Афғонистон шимолидаги Фарёб вилояти маркази Майменда юзлаб ўзбек «Толибон» жангарилари ўз қўмондони ва маҳаллий полиция бошлиғи Маҳдум Алам ишдан бўшатилиши ортидан норозилик намойиши ўтказди, деб хабар бермоқда Яқин Шарқдаги The National нашри.
ОАВ маълумотларига кўра, Маҳдум Алам Мозори Шарифда (Афғонистон шимолидаги Балх вилояти) уч аёлни ўғирлаганликда айбланиб, Афғонистон Мудофаа вазири ўринбосари буйруғи билан ишдан бўшатлган ва шу асосда ҳибсга олинган. Айни пайтда ўзбек толиблари ўз қўмондонини ишдан бўшатиш сабаби унинг миллати, деб ҳисоблайди.
The National ёзишича, намойишчи толиблар Аламнинг айбдор эмаслигини таъкидламоқда. Намойишлар чоғида улар вилоят губернаторлиги биносини ўраб олишди ва бир неча пуштун толибларини қуролсизлантиришди.
Афғонистон «Толибон» ҳукуматидаги Бош вазирнинг иккинчи ўринбосари, этник ўзбек Абдул Салам Ҳанафий Твиттерда Фарёбдаги намойишчилар билан музокаралар олиб бориш учун делегация юборишга чақирди.
Ўтган август ойида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон» гуруҳи асосан пуштунлардан иборат. Афғонистоннинг бошқа миллат вакиллари аввалроқ «Толибон»ни этник зулмда айблаган эди.
"Ўзбеклар ва туркманлар ҳукуматда вакили бўлишни истайди. Улар шаҳар марказида чодирлар ўрнатиб, талаблари қондирилмагунча митингни давом эттирадилар", - дея нашрнинг сўзларидан иқтибос келтирган норозилик намойишлари гувоҳларидан бири.
Шу билан бирга, The National нашрининг ёзишича, ўзбек жангариларининг норозилик кайфияти 13 январ оқшомига қадар бостирилган. Энди пуштун жангарилари Фарёбнинг жануби-ғарбий қисмидан вилоятга йўл олмоқда.