

Абу Муслим тайёрлади