Саудия Арабистони билан яқинлашиш Туркиянинг минтақавий сиёсати учун бир қатор муҳим афзалликларни ваъда қилмоқда.
Бу фикрга Туркия Артуклу университети Сиёсатшунослик ва халқаро алоқалар бўлими мудири Нежмеддин Аджар ҳам қўшилади.
Унинг сўзларига кўра, Туркия-Саудия муносабатларидаги илиқлик минтақада Туркияга қарши кайфиятнинг заифлашишига олиб келади, шунингдек, Анқаранинг Қоҳира ва Тел-Авив билан мулоқотини ривожлантиришга ёрдам бериши мумкин.
Аджарнинг фикрича, Туркия ва Саудия Арабистони ўртасидаги музокаралар Анқара сўнгги йилларда дуч келган иқтисодий қийинчиликларни бартараф этишга ҳам ҳисса қўшади. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг ар-Риёдга ташрифидан сўнг Саудия Арабистонига турк маҳсулотларини олиб киришга қўйилган “сўзсиз эмбарго” бекор қилиниши ва турк компаниялари Саудия бозорида яна фаол ишлай олиши кутилмоқда.
“Шу билан бирга, Форс кўрфазидаги араб давлатлари нефть долларларидан минтақадаги ўз таъсирини кенгайтириш воситаси сифатида фойдаланаётгани ҳеч кимга сир эмас, бу эса уларга бир қатор мамлакатларнинг сиёсий йўналишини манипуляция қилиш имконини беради. Миср, Покистон, Баҳрайн ва Ливан бунга ёрқин мисолдир. Ар-Риёдда улар Туркияга қарши худди шундай “иқтисодий восита”ни қўллашга уриниши мумкин ва Анқара бунга тайёр бўлиши керак”, деди Ажар.
“Араб баҳори” бошланганидан кейин Анқара ва ар-Риёднинг минтақавий йўналишидаги фарқларга қарамай, АҚШнинг амалда хавфсизлик кафолатларининг кутилмаганда заифлашиши, Хитойнинг “Бир камар бир йўл” лойиҳасининг иқтисодий афзалликларидан фойдаланиш истаги ва минтақа иқтисодиётидаги рақобат каби омиллар икки давлат ўртасидаги мулоқотга ҳисса қўшиши мумкин ”, деб ҳисоблайди эксперт.
Эҳтимол, икки давлатнинг биринчи навбатда иқтисодий соҳада белгилаб берилган яқинлашуви тез орада геосиёсий рақобат соҳасида ҳам ўз аксини топиши мумкин, дея қўшимча қилди у.